Бугун Ўзбекистонда миллий валюта – сўмнинг муомалага киритилганига 19 йил тўлди.
1994 йил 1 июлида муомалага чиқарилган ўзбек сўми дастлаб 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўмлик купюралар шаклида чиқарилган. Шунингдек, ўша пайтда 1, 3, 5, 10, 20 ва 50 тийин қийматидаги тангалар ҳам муомалада бўлган.
Ўшанда 1 АҚШ доллари 6 сўмга тўғри келган. Орадан ўтган 19 йил ичида ўзбек сўми, Марказий банк курси билан ҳисоблаганда, қарийб 350 баробар, қора бозор курси билан, 455 баробарга қадрсизланди.
1997 йилда 200 сўмлик купюралар пайдо бўлган. 2000 йил июнидан 500 сўмлик, 2001 йил сентябридан 1000 сўмлик купюралар муомалага киритилган.
Жорий йил 1 июлдан эса 5000 сўмлик купюралар муомалага киритилиши эълон қилинди.
Ҳозирда 1, 3, 5, 10 ва 25 сўмлик қоғоз пуллар ва тангалар муомаладан чиқиб кетгани кузатилади. Ҳали ҳам онда-сонда учраб турадиган 50 сўмлик пулга бир қути гурурт сотиб олиш мумкин, холос.
Янги жорий қилинган 5000 сўмлик банкнотанинг қадри Марказий банк курси бўйича 2,4 АҚШ долларига, қора бозор курси бўйича 1,8 долларга тенгдир.
Қиёслаш учун, қўшни Қирғизистонда ҳам энг йирик банкнота 5000 сомликдир. Лекин унинг қадри 100 АҚШ долларидан ортиқроққа тўғри келади. Қозоғистоннинг энг йирик 10000 сўмлик банкнотаси 66 АҚШ доллари туради. Тожикистоннинг энг йирик пули 100 сомоний 20 АҚШ долларидан қимматроқ. Туркманистонда муомаладаги энг йирик 100 манат 35 АҚШ долларига тенгдир.
Ўзбек сўми жорий қилинганидан бери камида 350 баробарга қадрсизланиши сабабларидан, мутахассислар, ҳукуматнинг пул-кредит сиёсати ҳамда мамлакат иқтисоди бошқарилувидаги ноқисликларни қайд этишади. (Ozodlik).
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |