Олимлар кўпдан буён ер юзида бундан олдин ҳам юксак цивилизациялар бўлиб ўтганлигини археолик ва тарихий тадқиқотлар орқали исботлашга ҳаракат қилиб келади. Лекин инсон зоти буни эслаёлмайди, чунки ер сатҳини зулмат қоплаганида ёки тўфон босганида унинг қавми барча тирик жонзотлар билан бирга қирилиб кетган ва тарих қайтадан бошланган. Яна қайтадан ибтидоий жамоа, қулдорлик, феодализм, капитализм ва ҳакозо босқичлар такрорланган. Тарих ривоятга, ривоят эса афсона айланган.
Одам қачон ўзлигини англаганлигини эслолмайди, ўзини танигач, тарихни милоддан аввал ва кейинги даврга бўлди, Яратганни идрок қилгунича санамларга сиғинди, бутун оламни боқариб тургувчи Оллоҳ ишқи қалбини ёритмагунча аросатда бўлди. Пайғамбарлар воситасида ваҳдатни англади, қиёмат қойимдан қўрқди. Шўро тузуми худосизликни тарғиб қилди, одам иймонига иблис оралади, шайтонга ошна бўлди. Шўро империяси барҳам топиб, ҳамма худони эслаб қолган бўлса ҳам ҳали ҳанузгача улар шайтон таъсиридан қутилмаяпти.
Бундан 1,85 миллиард йил аввал Канада ҳудудига 200 км. диаметрдаги кратер келиб урилганлиги туфайли ерда ядро қаҳратони бошланган. 65 миллион йил аввал 180 км. диаметрдаги Чиксулуб кратери Мексикадаги Юкатан ярим оролига келиб урилган. Тўқнашувдан кўтарилган тўфон бир неча йиллар мобайнида Қуёшни Ердан тўсиб қўйган. Натижада ер юзида ҳарорат совиб кетиб, унинг сатҳи музликлар билан қопланган ва тирик мавжудот қирилиб кетган. Бундан 8-10 минг йил аввал глобал иқлим исиши натижасида океанлар бирлашиб кетиб, ер сатҳидан 50 метргача баландликка кўтарилган ва дуёни сув босган. 1996 йилда Японияда, 1952 йилда Курилл оролларида, 2004 йилда Ҳинд океанининг Суматра оролларида рўй берган зилзила туфайли содир бўлган цунами оқибатида сув сатҳи 15-20 метргача кўтарилиб, миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлган.
АҚШдаги 6 та етакчи илмий текшириш институти олимлари ер юзида глобал исиш ва мангу музликлар эриши натижасида 2100 йилга бориб дунё океани сатҳи бир неча метрга кўтарилишини тахмин қилмоқдалар. Канар архипелагидаги Сан-Мигель-де-ла-Пальма оролида ухлаб ётган вулқон отиладиган бўлса, сув сатҳи ердан 900 метргача кўтарилиб, 800 км. соат-тезликда ҳаракатланади ва оқибатда Африка 100 метргача, Америка 50 метргача ва Британия ороллари 12 метргача баландликдаги сув остида қолиб кетади.
Ерга яқинлашиб келаётган 390 метр ҳажмдаги Апофис астероиди 2029 йил 13 апрелда ундан 20 минг 404,5 км. узоқликдаги масофадан учиб ўтади ва ернинг тортилиш кучи натижасида ўз траекториясини ўзгартиради. Лекин 2036 йилнинг 13 апрелига келиб, бу астериоднинг қайтиб келиши ва ер сайёраси билан тўқнашиб кетиши эҳтимоллиги тахмин қилинмоқда. 1950 ДА астероиди 2088 йилнинг 18 мартига келиб, ер билан тўқнашиши мумкин. Бу ҳалокатли тўқнашув натижасида дунё океанлари сатҳи 180 метргача кўтарилади ва ер юзини сув босади.
Исо пайғамбарни худонинг элчиси эканлигини биринчи бўлиб тан олган Яҳё алайҳиссаломни Яҳё шоҳидлари ота-худо деб ҳисоблашади. Улар руҳнинг абадийлигига, жаннат ва дўзахнинг мавжудлигига ишонишмайди. Лекин тез орада Исо пайғамбар қайтиб келиб, Иблис билан жангга киришганида барча инсон зоти қирилиб кетишини башорат қиладилар.
Исо пайғамбар билан Иблис ўртасида кураш давом этаётган бир пайтда Яҳё шоҳидлари қиёмат қойимни кутиб ер остига кириб кетади, дўзах ва жаннатни тан олмаган гуноҳкор банда эса нафс ҳирсида шайтон билан оғиз-бурун ўпишишда давом этади. Жамиятда ҳамма нарса пул билан ўлчанади, виждон, иймон-эътиқод ўрнини бойлик, очкўзлик, қабоҳат ҳирси эгаллайди. Арзон-гаров сифатсиз маҳсулотлар, заҳар-заққум ясама спиртли ичимликлар, йодланмаган туз савдосига муккасидан кетган бойваччалар дўзах азобини бир чеккага суриб қуйиб, алдов ва хиёнатга бериладилар, гуноҳларини ювиш учун ҳаром пуллар эвазига ҳажга бориб, худони ҳам алдамоқчи бўладилар.
Ахлоқий тубанлашув оқибатида аҳолининг барча қатламлари ўртасида пул воситасида ҳар қандай ишни ҳал қилиш мумкин, деган тушунча табиий одат тусига киради, ёввойи олчоқликка асосланган ўртача саводхонлик даражасидаги тўпорилик ва гумроҳлик намунали маънавий-ахлоқий ҳаёт тарзи сифатида намоён бўлади. Келишувчан матбуот ва хиёбон газеталари тўтиқуш мақомида олди-қочди ва бўлмағур сафсаталар билан омма онгини ўтмаслаштиришга хизмат қилади. Амалдор ва бойваччалар қонунларга рамзий тарзда амал қиладилар, улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланадилар, истаган номаъқулчиликларини амалга оширадилар. Аҳолининг пассивлиги ва ўз ҳуқуқини талаб қилишга лаёқатсизлиги эса жамиятда олчоқлик ва тубанликни юзага келтиради.
Ярослав Гашекнинг қаҳрамони шоввоз аскар Швейк ичкетма бўлиб лазаретга тушганида ҳамширага: “Ҳатто туғишган аканг бўлиб қолган тақдиримда ҳам мени аямасдан клизма (ҳуқна) қил, чунки бутун Австрия шунга таяниб турибди”,-дейди. Клизма асосида ушлаб турилган жамият ҳаммаёқни булғаб расво қилади ва ўзидан бадбўй ҳид тарқатади.
Шоввоз аскар Швейкдан фарқли ўлароқ Россия давлат думасининг конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси В.Плигин: “Бизнинг давлатчилигимиз кўп сонли полицайлар, ҳалол-покиза махсус хизмат офицерлари, ҳалол судлар ва ҳалол прокуратура ходимларига таянади”,-дея хулоса қилди. Россия жамоатчилиги эса чин сўз эвазига яшаётган давлат тақдири ҳалол-покиза суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига тегишли эканлигидан ташвиш ва хавотир билдирмоқдалар.
Левада-марказ томонидан ўтказилган сўровномага кўра Россия аҳолисининг 80 фоизи барча амалдор ва мулозимлар устидан фуқаролик назоратини ўрнатиш, улар томонидан оддий халқ ҳуқуқлари поймол қилинишларининг олдини олиш тарафдори эканликларини билдиришган. Демократик фуқаролик жамиятида лавозим ёки амал имтиёз эмас, балки кўпчилик олдидаги масъулият сифатида қабул қилинади. Модомики қонун ҳамма учун баробар экан, унинг олдида амалдор ҳам, оддий фуқаро ҳам ўз масъулиятини бирдай ҳис қилиши керак. Ана шундагина жамият соғломлашади, қонунлар ишлайди, умуминсоний қадриятлар эъзозланади. Илмий тафаккур, ижодий салоҳият пул, бойлик билан ўлчанмайди, иймон-эътиқод турмуш тарзига айланади. Жамоатчилик онгини ўстириш, ҳар бир фуқаро Конституциявий қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва бурчларини англаб етиши, оммавий ҳуқуқий саводхонлик фуқаролик жамиятининг бош мезони ҳисобланади.
1927 йилда Англия эркин фуқароларининг ҳуқуқлари ёзилган, бир неча сарғайган саҳифалардан иборат “Буюк эркинлик хартияси” яқинда “Сотбис” фирмаси томонидан ташкил қилинган ким ошди савдосида 21,3 млн. долларга сотилди. Бу мамлакат фуқаролари учун уларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликлари қанчалик қадрли эканлигидан далолат беради.
Қадимда порахўрликда гумон қилинган амалдор ўзининг ҳалол-поклигини исботлаш учун муқаддас китобга қўлини қўйиб қасам ичган. Лекин у аввал соф виждон амрига бўйсуниб, берганнинг бетига қарама, қабилида порани олган ва уни идишдан бўшатиб, кейин бўш идишга қараган. Судда эса қўрқмасдан идиш бўш эди, дея қасам ичган. Ҳозир бундай қасам ичишга ҳожат ҳам йўқ, чунки пора олишнинг усуллари шунчалик такомиллашиб кетдики, ҳатто ракета парвозини ёки футбол ўйинини тасвирга олиш учун ўрнатиладиган 16 та видеокамера ёки ҳар қандай малакали қози ҳам бу ҳолатни исботлаб беришга ожизлик қилади ва охир-оқибатда порани эҳсон, дея баҳолайди.
Афандининг улфатлари эртага қиёмат-қойим бўлади, деган баҳона билан унинг якка-ю ягона қўйини сўйдириб, қозонга солдиришибди-да, ўзлари салқинлаб келиш учун чўмилишга кетишибди. Афанди ҳам сой бўйида чўмилаётган улфатларнинг кийимларини ўчоққа қалаб ёқиб юборибди. Қип-яланғоч қолган улфатлар бундан жаҳли чиқиб, ундан нега бундай қилганлигини сўрашганида Афанди: “Эртага қиёмат қойим бўладиган бўлса, сизларга кийим нимага керак”,-деган экан. Афанди эртага қиёмат қойим бўлишига қанчалик ишонган бўлса, тилида худо, дилида риё бўлган амалдор ва бойваччалар ҳам тавбага келмаган Лут қабиласи қавми каби бу қиёмат-қойимга шунчалик ишонадилар ва халқни алдашда давом этадилар.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |
Leave a Reply