“Туронзамин” почтасидан

adabiyotД О М Л А

( Ҳикоя )

Тут пишган кезлар.Осмон оқариши билан беш-олти туёқни олдимга солиб,далага ҳайдайман.Ўт-ўланни нами қочмай едирган дуруст.

Қуёш кўтарилишига ҳали бирон соат бор.Шу пайт ҳаддан ташқари жимликни тут шохининг шиғиллаб сидирилиши,кейин “хаҳ тўкилмагур” деган товуш бузди.Ўша томонга қарадим.У киши қишлоқнинг энг зиёли одами,умри ўқитувчилик билан ўтган Ҳалим домла эди.У пишган тутларни бир кафт-бир кафт териб ерди. Қараганимни сезиб,”Қалайсиз, ўғлим?”деди. Бировни “сен”демаган бу одамга жилмайиб бош ирғадим.Сўнг ўйлана бошладим. “Каллаи саҳарлаб тут ейиш шартмиди”Эт жунжикиб турганда муздай мева ёқармикин?”

Аммо Ҳалим домла ҳар бир тутни авайлаб узар, йирик-йирикларини роса томоша қилиб,кейин оғзига солар эди.

Чорак соат тут еди,мен эса уни хотини ўтгандан кейинги ўн йиллик умрини,энг оғири, бефарзандлигини ўйладим.

Фурсат ўтиб доғли кўйлагидан хижолат тортиб ёнимга чўкди.

– Домала яхшимисиз?

– Шукур,ўзингиз-чи, чарчамадингизми?

Овози ҳам беозор бу инсонга кулиб жавоб бердим.

Домла анча муддат тек ўтирди- гапирмади ҳам, қимирламади ҳам. Ул-бул нарсани сўрай дедиму хаёлини бузгим келмади. У қотма елкаларини бир учирди-да, сўнг гапирди.

Илик узилди пайтда нафақанинг кечикканини қаранг,ўлмагур.

Бу гап мен учун майда кўринаётган ҳолатни кескин катталаштириб юборди, кўп нарсани равшан қилиб қўйди. Домланинг ҳорғин кўзи, салқиган қовоқлари,ҳиёл очилган оғзи,хунук буришган қўллари – бари менга битта тушинча берди. Домла оч эди.

Иккаламиз ҳам бошқа гапирмадик. У қуёш кўринганда туриб кетди. Шу куни ўзимни йўқотиб қўйдим, бошимга тўқ-тўқ этиб нимадир урарди. Орияти зўр бир одам тут еб, жон сақлаяпди.

Эртасига атайин белимга нон тугиб бордим. Аммо домладан дарак бўлмади. Уни кутиб пешингача қолиб кетдим. Қайтишда эски маҳалладан – домланинг уйини олдидан ўтдим. Уй сукутда.

Кечга томон онам гап топиб келди: “Ҳалим домла ётиб қолибди” Кейин мендан сўради “Белбоғдаги нонни емабсан-ку?” Индамадим. Ўша кўрушувда менга чидаму сабрни ўргатиб қўйган домла кўз олдимдан кетмай қолди.

Домала икки кунда ўтди. Маракадан келгач,онам шунақа деди:

– Бечора яҳши одам эди. Дардини топишолмабди.

Негадир бақириб юбордим.:

-Топишолмайди ҳам! Бунақалар озми?

Онам менга нима бўлганини тушинмасди.

Носир Жўраев
Мустақил жўрналист

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.