Мустақиллик йиллари журналистикаси ва журналистларининг устози
Таниқли олим Мухтор Худойқулов 1936 йили Фарғона вилоятининг Риштон тумани Жалойир қишлоғида туғилган.
“Қишлоғимиз район марказидан анча узоқ, хилватгина, сўлим бир гўша эди. Олдидан катта Фарғона канали ўтган. Шу каналнинг қурилишини ҳам биламан, жуда кичкина бола эдим. Эс-эс эслайман, қандай одамлар, сувлар қандай келганини…Ундан кейин уруш йиллари, Иккинчи Жаҳон Уруши, дейилади ҳозир бизда, акам билан бирга мактабга бориб ўқирдик. Ҳамма синфларни битта қилиб ўқитишарди. Ёшлигимиз шундай ўтган. Шу Фарғона канали бўйларида мол-қўй боқиб юриб, қўлимизга қанақа китоб тушса, ўқирдик-да. Қанақа китоблар ўқимаганмиз, нималарни орзу қилмаганмиз. Китоб бизнинг доимий ҳамроҳимиз, биз учун бир мўъжиза, бизни дунё билан боғловчи бир восита эди”, дея эслайди устоз Худойқуловнинг ўзи.
Мухтор Худойқулов 1954-1959 йиллар Тошкент давлат университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган.
“1959 йил олийгоҳни битирдик. Унгача амалиётга бориб, ўша ерда ёшлар газеталаридан бирида ишлай бошладим. Кейин республика марказий газетаси “Қизил Ўзбекистон” дейиларди ўша пайтда, кейин “Совет Ўзбекистони” бўлди, шунда фаолият олиб бордим. Ундан кейин “Муштум” журналида бир неча йиллар меҳнат қилдим”, дейди у.
Мухтор Худойқулов журналистик фаолият билан бир қаторда адабий ижод билан шуғулланади.
“Ёшликдан қизиқардим адабиётга. Турли шеърлар ёзиб юрардим. Ундан кейин масалга қизиқдим, масаллар ёздим ва қатор масал китоблари чиқардим”, дейди у.
Мухтор Худойқулов – 100дан ортиқ шеърий ва насрий масаллар, ҳажвий шеърлар муаллифи. Ёзувчи ўзининг “Минг бир масал” номли китоби бугунги кунда чоп этилиб ўқувчилар қўлига етиб бораётгани ҳақида айтади.
“Завқийнинг “Аҳли раста ҳажви” деган асари сизга маълум бўлса керак. Ўзининг давридаги камчиликларини, ўша пайтдаги бой-боёнларни ҳажв қилиб ўтган. Мен “Ҳажв аҳли қалам” деб, 70га яқин шоирга шеърий ҳазил ёзгандим”, дейди шоир ва олим Мухтор Худойқулов.
Бундан ташқари, унинг “Қоя ва ҳарсангтош” (1962), “Дарё ва пўкак” (1968), “Зирапча” (1973), “Қирқ масал” (1985), “Ўйлаб топилмаган ҳикоялар” (1994), “Габрово латифалари ва ҳангомалари” (1999), “Отам ҳақида ҳақида ҳикоялар”, “Киракашликнинг киройи ҳангомалари”, “Ривоятлар ва ҳикоятлар”, “Тонгдаги чироқ” каби қатор китоблари чоп этилган.
Мухтор Худойқулов буюк Хитой файласуфи Конфуцийнинг шеърий тарздаги ҳикматларини ҳам ўзбек тилига ўгириб, “Ҳикматлар” деб номланган рисолага жамлаган.
Филология фанлари доктори, профессор Мухтор Худойқулов қарийб ярим аср ўзи таълим олган ЎзМУ журналистика факультетида матбуот назариясидан сабоқ берган.
Унинг “Журналистика ва пулицистика” деб номланган китоби ҳали ҳам матбуот назарияси бўйича асосий қўлланма сифатида фойдаланилади.
Мухтор Худойқулов билан суҳбат
Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони таниқли олим, шоир ва ёзувчи, ҳурматли домла Мухтор Худойқулов бўладилар. Ассалому алайкум домла, Би-би-си дастурига хуш келибсиз.
Мухтор Худойқулов: Ваалайкум ассалом, раҳмат.
Би-би-си: Домла, аввало, ўзингиз ҳақида гапириб берсангиз, журналистика, ижод соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган?
