Мулоҳаза ва мушоҳада

jm_2012yilЖаҳонгир МАМАТОВ׃ Демократиянинг олтин қоидалари ва камчиликлари

4.Эркин муассасалар

Фуқаролик жамиятининг асоси жамоaлар – ноҳукумат ташкилотлардир.  Бу асос иқтидорнинг бошқарувдаги иштирокини озайтириб, халқнинг фаоллигини оширадиган омил.

Ноҳукумат ташкилотлар халқни сиёсий жиҳатдан ташкиллантиради, унинг барча жабҳалардаги фаоллигини оширади. Сайловларда иштирок этишдан бошлаб, ҳақ-ҳуқуқлар ҳимоясига қадар барча соҳаларда пайдо бўладиган муаммолар ечими учун йўл-йўриқ кўрсатади. Жамоа бўлган ҳолда адолат, ҳақ-ҳуқуқлар устиворлиги, келажак учун курашилади.

Бугунгача мавжуд демократияларда ноҳукумат ташкилотларнинг роли катта бўлди. Лекин вақт шуни кўрсатдики, бу хусусда ҳам жиддий муаммолар мавжуд. Ноҳукумат ташкилот бўлгани ҳолда ҳукумат идорасида рўйхатдан ўтиши нафақат мантиқсизлик, балки бу муассасаларни назорат қилишга йўл очди.

Ўзбекистон каби мамлакатларда ноҳукумат ташкилотлар агар режимга хизмат қилмаса ё рўйхатга олинмайди, ё рўйхатга олиниб, ҳукумат йўлига солинади.

Ҳатто АҚШ каби очиқ жамиятда ҳам бу муаммо ўзлигини кўрсатди. Демократик партия иқтидорда экан, ҳукуматнинг бир тармоғи ҳисобланган Солиқ идораси  мухолифатни қўлламоқда дея бир қанча ноҳукумат ташкилотларни сиқувга олган. Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлар Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтсалар, АҚШда уларни  асосан Солиқ идораси назорат этади. Агар ноҳукумат ташкилотлар фойда кўрадиган бизнес билан шуғулланмаса, уларга солиқлардан озод қилинганлик статуси берилади.

2008-2012 йилларда АҚШда  иқтидордаги ҳукуматни қўлламаган бир қанча ташкилотларга  бундай статус атайлабдан берилмагани ўртага чиқди. Бу катта сиёсий жанжалга сабаб бўлди. Президент дарҳол Солиқ идораси раҳбарини ишдан бўшатди.  Конгресс даражасида  ҳамда жиноий тергов йўли билан текширувлар бошланиб кетди. Очиқ жамиятдагина ҳукуматнинг бундай суииъстемоли ўртага чиқади. Аммо ёпиқ, тоталитар тузумларда буни фош қилишнинг иложи бўлмайди.

Дарвоқе, “Ҳар қандай эркин муассасалар ҳам қаердадир қайдиятдан ёки рўйхатдан ўтган бўлишлари керак”, деган мантиқий гапни айтишингиз мумкин. Ана шу қайдиятдан ўтиш ибораси эркинликни бўғиш маъносига келиб қолмаслиги керак.

Манимча, демократик жамиятларда битта марказий ноҳукумат ташкилоти бўлиши ва тузилган ҳар бир жамоа ўз мавжудияти ҳақида шу идорага маълумот юбориб қўйиши керак. Шу билан расмиятчилик битиши лозим. Бу идоранинг вазифаси назорат этиш эмас, балки қайдият маълумотига эгалик қилиш бўлиши шарт.

Балки бундай идора ноҳукумат ташкилотлардан юбориладиган вакиллардан иборат ҳам бўлиши мумкин. Бугун БМТ қошида ноҳукумат ташкилотларнинг бирлашмаси мавжуд бўлгани каби Умумдунё ноҳукумат ташкилотлар марказини тузиш вақти ҳам келгандир. Бунда барча давлатлар ушбу марказ мавжудиятини қабул қиладилар ва ҳамма мамлакатларнинг яшовчилари ўзлари тузган ноҳукумат ташкилотларни мазкур халқаро марказдан қайдиятдан ўтказадилар. Бу ноҳукумат ташкилотдан нодавлат ташкилотга ўтиш бўлади. Бу албатта, битта таклиф холос. Гап шундаки, бугун ана шундай таклифларни кўпроқ ўртага отишимиз ва келажак учун замин ташлашимиз керак.

Маълумки, технология асрига келиб, демократик жамиятларда эркин муассасалар қийин вазиятга тушдилар. Улар очиқ ташкилот бўлгани учун фаолиятларининг асосий қисми интернетга кўчди. Интернет эса ҳукумат ва компютер билимдонлари томонидан назорт қилинади.

Демак, ноҳукумат ташкилотларни нафақат назорат қилиш, балки бошқариш механизми пайдо бўлди. Демократия ўрнатилган жамиятларда бу “тупик”дан чиқиш йўллари қидирилмас экан,  мавжуд эркинликлар қадамба-қадам бой берилади ва бор-бора бутун дунё тоталитар режимлар йиғиндисига айланади.

Зотан ҳозирнинг ўзидаёқ интернет, хусусан ижтимоий тармоқлар тоталитар-авторитар тузумларда ноҳукумат ташкилот тузишгина эмас, тузиш учун уринишнинг ҳам олдини олишда қуролга айланди.

Хуллас, бугун бирор-бир мамлакатнинг тузумига “ташҳис” қўйиш учун у ерда эркин муассасаларнинг бўлиб бўлмаганига, қандай фаолият кўрсатаётганига назар солишнинг ўзи  етарлидир.

Эркин ноҳукумат ташкилотлар бўлмаган жамиятларда  ҳар қандай фаоллик бешигида ўлади ва умуминсоний эркинликлар эртакка айланади.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.