Бугуннинг мавзуси

bmtvakiliХавотир

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бош котиби Иван Шимонович Тошкентга икки кунлик сафарини якунлади. Тошкентга кўп йиллардан бери бу каби юқори даражали инсон ҳақлари фаоли киритилмаган. Кўплар охирги бундай сафарни эслашганда, 10 йил аввал БМТнинг махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонга қилган икки ҳафталик сафарини ва “қийноқлар мунтазам қўлланилади” деган баёнотини эслайдилар. Хўш, ҳозирги вазият фарқлими? Нью Йоркка қайтган жаноб Шимоновичга биз ана шу савол билан мурожаат қилдик.
Яна ушбу мавзуга оид

БМТ: ‘Ўзбекистонда қийноқ ва таъқиб, аммо ўзгаришга умид бор’

Иван Шимонович: Қонунчиликда ва баъзи сиёсий дастурларда бироз ўзгаришлар юз берди, лекин қийноқлар муаммо бўлиб қолмоқда ва анча кенг тарқалган кўринади. Бу масалани Ўзбекистон ташқи ишлар, ички ишлар ва адлия вазирлари билан кўтардик ва мустақил кузатув идорасини тузиш кераклигига урғу бердик. Бу идора вакиллари қамоқхоналар, милиция хибсхоналари ва ўз ихтиёрига қарши одамлар ушлаб туриладиган руҳий шифохоналарга бемалол кира олишлари учун йўл очиб берилиши керак бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумати бу каби идора тузилига рози бўлаяптими?

Иван Шимонович: Улар бу фикрни ҳисобга олишаяпти. Хавотирга солаётгани шуки, бир ойча аввал Халқаро Қизил Ҳоч жамияти Ўзбекистондан чиқиб кетди ва унга турмалардаги кузатув ишлари учун етарлича йўл очиб берилмаганини айтди. Бу жуда ҳам хавотирли вазият ва айнан шу масала кўпгина учрашувларимнинг диққат марказида бўлди.

Би-би-си: Қийноқлар анча кенг тарқалган деган баёнотингизга қайтсак. Бу 10 йил аввал Тео Ван Бовен “Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам равишда қўлланилади” деган баёнотидан фарқ қилади.

Иван Шимонович: Агар адашмасам, Тео Ван Бовен Ўзбекистонда қийноқлар “мунтазам ва кенг тарқалган” деб айтганди. Мен учун икки кунлик сафар давомида қийноқлар қанчалар мунтазам қўлланилиши ва қанчалар кенг тарқалганини чамалаш қийин. Лекин, қийноқлар мавжудлиги аён. Буларнинг сирасига мажбурий иқрорномалар олиш ва қийноқларни жазо усули сифатида қўллаш ҳолатлари ҳам киради. Буларнинг иккиси ҳам мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган тажриба. Агар Ўзбекистон қийноқларга қарши конвенцияга илова қилинган ихтиёрий протоколни тасдиқласа олам гулистон бўлар эди. Бу протокол мустақил кузатув идораси тузилиши борасидаги шарт-шароитларни ишлаб чиқарган. Лекин, мен шуни сездимки Ўзбекистон бу протоколни тасдиқлашни истамаяпти. Лекин, айни дамда бу каби идоранинг тузилишига ҳам қарши чиқмаяпти. Агар бу идора тузилса, вазият анча яхшиланган бўларди.

Би-би-си: Лекин, Ўзбекистонда расмий инсон ҳуқуқлари идоралари бор. Яна бир кузатув идорасининг фаолияти фақат қоғозда бўлади деб ўйламайсизми?

Иван Шимонович: Бир тарафдан, ҳа, шундай. Лекин, айни дамда баъзи ижобий тарафларини ҳам инкор қилмаслик керак. Ўзбекистонда парламент омбудсмени бор, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бор. Бироқ, бу идоралар мустақил ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам, янги кузатув идораси давлат таъсиридан мустақил бўлиши керак деган талаб илгари сурилаяпти. Улар ҳукумат кучлари томонидан топталаётган инсон ҳуқуқлари ҳолларини мустақил тарзда кузатишларига имкон берилиши керак бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистон яқинда Андижон мавзуси буткул ёпиқ деди, лекин сиз бу мавзуни кўтардингиз. Сизга ҳам бу мавзу ёпиқлиги айтилдими?

Иван Шимонович: Ҳа, бир неча бор айтилди. Лекин, Андижон мавзусини муҳокама қилиш муҳимлигига иккита сабаб бор. Биз Андижон воқеасининг илдизидаги муаммолар тўлалигича ва шаффоф тарзда тергов қилинган деб ўйламаймиз. Ундан ташқари, оддий фуқароларга қарши ҳукумат қўшинлари томонидан керагидан ортиқ куч ишлатилгани борасида тўла маълумотга эга бўлишимиз керак. Бу нафақат адолатга эришиш ёки жазосизликка қарши кураш учун керак, балки бу келажакда террор ёки бошқа хавфсизлик таҳдидларига қарши кураш қандай олиб борилишини билиш учун керак. Албатта, террор таҳдидлари бор, лекин бу таҳдидларни бартараф этиш жараёнида сиз инсон ҳуқуқларини ва қонунни ҳурмат қилишингиз шарт. Бу нафақат аҳлоқий масала. Бу таҳдидларга қарши курашни ҳам самаралироқ қилади. Чунки агар инсон ҳуқуқларини ва дин эркинлигини ҳурмат қилсангиз ва аҳолининг кенг дастагига эга бўлсангиз, эктремист кучларга ўз сафларига одамларни ёллаш қийинроқ бўлади.(BBC).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.