Уч йил учиб кетди…

qirgizЯралар битмади

Ўш ва Жалолободда юзлаб одамларнинг умрига зомин бўлган сўнгги миллатлараро низолардан уч йил ўтиб, ҳануз ўзбеклар ва қирғизлар ҳодисаларда бир-бирларини айблашади.

Гарчи зўравонликлар этник тўқнашувлар деб аталса-да, уларни Қирғизистондаги энг йирик этник озчилик бўлган ўзбекларга қарши погромлар, деб тасвирлайдиганлар ҳам бор.

Ҳодисаларни текширган халқаро комиссия Ўшнинг “ўзбек маҳаллаларида инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкин”лигини айтган.

Ўшда 10 июн куни бошланган воқеалар орадан бир кун ўтиб, ўзбеклар зич яшайдиган иккинчи йирик ҳудуд-Жалолобод вилоятига ёйилган.

Президент Алмазбек Атамбаев ўтган уч йил мобайнида этник алоқалар яхшиланганини айтган ва томонларни ўзаро кечиримли бўлишга чақирган.

Қирғиз президенти фожиали воқеалар юзасидан текширувларнинг ҳар томонлама ва шаффоф бўлганини даъво қилган.

Аммо ўзбеклар қирғиз ҳукумати олиб борган миллий текширувларнинг холислигини шубҳа остига олишади.

Улар ўзларининг энг кўп жабр кўрганлари ҳолда энг кўп жазоланганларнинг ҳам ўзбеклар эканини айтишади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари уларнинг бу даъволарини қўллаб-қувватлайдилар.

Юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритган зўравонликлар ортидан Ўш ва Жалолободдаги кўплаб ўзбеклар Қирғизистонни тарк этишган.

Авваллари Россияга иш қидириб борган ўзбеклар эндиликда у ерга жон сақлаш учун ҳам кетишмоқда.

Аммо қочқинлар Россия ва бошқа ҳамдўстлик давлатларида ўзларини хавфсиз сезишмайди.

Шу боис сўнгги пайтларда Туркияда бошпана излаётган қирғизистонлик ўзбеклар кўпайган.

Расман бошпана сўрагани тақдирда мажбуран ватанига қайтарилишидан қўрқадиган ўзбеклар оғир шароитларда умргузаронлик қилишга мажбур бўлишмоқда.

Туркия ва бошқа давлатларга чиқиб кетган қирғизистонлик ўзбек қочқинларининг сони борасида ҳеч қандай рақам йўқ.

Улар борган ерларида расман қочқин сифатида рўйхатдан ўтмаганлари боис маҳаллий ва халқаро кўмак ташкилотларининг ёрдамидан ҳам маҳрум қолишаётир.(BBC).

%d bloggers like this: