Дилмурод Саййид ижодидан

dilmurodРУБОИЙЛАР
-1-
Бевафолиқ сенга одат ўлдиғин билмас эдим,
Ҳам сабр косамда тоқат тўлдиғин билмас эдим.
Ғунча лаблар бирла бир сўз менга изҳор айладинг-
Умрим гули ғунча лабдан сўлдиғин билмас эдим!
-2-
Кел, жоним, кўзларинг сузилақолсин,
Маним дил саройим бузилақолсин.
Ёлғиз болиш қучиб тирик ётгунча
Жоним қучоғингда узилақолсин!
-3-
Айди зоҳид: “Юрма кўп дилдораларнинг қасдида!”
Мен дедим: “Сўз айтмағил дилпораларнинг қасдида!”
Айди зоҳид: “Тангри бергай охиратда зўр жазо!”
Дедим: “Наҳот, Тангри мендек бечораларнинг қасдида?..”
-4-
Айди зоҳид: “Ким санам шайдоси, дўзахдир жойи!”
Мен дедим: “Менман бу кундан ўшал жойнинг гадойи!”
Айди зоҳид: “Тангридан қўрқ, етмасин офат десанг!”
Мен дедим: “Оҳ, қайси офатдан кам бу Дилбар чиройи!”
-5-
Қайта севги русмини на жону, на дил истамас,
Телба ёшлик шаҳдини, ким аҳли оқил истамас.
Дил муродини тилаб неча Пари овворадир,
Нозидин қонгач вужуд, ишқини кўнгил истамас!

2002.

%d bloggers like this: