Мулоҳаза ва мушоҳада

jm_2012yilЖаҳонгир МАМАТОВ׃ Демократиянинг олтин қоидалари ва камчиликлари

“Биз демократияга тайёрмизми, йўқми?” деган савол оғизга олиниши билан оддий баҳс ҳам катта жанжалга айланиб кетади. Бир томон “Демократия оби-ҳаётдек инсон умрига умр қўшади, яшашга маъни бағишлайди”, деса, иккинчи томон “Биз асрлардан бери давом этиб келган қуллик зеҳниятидан қутулмас эканмиз, демократия шароитида яшай олмаймиз” дейди. Бошқа бир томон “Демократия куфрдир” деб ҳукм чиқариб қўя қолади.

Хуллас, бугун ўзбек жамиятида демократия ҳақида ана шундай уч хил қараш мавжуд.

Хўш, демократия ўзи нима ва нега бундай жанжалли баҳсларга сабаб бўлмоқда? Бу саволга жавоб берганлар демократия лотинчада “халқ бошқаруви” маъносини англатишидан нарига ўтмайдилар. Чунки нарига ўтилса, кўп нарса аён бўладики, бу ҳеч бир томонга ёқмаслиги мумкин.

Демократия сўзи лотинча бўлгани билан мазмун-моҳияти бизга бегона эмас. Форобийнинг фалсафаси демократияни тушунтиришга бағишланган бўлса, Сарбадорлар ҳаракатидан Дўкчи Эшон қўзғолонига қадар воқеалар демократияни ҳаётга тадбиқ этишни ўз ичига олган.

Бугунга келиб дунёда демократиянинг бир қанча олтин қоидалари ўрнатилган. Гарчи мукаммал демократик жамият ҳали барпо этилмаган бўлсада шу йўлда жиддий қадамлар қўйилди ва йилма-йил, асрма-аср бу замин кучланиб бормоқда.

Демократиянинг олтин қоидалари, дер эканмиз уларни қуйидагича тизимга солиш мумкин.

1.Ошкоралик.

Демократик жамиятнинг энг кучли қуроли матбуот(медиа) ҳисобланади. Бу жамиятда ҳеч ким матбуот назаридан четда қолмайди. Президентдан тортиб, оддий мансабдорга қадар ҳамма матбуот “дурбини” нишонида туради.

Масалан, АҚШда матбуот президентининг ҳар бир қадамини кузатади. Қонундан ташқари қиладиган ҳатти-ҳаракатларини фош этиб боради. Буни билган ҳолда президентлар матбуот вакилларини доим ёнларида олиб юрадилар. Матбуотдан қочиш ёки четланиш катта муҳокамларга сабаб бўлади. Барак Обама бир мартагина матбуотдан қочгани тарихга кириб қолди. У ҳам бўлса, голф ўйнашга чиққанда мухбирларни даъват қилмаганидир. Мана шу бир марталик ҳаракати учун президент жуда қийин шароитларга тушди, кўпгина саволларга жавоб беришига тўғри келди.

Ироқ уруши олдидан ҳукумат ёлғон маълумот тарқатгани, Ироқ ва Афғонистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳамда шунга ўхшаш воқеаларни бошқа бир мамлакатнинг матбуоти эмас, АҚШнинг ўз медиаси очиб ташлагани ҳам ошкоралик демократиянинг энг муҳим устуни эканлигини кўрсатди.

Маълумки, ҳукумат ўз кучини кўрсатишга интиладиган унсурдир. Ҳукмдорлик ҳукуматнинг “қонида” бор. Матбуот эса унинг бу нафсини тизгинлаб туради. Матбуотдан ҳайиққан ҳукмдорлар ҳар бир қадамларни ўйлаб-ўйлаб ташлайдилар.

Демократия шароитида матбуот фақат ва фақат қонунлар томонидан назорат этилиши керак. АҚШда президент Обама даврида мамлакат Бош прокурори бир қанча мухбирларининг телефонларини тинглашга буюргани Асосий қонунда белгилаб қўйилган сўз эркинлигига ҳужум деб баҳоланди. Гап шундаки, матбуотга ҳукумат мансуби томонидан махфий маълумот сиздирилган ва шу одамни топиш учун Бош прокурорлик мухбирларнинг телефонларни эшитишга қарор берган.

Демократик жамиятда махфий сирни ошкор қилган матбуот эмас, балки сирнинг очилишига уни сақлаши керак бўлган томон масъулдир. Бу қоидани бузган ҳукумат матбуот ва жамият томонидан муҳокама марказига тушди.

АҚШ, Туркия ва бошқа бир қанча мамлакатларда ошкоралик жабҳасида жиддий муаммолар ҳам бор. Масалан, катта бизнес билан шуғулланадиган шахслар ва компанияларга газета, телевидение ҳамда радио очиш ҳуқуқи берилган ёки акси׃ матбуот воситларига катта бизнес билан шуғулланиш чекланмаган. Бу нарса ошкоралик йўлига раҳна солади. Ҳукумат катта бизнесларни назорат қилиш орқали уларнинг қўлидаги матбуотга ҳам таъсир қилади. Натижада матбуот ўша бизнес раҳбарларининг хоҳиш ва истакларини бажарадиган манбарга айланади.

Интернетнинг пайдо бўлиши ошкоралик қудратини оширган бўлсада, демократик шароитларда жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

“Интернетни назорат қилиш керакми, йўқми?” деган саволга ҳалига қадар аниқ жавоб берилмаган. Бир томон кескин равишда “Йўқ” деса, иккинчи томон “Қонунлар билан назорат қилиш керак”лигини айтади.

Ошкоралик бўлмаган жойда демократия ҳам бўлмайди. Буни ҳар икки гапда “Демократик жамиятмиз” дейиладиган Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу мамлакатларда ошкоралик мутлоқ бўғилгани учун демократиянинг барча механизмлари ҳам мутлоқ ишламай қолган.

Демак, демократик жамият қуришни  ошкораликни таъминлашдан бошлаш керак.

(Давоми бор).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.