Туркия

erdughanЭрдўғон намойишларини тезликда тўхтатишни талаб қилди

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакатни қамраб олган аксилҳукумат намойишларини тезликда тўхтатишни талаб қилган.

Шимолий Африкага тўрт кунлик сафаридан қайтган жаноб Эрдўғон Истанбул аэропортида тарафдорлари олдида чиқиш қиларкан, намойишлар қонун доирасидан чиқиб, вандализм кўринишини олганини айтган.
Яна ушбу мавзуга оид

Бир ҳафта олдин Истанбулдаги Геза истироҳат боғининг бузилишига қарши бошланган тинч намойишлар, полициянинг зўравонлиги туфайли бутун мамлакат бўйлаб норозиликларни келтириб чиқарганди.

Хабарларга кўра, жума куни тунда аэропорт олдида Эрдўғон партиясининг ўн мингдан ошиқ тарафдорлари уни олқишлашган.

Турмуш ўртоғи ва вазирлари билан бирга омма олдида кўринган Эрдўғон йиғилганларга қарата “Демократия талабларига тўғри келмайдиган бу намойишлар зудлик билан ниҳоя топиши лозим”,- дея хитоб қилган.

Тарафдорларининг қичқириғи ва қўшиқ садолари остида бош вазирнинг сўзлари вақти-вақти билан эшитилмай қолган.

Эрдўғонни қўллаб-қувватлаётганларнинг бир қанчаси “Таксимни бостиришга олға!”каби шиорларни такрорлашган.

Лекин жаноб Эрдўғон тўпланганларга тинч йўл билан уй-уйларига тарқалишни сўраган.

“Сиз ўзингизни босиқ ва соғлом ақлингизни намойиш қилдингиз”,”Биз бу ердан уй-уйимизга тарқаламиз” деган у.

Шу билан бирга, бош вазир унинг истеъфосини талаб қилаётганларга қарата, 2011 йилги сайловларда бутун мамлакат бўйлаб ҳаққоний овоз олганини эслатган.

Бу- Туркияда бир ҳафтадан буён тинмаётган аксилҳукумат намойишлар ортидан, Эрдўғон тарафдорлари йиғилган биринчи йирик ҳаракатдир.

Истанбулдаги Би-би-си мухбири Марк Лоунга кўра, бош вазирнинг аэропортда тантанали тарзда кутиб олиниши мамлакатда унинг тарафдорлари ҳали кўплигини кўрсатади.

Бироқ Эрдўғоннинг чақириғи норозиликлар оловини кучайтириши ҳам мумкин,- дейди Марк Лоун.

Вазиятнинг ўзгариб кетишидан хавотирлар боис, шаҳардаги хавфсизлик чоралари кучайтирилиши мумкин, деб хабар беради мухбиримиз.

Таксим майдонидаги мухбирларга кўра, намойишчилар рақсларга тушиб, сиёсий шиорларни илгари суришмоқда.

Намойишга чиққан маълумотли ўрта табақа вакилларининг айтишича, Туркияда эркин сиёсий маданият етишмайди.

Мухбирларга кўра, полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтган боғда кўнгиллилар тозалик ишларини қилиб туришгани боис атроф тоза. Фаоллар кечаю кундуз навбатчилик қилиб туришибди.

Боғда намойишчилар кайфияти байрамона кўринади. Атрофда мослаштирилган биринчи тиббий ёрдам бўлимлари, ошхона, кутубхона, гуманитар ёрдам пунктлари ва турли бошқа хизматлар ишлаб турибди.

Кўча сотувчилари одатдагидай нон ва сувдан ташқари тиббий маска, ҳимоя кўзойнаклари ҳам сотишга ўтишган. Шаҳар маркази одамлар билан тўла, намойишчилар аввалгидек полициядан қўрқиб қочмаётгани, турли шиорлар ёзилган футболкалар кийиб олган ёшлар кўчаларда кўплиги хабар қилинади.

Бугун Туркияда муборак жума куни ҳам ҳар доимгидай нишонланмоқда. Намойишчилар ичида рўмол ўраган аёллар деярли йўқ. Шаҳар боғларида ҳукуматнинг алкоголли ичимликлар ва абортни тақиқлаган қонунларига қарши одамлар ва бошқарувдаги партиянинг яккаҳокимликка қараб кетяпти, деб ҳисоблаган ёшлар билан гавжум.

Туркия Бош вазири журналистлар билан суҳбатда “намойишчиларнинг орасида терроризмга алоқадор экстремистлар аралашиб юрибди”, деб таъкидлаган.

Норозилик иштирокчилари Эрдўғон ҳукуматини тобора авторитар бўлиб бораётгани ва дунёвий давлатдан кўпроқ исломийлаштиришга қараб кетаётганида айблашган.

Туркия Бош вазири норозиликлар манзарасида Геза истироҳат боғини қайта қуриш лойиҳасини ҳимоя қилмоқда.

Намойишлар бошлангандан буён тўрт киши қурбон бўлган, минглаб одамлар жароҳатланган, юзлаб одамлар ҳибсга олингани хабар қилинган.

Ички ишлар вазири Муаммар Гулернинг билдиришича, ярадорларнинг 500 дан ортиғи полиция ходимларидир.

Бундан аввал Бош Вазир муовини Булант Аринж илк намойишларга нисбатан полициянинг қаттиққўл жавоби учун кечирим сўраган эди.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув қўллаган.

Айни вазиятда Туркияда жума куни Оврўпо Иттифоқи аъзоларининг халқаро анжумани очилиши керак.

Унда жаноб Эрдўғоннинг нутқ сўзлаши ва мамлакатдаги ҳозирги аҳвол ҳақида ҳисоб бериши кутилмоқда.(BBC)

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.