“Туронзамин” почтасидан

tuyЗеҳният чорраҳалари

Яшашдан мақсад нима?

Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, инсон тараққиётга интилади. Нимадир яратади, ниманидир кашф қилади. Ненидир бузиб, ненидир тузатади. Замонлар ўзгаради. Тузумлар ўрин алмашади. Аммо инсон ҳаётининг маъноси ўзгармайди. Агар одамзот бу дунёда руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг қандай маъноси қолади? Аммо ана шу ҳақиқатни – яшашдан мақсад нима эканини унутиб қўямиз баъзан.

Кимнингдир оёқ олиши ёқмаса, турмуш-тутими, муомала-муносабати ғашимизга тегса, уни такаббурликда, манманликда айблаймиз. Ўзига, оиласига, ота-онасига иснод келтираётганидан оғринамиз. Панд-насиҳат билан йлга солмоқ бўламиз. Аммо бундай хурмача қилиқларни бир киши эмас, бутун бир жамоат қилса-чи..?

Ёзмоқчи бўлаётганимиз эски, аммо замонга қараб шаклу шамойилини, таъбир жоиз бўлса, мазмун-моҳиятини ўзгартириб турадиган “хасталик” ҳақидадир.

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида бу хасталикни “тўй, азо исминдаги икки қаттол душман” деб баҳолайди.

Бу муаммо бугун пайдо бўлмаганини биламиз. Аммо унга ўралашиб, “эл қатори”, “кўп нима қилса, шу-да” деб яшайверамиз. Маддалаб кетган бу хасталикни даволашга, бизни аждоҳодек комига тортаётган бу иллатга қарши курашишга кучимиз етмайди.

Хўш, қачон пайдо бўлган ўзи бу муаммо? Қачондан топган-тутганимизни бир кунда совурадиган, қулоғимизгача қарзга ботсак-да, обрўй учун қозон-қозон гуруч дамлаб, ош берадиган, қўша-қўша машиналарни қаторлаштириб, иззат истайдиган, бадавлат кишиларимиз йўл, кўприк, мактаб, шифохона қуриш ўрнига унча-мунча музейдан қолишмайдиган тўйхоналар, ресторанлар қурадиган, ичкиликка бўккан оломон даста-даста пул сочадиган, ширакайф, ярим-яланғоч қизларимиз, аёлларимиз оталари, ерлари олдида арабча, туркча оҳангларга лорсиллаб рақс тушадиган, ишчи ишини, деҳқон даласини, амалдор курсисини ташлаб, тўй-маъракага борадиган бўлган? Қачондан?

“Биз ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмиб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр етарлар. Эй, халқ! Эй, мусулмонлар! Биз на учун худо ва расулни сўзиға, ўзимизни нафъимизға амал қилмаймиз? Биз девонами?” деб ёзади Беҳбудий (“Ойна” 1915, 13-сон). Четдан қараган одамга қилаётган ишларимиз телбаликдек кўриниши аниқ. Ахир, тўй-маъракаларимиз бошдан охир еб-ичишдан иборат. Таом устига таом. Бошига мусибат тушган ўғил отасини ерга қўяр-қўймас бозорга югуради. Бу девоналик бўлмай, нима?!

“Мухтасари виқоя” китобининг шарҳида бир кишининг уйида мусибат бўлиб, ота-онасидан ёки яқинларидан айрилса, вазима қилсин, дейилади. Яъни, имкониятга қараб, одамларни чақириб бир марта дастурхон ёзиб тиловати Қуръон қилиш савоб. Лекин “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пайшанбалик” каби маросимлар динимизда йўқ. Чунки бундай маросимларда неъматлар исроф бўлади, вақт исроф бўлади. Аллоҳ таоло “…енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро У исроф қилувчиларни севмайди”, дейди (“Аъроф” сураси, 31-оят).

Унда дабдабали, серҳашам тўйлар, на ўликка, на тирикка нафи тегмайдиган эҳсонлар қаердан пайдо бўлган? Донишмандлар бу шуҳратпарастликнинг, манманлик ва такаббурликнинг оқибатидир, дейди. Шуҳратпарастлик иллат эканини яхши биламиз. Тўй қиламан, элга ош бераман, деб яхши ниятдан йиғиниб юрган юртдошларимизни шуҳратпарастликда айблашдан йироқмиз. Бироқ ҳар бир ҳолатдан: хоҳ тўй, хоҳ азадир фойдаланиб, куч-қудратини, бойлигини кўз-кўз қилишга уринадиган кимсалар, афсуски, кам эмас.

Орзу ҳавасли халқмиз

Мақсад ва ниятларимизнинг чек-чегараси йўқдек.  Нонзни жабборга бериб ишлаймиз, ўз юртимизга қаноат қилмай, хорижга чопамиз, мол-дунё тўплаймиз. Нима учун? Уй қурсам, тўй қилсам, қилганда ҳам бошқаларникидан зиёда бўлса, деб орзу қиламиз. Оқибатда ўн-ўн беш йил йиққанимизни бир кунда йелга совурамиз.

Бир тадбиркор танишим одамнинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, қўлига пул тутқаз. Бозорга чопгандан умид қилма, ундайлар тирик пулни ўлик матаҳга айлантириб, сандиққа жойлайди. Емакхонага югургандан эҳтиёт бўл, бир куни сени ҳам ютиб юбориши мумкин. Пулни олиб уйига жўнаган одамдан нимадир кутса бўлади. Ундайлар бу маблағни қаерга сарфлашни ўйлаб кўриш, мулоҳаза қилиш, ақл билан иш юритиш учун аввал уйига борадилар, деган эди. Афсуски, кўпчилигимиз қўлимизга пул тушса, бозорга чопамиз. Ўғлим улғайиб, қизим бўй етиб қолди, деймиз. Йиққанимиз-йиққан.

Ҳамма нарсани, ҳаттоки инсоний муносабатларни ҳам тўй-маърака билан ўлчашга одатланиб қолганмиз. Одамгарчилик, саховатпешалик деган тушунчаларнинг мезони ҳам ана шу маърака-маросимларда гўё. “Ният қилиб юрган экан, мана, тўрт қиздан кейин ўғил кўриб, данғиллатиб тўй қилиб берди. Отасига раҳмат! Арақ дегани сувдек оқди ўзиям. Столда қанча шиша очилмай қолиб кетди. Мана шундай тўй қилади йигит деган!” дея бор-будини совурган бечоранинг қўлтиғига сув пуркаймиз.

Айрим оилаларнинг бузилиши, баъзи аёлларнинг қон йиғлаши, қайсидир йигитнинг қадди букилиши сабаби ҳам шу тўй туфайли. Ўғлим бўлмаса, қандай элга қўшиламан, элга ош бермасам, нетиб элнинг ошини ейман, деб ҳасратидан чанг чиқадиганлар оз эмас. Тўй биз учун ҳамма нарса. Топганинг тўйларга буюрсин! Бошинг тўйдан чиқмасин! Ғам кўрма, тўй кўргин! – деб дуо қилади кексаларимиз. Тўйларга келайлик, дея юзига фотиҳа тортади ўрнидан қўзғалаётган меҳмон. Бундан яхши дуо борми?!

Миллатимиз муомала-машваратли, кенгашли миллат. Тўйдир, азадир, бир-биримизга елка тутамиз. Маърака-маросимларимиз ўзаро алоқалар, муносабатларни мустаҳкамлайди.

Халқимиз топганини эл-юрт билан баҳам кўрадиган халқ. Ўзбекни тўйсиз тасаввур қилиш қийин. Тўкинлик, файз-барака, осойишталик бор жойда тўй бўлади. Тўй – фаровонликнинг белгиси. Тўйлар, қанчалик кўп бўлса, шунча яхши. Фақат меъёрни унутмасак, мақсаду муддаомиз фақат тўй қилиш бўлиб қолмаса, элга ош бермаганни одам қаторидан чиқариб қўймасак, ишини, вақтини қизғаниб тўйга боролмаганни елдан ажратмасак, бас!

Нима учун пешона теримиз эвазига йиллаб йиққанимизни хайрли мақсадларга, дейлик фарзадларимизнинг илм олиши, тўкис яшаши, муҳтожларга яхшилик қилиш учун сарфлашимиз мумкин эмас. Ажойиб мақолларимиз, ибораларимиз бор. “Тенги чиқса – текин бер”, “Қарзга бўлса ҳам уйлан, қарздан қутуласан – хотин ёнингга қолади”… На тайинли маълумоти, на қўлида ҳунари бор йигитни уйлантиришади. Келин ҳам эндигина мактабни битирган. Дабдабаю асаса билан тўй ҳам ўтади. Катталар бўйнидаги вазифасини бажарганидан хурсанд. Оқибатда бола-бақраси билан ота-онанинг нафақасини кутиб яшайдиган яна бир оила пайдо бўлади…

Автобусда ногоҳ икки зиёлинамо опахоннинг суҳбати қулоғимга чалинди. “Фарзандларимизни ўқитамиз, тўй қиламиз, рўзғорини бутлаймиз, деб елиб-югурдик. Худога шукур, бугун барчаси ўзидан тинган. Аммо умр ўтиб кетди, ўртоқжон. Ёшимиз бир жойга бориб қолди. Ўйлаб қарасам, бирор марта на саёҳатга, на дам олишга чиқмабмиз. Дадаси билан келишиб, уй-жой, дов-даскани болаларга ташлаб, бир хонали квартира олиб чиқиб кетдик. Ўзимиз учун яшашга қарор қилдик”, деди аёллардан бири.

“Ажаб қилибсизлар. Мана, биз ўзларини боққанимиз етмаганидек, болаларига ҳам қараб ўтирибмиз. Бир кун хотиржамлик йқ. Кичкинамнинг ўғилларига суннат тўй қилиш ҳаракатидамиз. Мундайроқ ўтказаверайлик десак, бу ёқда қудалардан уяламиз, деди иккинчи опахон.

Беҳбудий ҳазратлари таъбири билан айтганда, агар тўй ва аза миллатнинг вужудидаги бир дард бўлса, бу хасталикнинг давоси бормикин? Тиббиётда касаллик чораси унинг илдизидан қидирилади. Сал кам бир асрдан буён зиёлиларимизни ўйлантириб келаётган бу муаммонинг илдизи қайерда?

Бор борича, йқ ҳолича…(ми?)

Пайғамбаримиз (с.а.в) қизлари Фотима (р.о)ни узатишдан аввал Мадинадаги енг камбағал киши қизига қандай сеп қилишини сўрадилар. Битта тошқозон, битта кўйлак, битта бўйра, битта кўрпа қилади, дейишди. У киши шундай қилдилар. Токи, қўли калта кишилар Пайғамбар (с.а.в.) қизини дабдаба билан узатибди, деб ўксимасликлари учун шундай йл тутдилар.

Айримларимиз эса андишани унутиб, ким ўзарга тўй қилишдан чарчамаймиз. Дабдабали тўй-ҳашамларни ўтказишга қурби йетмаган ор-номусли кишиларнинг кўзига қарашдан уялмаймиз.

Кичкинагина бешик тўй учун миллион-миллион сўм пул керак бўлади. Ўртача уч юз-тўрт юз минг маош оладиган киши биргина шу тўй учун қанча вақт йиғиниши лозимлигини ҳисоблаб чиқиш қийинмас.

Уч-тўрт йилдан бери хорижда ишлаб юрган яқин бир танишим икки ўғлини уйлантириш учун 10-15 минг АҚШ долларига яқин маблағ сарфлаганини, орзу-ҳавас жуда қимматга тушганини, биргина “ЗАГС” деган зорманда учун уч-тўрт миллион сўм пули кетганини айтиб, зорланиб қолди. Аммо уни ким бунга мажбур қилди? Хор-зорликни бўйнингга олиб хорижда топган пулингни бир кунлик тўйда сомондай соч, деб ким ўргатди?! Қон-қонимизда ғимирлаб юрган шуҳратпарастлик эмасми?!

Б. Луқмон.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, maqolalar. Bookmark the permalink.