Ризо Обидов

RizopodpisЯхшининг бошига иш тушса ўзини тузайди…

Нуфузи 30 миллиондан ортди, дейилаётган Ўзбекистон халқининг, яъни ўша мамлакатнинг ҳоҳ ичкарисида, ҳоҳ ташқарисида яшаётган сизу биз ватандошларнинг бошимизга иш тушганига анча бўлди.
Халқимизда нақл бор: яхшининг бошига иш тушса ўзини тузайди, ёмоннинг бошига иш тушса ўзини бузади.
Дарвоқе, мустабид тузум дастидан азият тортмаган киши қолмаган бўлса керак. Кўпчилик зулмдан қутулишнинг йўлини қидиришяпти. Аммо афсуски уни енгиб, чинакам озодликка чиқиш йўлини ҳозирча ҳеч ким аниқ кўрсатиб бера олмаяпти. Фикримча ҳар бир чигал ҳолатдан чиқиш йўли бор.
Шу жумладан диктатурадан халос бўлишнинг ҳам. “Вой дод, зулмнинг остида қолдим”, деб соч юлиб айюҳаннос солавериш ҳам юқоридаги айтганимиз ёмоннинг бошига иш тушса ўзини бузади, дегандай ҳолдир. Интернетдан фойдаланишни ўрганганимдан буён минглаб ватандошлар билан танишдим, мулоқотлар қилдим. Айримларидаги иқтидорни кашф этдим ҳам. Улар орасида Ислом Каримов ҳукумати сиёсатини оз бўлсада ёқлаётганлари ҳам бор эди. Ундайларни ўз фикридан қайтишга қанча саъйи ҳаракатлар қилманг ўз билгича қолганларини сафлардан ўчиришга тўғри келди.
Бугун интернетнинг оддий фойдаланувчиси мақомидан халқаро журналистиканинг Замондош номли мультимедиа блогини яратишгача етган чоғимиз, таъбир жоиз бўлса ғалвир сувдан кўтарилганда мағиз-маънили фикрловчи , ватан учун чинакам фидойилар сараланиб қолди. Замондош бугун чет эллардаги ўзбек ОАВлари орасида салмоқли сўз қудратига эга нашрга айланди.
Табиийки шунга яраша нашрнинг ҳалол ва ноҳалол рақиблари ҳам пайдо бўлди. Ҳаттоки айрим ўзбек кучишлатар тизимлар билан ва бошқа мамлакатлар хуфя ташкилотлари билан яқиндан ҳамкор, бемалол уйига бориб келиб юрган сиёсий қочоқ мақомидаги айрим ўзича сиёсатчи, журналист, ҳуқуқбонлар Замондошни ёмонотлиққа чиқариш учун чираниб ҳам қолишди. Уларга 45 йиллик журналистика соҳасидаги тажрибамдан келиб чиқиб: “чиранма ғоз, ҳунаринг оз”, дейишдан ўзга сўз йўқ.
Дарҳақиқат , ундайларга биз кўпда парво ҳам қилмаймиз, лекин бепарво ҳам қолмаймиз. Улар ўзларининг ёрлиқларини бизга илиш учун ҳарчанд уринишмасин, бунинг уддасидан чиқа олишмайди. Чунки уларда бунга асоснинг таги йўқ.
Бизда эса уларнинг махфий хизматларга ҳамкорлик қилишаётганликларига мантиқий асослар етарли. Кези келганда улар халқ олдида жавоб беришларига ишончимиз комил. Айрим ўзича мустақил сиёсий ҳаракат, фирқа яна қандайдир ташкилот аталгувчи ва унинг мустақил матбуотининг гўёки “жонкуяр”лари каби қўпорувчилик билан шуғулланаётганларнинг ниқоблари аллақачон номусини бевақт йўқотган аёл каби йиртилиб бўлган.
Уларнинг ҳам аслида юқорида айтганимдай бошларига иш тушган. Бирининг фарзанди қамалгани учун, уни озод қилиш эвазига сотилиб қолган. Яна бошқасини акаси, отаси қамалиб сотилган. Яна бири эса пулга мазахўрак бўлган. Яна бир тоифаларининг асаби бўш, бардоши йўқ. Уйдаги онаси, опаси ва ҳакозоларини соғиниб сотилиб қолганларини ҳам кўряпмиз. Бунақа хуфя хизматга сотилганларнинг уруғи кўп, тури кўп.
Вақт ҳакам, уларнинг барчаси ўз қилмишига яраша албатта жазосини олажак. Лекин ўшанақа ватанни, миллатни, халқни сотиб унинг нонини еб юрган гумроҳларга айтмоқчимизки, бошингизга иш тушдими, айрим шаллақи хотинларга ўхшаб сочингизни юлиб дод-фарёд солманг, аксинча хулқингизни тузатинг. Ўзингизни тузагач атрофингиздаги ҳамма ҳолатлар ўз-ўзидан ўнглана бошлайди. Ишонмасангиз ҳам мени айтганимни қилиб кўрингга, ўзгаришларни кўрасиз. Бор гап шу.

Источник-Манба: http://www.zamondosh.blogspot.com/2013/06/blog-post_6484.html#more

%d bloggers like this: