Бугунги реаллик

tilamchiСергей Ежков: Ислом Каримов ҳақиқий аҳволдан бехабар

Дилором Исҳоқова: Каримов аслида ҳақиқий аҳволни яхши билади

“Шанба куни гўё СПИДга қарши кураш баҳонасида бозор жойлари тиламчилар, ночорлар ва мардикорлардан тозалана бошланди. Бечоралар оила боқиш учун қишлоқлардан келишганди” – дейди Тошкентдаги “Чорсу” бозорида савдо қилувчи Жаҳонгир Шосалимов.

“Ислом Каримовнинг гапидан кейин бозордаги одамлар орасида президентга нисбатан нафрат ва ғазаб кучайди. Айниқса, вилоятлардан келганлар унинг бу гапларидан ғазабда”.

Бир неча кун олдин Жиззахга борган пайти Ислом Каримов Совет даврида Эски Жўвани оралаб, ҳар ҳафта йўқсилларга садақа улашиш одати ҳақида гапирган ва ҳозир у ерларда тиламчи қолмаган, деб таъкидлаганди.

“Бир вақт шунга текшириш учун шу ёққа бориб, айланиб, қидирсанг тополмайсан тиланчини ҳозир. Худога шукур қилиш керак. Йўқ. Жиззахда борми кимдир қўлини тортиб, сўраб ўтирганлар? (Атрофдагилар “йўқ, йўқ” дейишади). Эътибор беринглар шунга. Ман эътибор бераяпман шунга”

Ушбу сафари давомида Президент Каримов Москвада кўча супураётган ўзбекларни дангасалар, деб атаб улардан жирканишини айтган ва айни шу гаплари ижтимоий тармоқларда кўплаб норози ҳамда ғазабнок фикрларга етаклаганди. Эндиликда тиламчилар йўқ деган фикрига ҳам муносабатлар кучаймоқда.

Ислом Каримовга кўра, у ҳозир борган жойларида тиламчи йўқлигига эътибор қаратмоқда

Бозорда ишловчи суҳбатдошимиз Президент Каримовнинг бозор оралаб юриб, ҳозир гадойларни кўрмаяпман, деган гапидан ҳайратини асослашга ҳаракат қилади.

“Ислом Каримов келмаганига ҳам 6-7 йил бўлди. Охирги сафар ҳам атрофи қаттиқ тўсилганди. Бунақа ташриф пайтлари юз минглаб қуроллилар сафарбар этилади. Оддий одамлар унинг ёнига ҳам боришолмайди. Президентга яқин боришдан у бечораларнинг юраги ёрилиб кетади”.

Бехабар президент

“Ислом Абдуғаниевич машинадан туриб ночорларни кўрмаса керак. У борадиган жойларда қашшоқларни қолдиришмайди” – дейди Тошкентдан журналист Сергей Ежков.

“Агар бирон мулозим президент олдидан бирон гадой чиқиб қолишига йўл қўйса, тамом, уни ишдан бўшатиб юборишади”.

Сергей Ежков ўзининг uzmetronom.com вебсаҳифасида Ўзбекистонда тиламчилар кўпайгани ҳақида ёзади.

“Истаган емакхонадан овқатланиб чиқинг, истаган бозор ёнига боринг, ёнингизга садақа сўраб келишади” – дейди журналист.

Кўпчиликнинг айтишича, тиламчилар ҳатто ривожланган ва бой мамлакатларда ҳам учрайди. Фақат улар бу ҳолатни рад этишмасдан, аксинча, муаммонинг сабаблариин бартараф этишга киришадилар.

Россия ё Қозоғистонга кета олмаган ночор ва ишсиз ўзбеклар, катта шаҳарларда мардикорликка чиқишади

Ўзбекистонда эса мавжуд ҳолат нафақат рад этилади, балки унинг йўқлигини исботлаш учун тиламчилар аҳволини яхшилаш эмас, балки уларни кўчалардан ҳайдаш ва ё қувиш каби чоралар кўрилади.

Журналист Сергей Ежковга кўра, Ислом Каримов ҳақиқий аҳволдан бехабар. Бироқ Тошкентдан шоира Дилором Исҳоқованинг айтишича, Президент Каримов аслида ҳақиқий аҳволни яхши билади, аммо ўзини билмаганга олади.

“Бу ерда мақсад – президент бечора ҳақиқий аҳволни билмайди, деган фикрни халқ онггида шакллантириш. Одамлар президент бехабар, ҳаммасига ҳокимлар, ўртадаги мулозимлар айбдор, амалдорлар президентни алдашади, деб чалғисинлар деган мақсадда айтилади бу гаплар” – дейди Дилором Исҳоқова.

“Агар президент ўз халқи ҳаётини билмаса, у президент эмас, у миллатнинг отасиман, деб кўкрагига уришга ҳаққи йўқ!”(BBC).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.