“Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ… Одам жирканади, ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!
Энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни”
Жиззах ва Сирдарё вилоятига сафар қилган президент Ислом Каримов хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳақида айтган бу сўзларини қандай талқин қилиш мумкин?
Би-би-си Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи, Жоанна Лиллисга боғланди.
Жоанна Лиллис: Менимча, жаноб Каримов томонидан қилинган изҳоротнинг вақти эътиборга лойиқ. У муҳожирларга нисбатан камситувчи гапларни кеча айтди, ундан бир кун аввал эса АҚШ давлат департаментининг йиллик ҳисоботида Ўзбекистон инсон савдоси даражаси бўйича бир поғона пастга, яъни энг паст поғонага тушгани айтилганди. Бу жаҳон бўйича инсон трафикинги соҳасида Ўзбекистон аҳвол энг абгор бўлган давлатлар қаторида эканини англатади. Менинг фикримча, бу изҳоротнинг айни шу ҳисоботдан кейин янграётгани Тошкентга трафикинг бўйича энг паст даражага туширилиш оғир ботгани белгиси бўлиши мумкин. Кўринишича, президент Каримов бу борада ғазабини хорижда ишлаш учун кетган муҳожирларга қаратганга ўхшайди.
Би-би-си: Сиз бу изҳоротни камситувчи, дея атадингиз. Бу сўзларни Россияда ишлаб юрган миллионлаб ўзбекистонликлар ва балки уларнинг ватанда қолган яқинлари ҳақорат сифатида қабул қилишлари мумкинми?
Жоанна Лиллис: Албатта, бу сўзлар камситувчидир. Жаноб Каримов “дангаса, тиламчи, шармандалик”, – деган ибораларни ишлатди. Бу сўзлар айнан бировга тўғридан-тўғри қаратилмаган, умумийроқ маънода айтилган бўлса ҳам, маъносидан айнан меҳнат мухожирларига қаратилгани аниқ. У ишлатган сўзлар камситувчи ва ҳақоратли эканига шубҳа йўқ. Хорижда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожилар бу сўзларни эшитсалар, албатта ўзларини ҳақорталнган ҳис қилишлари мумкин. Хорижда ҳозирда миллионлаб меҳнат мухожирлари ишламоқдалар, ортда қолган яқинлари уларнинг уйга юбораётган пулларига яшайдилар. Бу пулларни ишлаб топиш учун муҳожирлар жуда оғир меҳнат қиладилар. Албатта, мен улар учун бу ҳақорат деб айта олиш мавқеида эмасман, лекин улар буни шундай қабул қилишлари эҳтимоли жуда катта.
Би-би-си:Президент Каримов “ҳеч ким Ўзбекистонда очдан ўлаётгани йўқ,” – деб айтди, у ишсизлик ва амалдаги вазиятни тан олмаяпти, деб айта оламизми?
Жоанна Лиллис: Менимча, хорижга йўл олган кўплаб муҳожирлар ватанда ишлаш имкони топа олмаганлари учун кетганлар. Иш топган ҳолларида ҳам маошлари етарли бўлмаган ҳоллари бор. Ўзбекистонда ишсизлик расман 5 фоиз деб айтилган. Лекин бу рақам ортида улкан яширин ишсизлик муаммоси бор. Ўзбекистонда кўплаб ишсизлар фермерлар сифатида қайд қилинган, улар бир парча ерда ишлаб, бунинг ортидан ҳеч қанай пул топмаётган бўлсалар ҳам иш билан таъминланган ҳисобланадилар. Хуллас, Ўзбекистонда иш топиш имконлари кам, яширин ишсизлик улкан, маошлар етарли эмас. Ана шулар туфайли инсонлар хорижга хоҳлаганлари учун эмас, мажбур бўлганлари учун кетмоқдалар. Жаноб Каримов ана шу воқеликни кўришдан бош тортаяпти, менимча. Ўзбек оилалари юз тутаётган муаммоларни кўрмаяпти.
Би-би-си: Жаноб Каримов “шармандалик” иборасини ишлатди. Аҳвол сиз айтаёгандек бўлса, президент мамлакат раҳбари ва иқтисоднинг аҳволи учун масъул шахс сифатида бу “шармандалик” учун масъул бўлиши керакми сизнингча?
Жоанна Лиллис: Албатта, мамлакатда бир шахс 20 йилдан кўпроқ раҳбарлик қилиб келаётган бўлса, жорий аҳвол учун у жавобгар бўлмай ким бўлади? Мамлакатда аҳвол қандай бўлмасин президент Каримов бу вазиятнинг вужудга келишига масъул бўлган асосий шахслардан биридир. Агарда у хорижга иш топиш учун кетиш шармандалик, деб ўйласа албатта уларни бунга мажбурлаган шароитни яратган киши сифатида у ҳам бу шармандаликка шерик бўлиши керак. Одамлар Россияга дангаса бўлганлари учун эмас, пул топишлари керак бўлгани учун кетмоқдалар. Бу сўзларни эшитиб, ўзларини ҳақоратланган сезган муҳожирлар албатта уларнинг тақдири учун президент Каримов бир қадар масуъл эканлигини ҳам ҳис қиладилар.(BBC).
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |