Ризо Обидов

RizopodpisЭсдаликлар

Қишлоқ қизлари ҳозир билмадимку авваллари сочларини қатиқ суриб ювардилар. Буни қаёқдан биласан, десангиз мактабдаги партадош қиздан сўрагандим.

– Нега сандан доим қатиқ ҳиди анқиб туради?
– Сочимни ёғли қатиқ суриб юваман, балки шундандир…
– Нега қатиқ, совунлаб ювсанг бўлмайдими?
– Бўладику, лекин совунлаб ювса тўкилиб кетади, ёғли қатиқ эса сочни қалинлаштиради.
…Қизлар ўша кезларда қўлларига хина, қошларига ўсма қўйишарди, ҳозиргидай турфа атир-упа сотадиган дўконлар йўқ эди. Атторлик дўконлари бўларди. Қизларнинг тақинчоқлари ҳам табиий эди.
Айниқса қалампирмўнчоқнинг хушбўй атрини эсласам ҳануз димоғимга ургандай бўлади.
Кейин қизлар йигитларга четига шокила тўқилган рўмолча ҳадя қилишарди. Қизнинг рўмолча ҳадя этиши, демак уни олганга кўнгли борлигидан далолат бўларди.
Тўғри, рўмолча яқин дўст ёки қариндош бўлганларга ҳам совға қилинарди, аммо унинг йўриғи бошқа эди. Четига шокила тўқилган рўмолчага қиз бармоқларига сурилган хушбўйлар иниб, унинг ифори маст қиларди кишини. Ҳамма ҳам умри давоми билмадим қанча ҳадялар олади, қимматбаҳо совғалар олади, ҳисоби бўлмаса керак.
Лекин ўшандаги рўмолча каби ҳадянинг баҳосига тенг келмаса керак. Ўша ўсмирлик давримиздаги ўша кезларни эслаб, хотирласам ҳозир ҳам ажиб бир туйғу билан энтикиб кетаман. Қизлар ҳам, йигитлар ҳам ўша даврларда анча ҳаёли, иболи эдилар назаримда.
Улар беҳаё сўзларни айтиш тугул, эшитишдан ҳам уялишар эди. Ҳозир ҳам ўша даврдаги каби қизлар йўқ эмас, лекин ҳаё, андиша анча танқислаганга ўхшайверади. Буларни нега қаламга оляпман.
Сабаби, иш кунлари тирикчилик ташвиши, деб ўзингизга- ўзингиз ҳисоб беришга, ўтган умрингизга бир назар ташлаб ҳисоб-китоб қилишга вақт бўлавермайди. Бугун дам олиш куни бўлгани учун почтамга келган хатларни бир бошдан ҳафсала билан ўқиб чиқдим.
Баъзи хатларни ўқиб, баданимда тер тепчиди.
Хатларнинг меҳр ҳарорати билан ёзилганидан эмас афсус. Уларда битилган анчайин андишасиз сўзлардан иссиғим кўтарилди… Аслида эсдаликлар ёзмоқчи эдим.
Озроқ ёздим ҳам, аммо эсдаликлар ўтган умримиз онлари бўлса, бугунгилари келажак учун бир сабоқ бўларми, деган умид йўқ эмас. Айтишадику қандай ниҳол эксанг ўшанинг мевасини оласан, деб. Шафтоли эксангиз у ҳеч қачон узум бўлмайди.
Бугунги кунимиздан ранжиймиз. Уни ўзимиз шу тахлит яратиш учун аввалдан интилмадикми? Энди бошқача турмуш тарзини истар эканмиз, демак ўшанга яраша эсдалик қолдиришга ҳаракат қилишимиз керакмасмикан?

Источник-Манба: http://zamondosh.blogspot.com/2013/06/blog-post_17.html#more

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.