“Туронзамин” почтасидан

«Ўтюраклар клуби»нинг Гулнора Каримова интервьюсига муносабати

Париж, Франция 23 март 2013 йил

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей, даниялик таниқли кинотасвирчи Майкл Андерсен, «Хьюман Райтс Вотч» халқаро ташкилотининг собиқ ходими Игорь Воронцов ва журналист Андре Лорш жорий йил март ойи бошида Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Женевадаги энг ҳашаматли мавзелардан бири бўлмиш Колоньяда жойлашган уйи ёнига боргани жамоатчиликка маълум.

Бу ташрифдан кейин Гулнора Каримованинг шахсий блоги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида унинг интервьюси чоп этилиб, унда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи
Мўътабар Тожибоева ва Крейг Мюррей ҳақида таҳқирли сўзлар ва айбловлар, асоссиз мулоҳазаларни айтган.

Биз бу вазият борасида ўз қарашимиз ва позициямизни очиқлашга қарор қилдик.

Биринчидан: Биз Гулнора Каримовани Ўзбекистонда тарихий кўламдаги жиноятларни содир этган ҳолда, ҳокимият тепасида қонунга, конституцияга қарши ўтирган Ислом Каримов репрессив режимининг асосий шахсларидан бири ўлароқ қабул қиламиз. Каримов ўз ҳокимиятини Ўзбекистон жамияти устидан системали ва кўламли зўравонликларни амалга оширган ҳолда сақлаб турибди.

Гулнора Каримова отасидан ҳокимиятни қабул қилиб олиш бўйича ўз амбицияларини очиқ кўрсатаётган тўнғич қизгина эмас, расмий Тошкентни БМТнинг Женевадаги ваколатхонасида тамсил этувчи мансабдор шахс ҳам бўлиб ҳисобланади.

Каримовлар оиласи томонидан Ўзбекистон миллий қонунчилиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг халқаро фундаментал тамойиллари мунтазам бузиб келинаётганига қарамай, биз бу оила аъзоларидан ўз мухолифларига нисбатан ғайриқонуний муносабатда бўлиш ўрнагини олмоқчи эмасмиз. Гулнора Каримова уйи олдига ташрифимиз чоғида биз халқаро қонунларга зид бирор-бир хатти-ҳаракат қилмаганмиз.

Биз дипломатлар мақоми борасидаги халқаро қонунчиликнинг барча томонидан қабул қилинган тамойиллари ва меъёрларига сўзсиз риоя қиламиз, аммо, шу билан бирга, Ўзбекистондаги Каримовлар оиласининг репрессив режимига мутеъ бўлмоқчи эмасмиз. Шунинг учун ҳам халқаро ҳуқуқ доирасида биз мамлакатдаги диктатурани таъқиб қилиш ишини тўхтатмаймиз.

Гулнора Каримова Ўзбекистон жамоатчилиги унга ноқулай саволларни бериши мумкинлигига тайёр бўлиши керак. Эрта ё кеч – у адолатли, мустақил судда Ўзбекистон халқи олдида жавоб беришга мажбур бўлади.

Ҳозирча эса, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига қатъий риоя қилган ҳолда, жамоатчилик давлат хизматчилари ва сиёсий жараёнларга оид маълумотларни қидириш ва тарқатиш ҳуқуқига эгадир.

Гулнора Каримованинг кўп миллион долларлик кошонасини кўришга уринишимиз Ўзбекистон халқи томонидан ишлаб топилган ёки ундан ўғирланган миллионлаб долларлар қаёққа сарфланаётгани ҳақида маълумот олиш истагидан келиб чиққанди. Ўзбекистонда диктатура ва нолегитим ҳокимият иқтидорда экан, биз мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорлари сотиб олган мулклар ва уларнинг бойлиги нақадар қонуний йўл билан топилгани ҳақида шубҳаланиш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қоламиз.

Иккинчидан: Гулнора Каримова ўз интервьюсида бизни «на бир жиддий маош тўланадиган иши, на бир қизиқиши, машғулоти бор, ҳар доим олинган пулларинигина оқлаб беришга тайёр бўлганлар» дея айблайди. Бу мулоҳаза ҳамма нарсада маънавий қадриятлардан мутлақо ҳоли бачкана манфаатлар кўрадиган Каримова хонимнинг психологик хусусиятларини очиб ташлайди. У бизларни ким молиялаштираётганини айтмайди. Шунингдек, унинг катта бойлигидан кибрланиши ҳам яққол сезилиб турибди ва у бизни «жиддий маош тўланадиган иши йўқ»ликда айблайди. Бир сўз билан айтганда, у ўз-ўзига қарши чиқаяпти.