Мухтор Худойқулов: Мен ўша узоқ Фарғона вилоятининг Жалойир деган бир хилват қишлоғида туғилганман. Қишлоғимиз илгариги район марказидан анча узоқда эди. Мактабда ўқидик. Ўқишдан кейин, мол-қўйларимизни Фарғона канали бўйларида ўтлатиб юриб, китоб ўқирдик, китоб ўқирдик, фақат китоб. Бизга китоб дунёни билиш воситаси эди. Ундан кейин газета-журналлар ҳам ўша урушдан кейинги йилларда, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги йилларда янгилик воситаси эди. Шунинг учун, газетани яхши кўрдик, ўқидик ва дастлабки газеталарга мақолалар ёза бошладик. Бизнинг мавзуларимиз ҳам жуда қизиқ эди. Қишлоғимизга машинада кино олиб келиб, қўйиб кетишарди. Шуни ҳам хабар қилиб ёзиб, чиқаверардик. Кейин-кейин далага чиқиб пахта терганлар ҳақида ёздик. Мактабимизнинг ютуқлари, камчиликлари ҳақида ёздик ва ҳоказо. Мана шу матбуот, қоғоз дунёга интилаётган биздек ёш болаларга янгилик, дунёни билиш, дунёга интилиш воситаси бўлганлиги учун шу касбни танлаган бўлсам керак.
Би-би-си: Хўжанддан хат йўллаган Ўктам Ризаев университетнинг журналистика бўлими талабаси экан, унинг мактубини ўқиб берсам: “Авваламбор ассалому алайкум,ман ўзим журналистикада ўқийман, шу соҳа борасида саволларим бор! Ҳаққоний журналист бўлиш учун қандай китоблар тавсия қилган бўлар эдингиз? Биламан, журналистика қийин касб, бошида манга қарши чиққанлар ҳам бўлди, касб қийинчиликларидан тўйиб, уни тарк этмоқчи бўлганмисиз? Ўз ютуқларингиз сири нимада деб ўйлайсиз!” Марҳамат, домла.
Мухтор Худойқулов: Мен жуда хурсанд бўлдим, Хўжандда ҳам Журналистика факультети (бўлими) очилган экан. У кишига мен муваффақият тилайман, у ердаги ҳамкасбларга, домлаларга. Журналистика ҳам бошқа касблар каби касб, лекин унинг ўзига хос жиҳатлари бор. Журналистика икки нарсани талаб қилади. Биринчиси, лаёқат. Ҳаётда кўрганларни, дунёни сўз билан тасвирлаш лаёқати… Кейин техника воситалари – ёзиб олиш ускуналари, фотоаппаратлар қўшилади бунга. Лекин, барибир, сўз биринчи ўринда туради. Иккинчидан, бу ижтимоий касб, жамиятга, халққа хизмат қилади. Шунинг учун, унинг ўзига хос функциялари, принциплари, тамойиллари, қонуниятлари бор. Масалан, мен “Журналистика ва публицистика” деган китобимда матбуотнинг назарияси, қонуниятлари, ҳаққонийлик тамойилини ҳам кўрсатиб ўтганман. Матбуот, аввало, ҳаққоний бўлиши керак. Нима учун? Чунки, матбуотни инсонлар дунёни билиб туриш учун ихтиро қилишган. Дунё тўғрисида маълумот олиш учун яратишган. Шунинг учун, унинг ҳаққоний бўлиши, албатта, шарт. Кибернитика бўйича Винер деган олим: “Тўғри информация, тўғри ҳаёт”, дейди. Тўғри маълумот олсангиз, ҳаётингиз тўғри кетади. Битта ёлғон информация аралашиб кетиб қолса, қанчалик мураккаблик келиб чиқади… Энди қандай китоблар, дейдиган бўлсак, мана рус тилида китоблар бор. Тожикистонда матбуот, журналистика соҳасида қандай китоблар ёзилган, билмайман, лекин у киши агар ўзбекча ўқиса, “Журналистика ва публицистика” деган китобимда матбуотнинг ҳаққонийлиги тўғрисида ҳам алоҳида маълумотлар бериб ўтилган.
Би-би-си: Энди бугун ўзбек журналистлари ҳаётни қанчалар ҳаққоний акс эттиришаяпти? Лондондан хат йўллаган Шоҳрух ҳам: “Бугун ўзбек журналистикаси дуч келаётган энг долзарб муаммолар нима?” – деб сўраган.
Мухтор Худойқулов: “Ҳозирги ўзбек матбуотида нима етишмаяпти”, дейилса, кўпроқ репортёрлик, шу куннинг воқеаларини тўғридан-тўғри, тез хабар қилиб бериш камроқ. Умумий, таҳлилий мақолалар кўп бўлади. Интервю жуда кўпайиб кетди, кўпинча, санъаткорларнинг ҳаёти, бошқалар тўғрисида савол-жавоблар чиқади. Энг муҳим масалалар бўйича, ҳаётда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни қандай бўлса, шундайлигича бевосита кўрсатадиган материаллар камроқ бўлиб кўриняпти.
Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган Ботир исмли мухлисимиз эса: “Ассалому алайкум, домла, яхшимисиз? Сиз охирги 50 йил ичидаги Журналистика факультетидаги талаба ёшларни қандай баҳолайсиз? Масалан, мустақилликнинг илк йилларидаги талабалар анча кенгроқ фикрли ва эркинроқ эмас эдими? Ҳозирги ёшларни таққослаганда нима деган бўлар эдингиз?” – дея жавобингиз учун олдиндан раҳмат айтиб қолибдилар.
Мухтор Худойқулов: Мен бу кишига ҳам муваффақият тилайман. Албатта, солиштиришларда маълум маъно бор, жон бор. Гап шундаки, мустақиллик йилларидаги журналистларимиздан ўша даврнинг муаммоларига жавоб беришларини талаб қилар эдик. Шундай, давр талабларига жавоб бериб, олдинги сафларда юрган журналистларимиз кўп бўлишган. Ҳозирги журналистларимизга келсак, техникани чуқурроқ билишади, интернетни яхши ўрганишаяпти ва бошқа томонлари бор. Энди ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари бор.
Би-би-си: Номларини ёзмаган тингловчимиз: Сизнинг қаламингизга мансуб “Шоир Жўқи, шеърингни ўқи” деган сатрлар шунчалик оммалашиб кетганки, кўпчилик уни фолклор , деб ўйласа керак. Сиздан кейин фақат Анвар Обиджоннинг Гулматини тилга олиш мумкин. Шу персонаж хаёлингизга қаердан келган? Унинг номи нима учун “Жўқи”?” деб сўрабдилар. Марҳамат, домла.
Мухтор Худойқулов: Бу жуда ажойиб савол бўлибди. Мени ёш пайтларимдаги ижодимни эсга солди. Бу ўтган асрнинг 70-йилларда яратилган. Ўша пайтлар “Телевизион миниатюралар театри” бўларди. Миниатюралар ёзиб берардик. Шу бир образ пайдо бўлди. Мен Лабзак маҳалласида турардим, ўзи Фарғоналикману, лекин бу ерга келиб яшашим шу ер эди. Маҳалламизда бир чиройли, соддагина, оқкўнгил йигитча бор эди. Негадир уни ҳамма Жўқи деб чақирарди. Шу хаёлимдан бир ўтган. Шундан кейин бу образ баъзи шоирларнинг шеърларига пародия сифатида пайдо бўлган. Ўша пайтда ўзини катта ижодкор деб билувчи шоир чиқиб: “Ҳурматли пахтакооор”, деб ўқияпти-да, қўлида қоғоз, ундоқ – мундоқ мурожаат қиляпти, гўё. Мен жуда кулгили туюлди-да: “Маҳалла қоровули, шақилдоғингни чал”, деган тарзда киноя билан биринчи шеърлар шунақа яратилганди. Шундан кейин: “Трамвайда юрганда Жўқи, бекор турмай шеърингни тўқи, бориб холангга ўқи”, дея енгил-елпи ёзадиган, жўн ёзадиган шоирларнинг шеърларига киноялар ёзилди. Кейин уни Жўқи Жавҳар деб номладик. Ўша пайтда буни Ҳасан Йўлдошев деган артист жуда чиройли ўқир эди. Эргаш Каримов ўйнади. Шундай тарзда халқ орасида оммалашиб кетди. Мен шундан хурсандман. Жўқи билмай туриб, жамиятнинг кўрпасини очиб қўядиган образ эди-да. Хуллас, у шеъриятга ёқмайдиган, шеъриятга тўғри келмайдиган нарсаларни танқид қилиш учун яратилган эди. Афсуски, бошқа ишлар билан бўлиб, уни бошқа давом эттира олмадим.
Би-би-си: Мухлисимиз яна сўраяптилар: “70-80- йилларда “Телевизион миниатюралар театри” муаллифлари орасида бот-бот чиқиб турардингиз. Ҳозир ҳам қатнашиб турасизми?”
