Бугуннинг гаплари

adabiyotМаънавият, маърифат, зеҳниятимиз муаммолари ва уларни бартараф этиш йўлларини излаб топишга ёрдам берадиган таҳлилий, мулоҳазага ундовчи мақола ҳамда асарлар ёзинг

Zamondosh вебсаҳифасига турли мавзуларда кўплаб мақола, хабарлар, асарлар келаётгани таҳририятимиз аъзоларини ғоят қувонтирмоқда. Лекин… Лекин, жуда кўпчилик мактублар турли гуруҳлардаги келишмовчиликлар, ўзаро жанжаллар, хусусий ғаразларни ҳам ифода этаётгани ташвишланарли.

Мана, неча йилларки ўзбек ҳукумати олиб бораётган сиёсат ўзини оқламаётгани ва демократик ислоҳотлар ўтказилиши ҳақида такрор ва такрор айтилавериб, лаёқатсиз системага қарши ҳаттоки ҳақоратлар ёғдирилавериб, дейилмаган гап қолмади. Агар бу каби дашном, аччиқ-чучук сўзларга илон тушунганда эди, пўст ташлаб юборар эди.

Лекин Каримов ҳукумати бу каби маломатларга митирғаси миқ этмаяпти ҳам, этмаслиги ҳам аниқ бўлиб қолди. Ҳозирги ҳукумат билан келиша олмаймиз, дейдиганларнинг ҳам ўзаро даҳанаки жанглари-ю, асосли ёҳуд асоссиз танқидларга беписандлиги, йиллар давомида ўзаро муроса қила олишмагани, бундан буён ҳам бир муштга айлана олмасликлари аччиқ ҳақиқатга айланди.

Дарвоқе, сўзимизни вебсаҳифамиз муаллифларига мурожаат оҳангида бошлаган эдик. Шу оҳангда давом эттирсак. Бизга мактуб йўлламоқчимисиз марҳамат, унда мамлакатимиз, жонажон диёримиз Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда юз тутган таназзулдан чиқиш йўллари ҳақида ёзинг. Қандай қилинса, ўзбек жамияти демократик жамиятга айланади?

Маънавият, маърифат, зеҳниятимиз муаммолари ва уларни бартараф этиш йўлларини излаб топишга ёрдам берадиган таҳлилий, мулоҳазага ундовчи мақола ҳамда асарлар ёзинг. Биз шу каби мавзуларни муҳокама қилиш, мунозара юритишни ва мавжуд муаммоларга умумманфаат йўлида ечим топишни истаймиз. Мабодо, қайси бир киши сизга ёқмаса ёки унинг фаолияти сизга тўғри келмай ғашингизни қўзғаса, у ҳолда мактубингизни ўша кимсанинг ўзига йўлланг. У сизнингча ҳақ сўзингизга нописанд бўлса, у ҳолда ҳозир қандай замон?

Ҳа, яшанг, илм-фан, техника ғоят ривож топаётган замон. Шундай экан, интернетда бир саҳифа очингда, ўша нуқтадан туриб, ҳамма шахсий гапларингизни тегишли дўстми, душманми, рақибми, қўйингчи кимга истасангиз ўшанга айтаверинг, илло Zamondosh саҳифасини шахсий масалаларда ҳисоб-китоб қилиб олиш майдони сифатида фойдаланишга уринманг.

Албатта, ватанимиз равнақига тўсиқ бўлишга уринаётган кимсаларни аниқ далиллар билан танқид қилиш юқорида айтилганлардан мустасно. Zamondosh интернет саҳифасини ўзларининг қадрдон дўст, маслаҳатчи, кўнгилга яқин бир ошиён деб билгувчи инсонлардан юқорида айтганимиздай эзгулик йўлидаги хайрли ишларни амалга оширишда яқиндан кўмакдош сифатида холис ҳамкорликка чорлаймиз.

Таҳририят.

Источник-Манба: http://zamondosh.blogspot.com/2013/06/zamondosh.html#more

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.