Биз Каримовлар оиласининг оила отаси қатағон машинаси туфайли жамғарилган кўп миллионли бойлиги Ўзбекистоннинг ўз миллионли халқига нисбатан содир этилган оғир жиноят, деб ҳисоблаймиз. Унинг тарихий давомийлик муддати йўқ.

Учинчидан: Гулнора Каримова Мўътабар Тожибоевани истеҳзо билан «Ўтюраклар клуби» «президенти» деб атайди. Франциянинг 1901 йилда чиққан ва ноҳукумат ташкилотлари
фаолиятини тартибга соладиган «Ассоциациялар тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, ҳар қандай ноҳукумат ташкилотида уч лавозим бўлиши лозим – бу ташкилот президенти (муассис ўлароқ), котиби ва ҳисобчисидир. Яъни Францияда рўйхатга олинган ноҳукумат ташкилотларида президент бўлиши қонун талаби бўлиб ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили ҳисобланмиш Гулнора Каримованинг ҳуқуқий билимлари даражаси шу қадар пастлиги бизда ачиниш ҳиссини уйғотади.

Тўртинчидан: Каримова интервьюдаги ўз мулоҳазаларида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей шахсий ҳаётига безбетларга аралашишга жазм этади ва унинг оилавий аҳволи ҳақида сўзлай кетади. Бу Каримова кишининг касбий ва шахсий ҳаёти ўртасидаги фарқни кўриш имкониятидан бутунлай маҳрум эканини очиқ кўрсатади. Унинг онгига ўз мухолифларига, биринчи навбатда, кишининг яқинлари ва қариндошларига ҳужум қилиш каби диктаторлик психологияси сингиб кетган.

Аслида мухолифларга босим ўтказиш мақсадида уларнинг аёллари, фарзандлари, яқин қариндошларидан фойдаланиш Ислом Каримов режимининг собит анъанаси бўлиб ҳисобланади. Шу важдан Гулнора Каримова инстинктив равишда, аммо кам бўлмаган тажовуз билан ўз отасининг сиёсий анъаналарини такрорлаётганига ажабланмаса ҳам бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз Каримова ичида тажовузкор, эҳтимолки, отасидан кўра ҳам қатағончироқ диктатор гизланган, дея хулоса қилишимиз мумкин.

Гулнора Каримова Крейг Мюррейни турли аймоқлар, шу жумладан, Беҳзод Аҳмедов билан алоқада эканликда айблайди. Табиийки, бу сафар ҳам Каримова ўз мулоҳазаларини ҳеч бир далил-исботсиз баён қилади.

Нафсиламрини айтганда, айнан амалдаги режим Ўзбекистонда ошиб-тошиб бораётган коррупция, молиявий найрангларни юзага келтирди ва шу билан у мамлакатда содир
этилган ва этилаётган барча молиявий-сиёсий ва бошқа жиноятлар учун масъулдир. Бу режимнинг меъмори ва қўриқчиси Каримовлар оиласи, шу жумладан, Гулнора Каримованинг ўзи бўлиб ҳисобланади.

Биз кишининг (бу одам ҳатто репрессив режим вакили бўлиб ҳисобланса-да) профессионал ва шахсий ҳаёти ўртасидаги ҳуқуқий чегарани аниқ фарқлаётганимиз ва унга риоя
қилаётганимизга мутлақо аминмиз. Бу диктатурага қарши курашга йўналтирилган маълумот қидиришимиз ва тарқатишимизга ҳам дахлдордир.

Бу масалада биз Гулнора Каримова каби шахснинг хусусий ҳаётига суқилиб кириш ва уни таҳқирлашдан тийиламиз. Бироқ биз диктатурага қарши жаҳдимиздан қайтмаймиз ҳамда бу йўлда халқаро қонунчилик меъёрларига оғишмай риоя қиламиз.

Сўз сўнгида Гулнора Каримова интервьюда айтилган ўз мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, бизни маҳкамага тортса, бунга қарши эмаслигимизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Бу аввалроқ Парижда ўтган ва «Ўзбекистонда диктатура бор, Лола Каримова эса диктаторнинг қизи» дея қарор чиқарилган маҳкаманинг такрорланиши учун ажойиб имконият бўларди.

Мўътабар Тожибоева,

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.