Мухтор Худойқулов: Ўша пайтда “Телевизион миниатюралар театри”га энг фаол ёзадиганлардан биттаси мен эдим. Устозимиз Саид Аҳмад ака ва бошқа муаллифларимиз ёзганлари қўшилиб, “Учрашув” деган миниатюрам асосида филм олинганди. У пайтда соч қўйиб, сочини узун қилиб юрадиган болаларни танқид қилиш бор эди. Яъни, қишлоқдан кетиб, кўчаларда санқиб, олифта бўлиб юрадиган болаларни устидан кулардик. Ўшани Эргаш Каримов жуда чиройли ўйнаган. “Жорж Морж” деган бир миниатюрам кино бўлиб қолган. Энди ҳозирга келиб, замон ўзгарди, қийин миниатюраларни телевидение ҳам, томошабинлар ҳам кўтармай қолди. Енгил-елпи кулгу бўлиб кетди. Яқинда бир режиссёр шуни тиклаш ниятида 3-4та нарса сўради. Мен уни ёзиб бердим. Нимагадир чиқмади энди. Ҳар бир даврнинг ўзини ашуласи, ўзини чилдирмаси бўлади, шекилли. Лекин, халқ ҳали-ҳали ўша даврни эслайди, кулади. Шундан хурсандмиз.
Би-би-си: “Сиз масалчилик бўйича эҳтимолки, ягона ёзувчи ва мутахассис саналасиз – сўнгги йиллар Ўзбек адабиётида айнан масалчилик, мақолчилик ва бошқа халқ оғзаки ижодини ўрганиш, ривожлантириш оқсаб бормоқда. Нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз? Ҳарқалай, булар ўзбек тафаккурининг устунларидан эмасми?”, деб сўрайди Мухлис номи билан хат йўллаган тингловчимиз.
Мухтор Худойқулов: Масалчилик ҳақида гапирадиган бўлсам, бу қийин жанр. Шунинг учун, кўпчилик бунга уринавермайди. Кишидан кўпроқ фикрлашни талаб қилади. Ҳаётни кузатиб, унда юз берадиган воқеанинг моҳиятини очиб бериш учун табиатдан ўшанга ўхшаган бир воқеани топиб, солиштириш керак, шундан чиқарилади масал. Қўлимиздан келганча ёзаяпмиз. Мана ҳозир насрий масалларимдан бир китоб чиқяпти. Ҳозир ўшани корректурасини ўқиб ўтиргандим:
Ҳаммол
“Устимга нима юк юклашлари билан ишим йўқ. Менга ҳақи тўланса, бўлди”, – дерди ҳаммол.
У тирикчилик қули эди.
Ўроқ
“Қаддинг нега букук”, – деб сўрашди ўроқдан.
Ўроқ индамасдан ўришда давом этди. Унинг қадди меҳнатдан букулгани шундоққина кўриниб турарди.
“Ўғрилик қилишга уялмайсанми”, – деб сўрашди бир ўғридан.
“Уялганимдан юзимга ниқоб тутиб оламан-да”, – деди у.
Би-би-си: Катта раҳмат, домла. Бугунги кунда Ўзбекистонда айни шу жанрда яна кимлар ижод қиляпти?
Мухтор Худойқулов: Бугунги кунда масал жанрида ижод қилаётганлар унча кўп эмас. Биздан ёшлари каттароқ масалчилардан Ямин Қурбоновнинг китоблари чиқди, шекилли, китоб магазинда кўрдим, сотиб ололганим йўқ. Лекин, ёшлар бу жанрнинг қийинчиликларидан қўрқишадими, кам бу соҳага қизиқувчилар. Сабр-тоқат керак бўлади, кузатиш керак бўлади. Ҳали ёшлар бу жанрни давом эттирса керак. Мен “Минг бир масал” деган китоб ёздим. Жуда қийинчилик билан бир қисмини, “Кўз бўлмаса, пешона” деб чиқаргандим. Иккинчи китобни ҳеч чиқара олмадим. Ўз маблағимга чиқариш ҳаракатида юрибман ҳозир. Чиқариш қийин. Бу соҳанинг ҳам ўзига хос масалалари, қийинчиликлари бор.
Би-би-си: Суҳбатингиз учун, катта раҳмат, домла. Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.
Мухтор Худойқулов: Би-би-си тингловчиларига соғ-саломатлик тилайман. Яхши ниятлар, пок ниятлар йўлида хизматларига, ишларига омадлар тилайман. Доим жамият учун, тараққиёт учун, эзгулик учун ҳаракат қилиш керак. Дунёда ҳеч ким мутлақ ҳақиқатга эриша олмаса ҳам, ҳақиқатга тўла эришиш мумкин бўлмаса ҳам, инсонга умр бир марта берилар экан, шу мутлақ ҳақиқатга интилиб яшаш керак. Дунёни тўғри кўз билан кўриб, тўғри дил билан англаб, тўғри сўз билан акс эттириш керак, деб ўйлайман. Муваффақият тилайман.
Би-би-си: Сизга ҳам мустаҳкам соғлик тилаймиз!(Bи-Bи-Cи).
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |