Туркия…

 Bош вазир ўринбосари намойишчилардан кечирим сўради

Туркия Бош вазири ўринбосари Булент Аринч Истанбулдаги Гези истироҳат боғининг бузилишига қарши намойишда жароҳатланганлардан узр сўради. Бош вазир ўринбосари Булент Аринч оҳанги ярашув оҳангида бўлган.

Гези парки қайта қурилишига қарши ташкил этилган норозилик амалиёти қонуний бўлган, деб айтган жаноб Аринч ўша намойиш ташкилотчиларини учрашишга чақирган.

Матбуот анжуманида Бош вазир ўринбосари Булент Аринч норозилик намойишларини тўхтатишга чақирган, тўполонларни “террорчи унсурлар” бошқараяпти, деб айтган.

“Бошида атроф-муҳитни муҳофаза қилиб чиққан одамларга қарши номувофиқ куч қўллангани нотўғри бўлган. Ва адолатсиз. Мен у одамлардан кечирим сўрайман”, деб айтган Туркия бош вазири ўринбосари.

“Аммо биз кўчалардаги жамоат мулкини вайрон қилаётганлар ва кўчалардаги инсонларнинг эркинлигига тўсиқ қўяётганлардан кечирим сўрашимиз керак деб ўйламайман”, дея қўшимча қилган жаноб Аринч.

Аксар кузатувчилар бош вазир ўринбосарининг гап оҳанги Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон оҳангидан фарқ қилишига эътибор қаратганлар, жаноб Аринч оҳанги ярашув оҳангида бўлган.

Бироқ атроф-муҳит ҳимоячиларига кўра, Булент Аринч Гези парки келажаги қандай бўлади деган саволни очиқ қолдирган.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон намойишлар иштирокчилари ҳақида кескин гапирган, норозиликлар нодемократик деб айтган.

Жаноб Эрдўғон норозилик чиқишларига қарамасдан, Марокашга расмий сафарини бекор қилмаган.

“Вазият тинчияпти. Мен ортга қайтганимда ҳамма муаммо ҳал этилган бўлади”, деган Марокашдаги сафари пайти Бош вазир Эрдўғон.

Жароҳатлар

Даставвал Истанбул шаҳридаги истироҳат боғи дарахтлари кесилишига қарши бошланган норозилик намойишлари аксилҳукумат зўравонликларга айланган.

Беш кун давомида Туркиянинг қатор шаҳарларида норозилик амалиётлари кузатилди.

Расмийларга кўра, мамлакатнинг 67 шаҳридаги чиқишларда қатнашган 1700 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Туркия Инсон ҳуқуқлари бирлашмаси хабар қилишича, бутун мамлакат бўйлаб кечган зўравонликларда 2800 дан зиёд киши яраланган.

Жароҳатланганларнинг анчасининг аҳволи оғир эканини хабар қилган ноҳукумат ташкилоти.

Бош вазир ўринбосари Булент Аринчнинг матбуот анжуманида айтишича, 244 полициячи, 64 намойишчи яраланган.

Туркияда тартибсизликлар бошланганидан буён икки инсон ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган.

Мамлакат жанубидаги Антакя шаҳрида мухолифатдаги Республикачилар партиясининг ёшлар қаноти аъзоси “номаълум шахслар томонидан ўқотар қуролдан отилгани сабабли жиддий жароҳатлангани” ҳақида маълум қилганлар расмийлар.

22 ёшли йигит шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Бироқ, мухбирларга кўра, ушбу фожеанинг норозилик намойишларига боғлиқ-боғлиқ эмаслиги тўла аниқ эмас.

Душанба куни Туркия Шифокорлари иттифоқи хабар қилишича, якшанба тунида тўхташ талабига бўйсунмаган автомобилнинг оломон устига ҳайдалгани оқибатида 20 ёшли йигит нобуд бўлган.

Намойишчилар ҳукуматни тобора авторитар бўлиб бораётганликда, Туркия жамиятини исломлаштираётганликда айбламоқдалар.

Ҳукумат ва Бош вазир Эрдўғон истеъфоси талаб қилинаяпти.

Мухбирларга кўра, исломий илдизларга эга бўлган Адолат ва Тикланиш партияси дунёвий давлат бўлган Туркияда шахсий эркинликларни бўғишга интилаётгани ҳақидаги хавотирлар билдирилмоқда.

Ҳукумат танқидчиларига кўра, ўтган йили болаларнинг исломий мадрасаларда сабоқ олишларига изн берилгани ва яқинда спиртли иичимликлар савдосига чекловлар киритилгани Адолат ва Тикланиш партиясининг асл мақсадларидан далолат беради.

Туркиядаги йирик касаба уюшмаси ҳисобланган KESK 4 июн куни норозиликка қўшилишга аҳд қилгани ҳақида эълон қилган.

Касаба уюшмаси икки кунлик иш ташлаш эълон қилган.

Норозиликлар Туркия сиёсатига қандай таъсир қилмоқда?

Хўш, норозилик намойишлари кўлами тобора кенгайиб борар экан, улар Туркия сиёсатига қандай таъсир қилмоқда?

Би-би-си ушбу савол билан Лондондаги Чатам Хаус тадқиқот марказининг Туркия лойиҳаси раҳбари Фади Хакурага мурожаат қилди.

Фади Хакура: Менимча, ҳаммаси қандай муносабат билдирилаётганида. Президент Гул кўпроқ муроса-мадорага борадиган шахс. Бош вазир ражаб Тойиб Эрдўғон эса баҳс-тортишишни севадиган, очиқ курашадиган сиёсатчи. Бироқ уларнинг сиёсати барибир бир хил. Намойишчилар шундай ҳолатда ҳукуматдан бағрикенглик исташмоқда ва қандай яшашимизга, ҳаёт тарзимизни белгилашимизга давлат аралашмасин деб талаб қилишмоқда. Туркияда иқтисодий тараққиёт тимсоли сифатида баланд бинолар кўп қурилмоқда. Бу кўчаларни тирбанд қилиб, ижтимоий уй-жой таъминотини таъминлашга ёрдам бераётгани йўқ.

Би-би-си: Ҳозирги намойишлардан ким кўпроқ фойда кўриши мумкин?

Фади Хакура: Ҳозир буни айтиш қийин. Намойишчилар Туркияда ўрнатилган давлатдан қўрқиш занжирини чилпарчин қилиб, синдиришди. Аммо шуниси ҳам борки, Бош вазир Эрдўғон ҳамон кўпчилик севадиган раҳбардир. Шу боис у билан ҳисоблашиш даркор. Туркия 1950 йилдан бери амалдаги демократик давлатдир. Бош вазир Эрдўғон эса демократик йўлда сайланган раҳбар. Шу жиҳатдан олганда Туркияни асло Миср ёки Тунис каби яккаҳоким раҳбарлар ҳукмронлик қилган мамлакатлар билан таққослаб ҳам, ўхшатиб ҳам бўлмайди. Ўртада ер билан осмонча фарқ бор.(BBC).

%d bloggers like this: