Давлат номи: Ўзбекистон, O’zbekiston, айрим манбаларда Успехистон, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг айтишича Осиёнинг нақ марказида жойлашган.
Аҳолиси: Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини мардикорлар ташкил қилади. Қолгани шоирлар, ёзувчилар ва қўшиқчилар.
Ахолининг этник таркиби: паспорт бўйича барча аҳолини ўзбек деб ҳисоблаш мумкин.
Маданият: Бразилия, Корея ва Туркия сериаллари ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Шоирлар, ёзувчи ва қўшиқчилар Ўзбекистонда даромадли касб эгалари ҳисобланади.
Дин: Ўзбекистонда диндорларга катта эътибор билан қаралади. Ҳар йили диндорлар орасида турли танловлар ўтказилиб турилади ва танлов ғолиблари республиканинг турли минтақаларидаги оромгоҳларга узоқ муддатга текин дам олишга юборилади.
Иқтисод: Республика иқтисоди икки китнинг устига қурилган. Булар мардикорлар ва фоҳишалардир. Сиёсий фоҳишалар ҳам шулар жумласидан. Айнан сиёсий фоҳишалар сабаб, республикага доим халқаро грантлар ,,оқиб “ келади, миллий мигрантлар эса республикадан ,,оқиб” кетади.
Таълим: Ўзбекистонда Олий ва ўрта-махсус , Халқ таълими кераксиз соҳа сифатида аллақачон тугатилган. Ўзбекистон олимларининг фикрича ёш авлодга телевизордан ўрганганлари етади ва ўн йиллаб беҳуда умр сарфлашга ҳожат йўқ.
Давлат ва Сиёсат: Ўзбекистон президентининг оқилона сиёсати сабабли аҳолига ,,Ўзбекистон президенти давлатни ифодалайди, Ўзбекистоннинг ягона ва абадий эгасидир” деб тўғри тушунтирилди. Аҳоли ҳам тўғри тушунган.
Миллий байрамлар: Ўзбекистон Республикасида ҳар куни байрам.
Халқаро муносабатлар: Ўзбекистон Россия , АҚШ ва Хитой билан дўстона алоқалар ўрнатган. Уларга нисбатан ,,сувга олиб бориб, суғормай қайтариш” сиёсатини қўллайди.
Табиий ресурслар: Республикада Менделеев даврий системасидаги деярли барча унсурлар мавжуд. Олтин,уран, мис, табиий газ, вольфрам, калий тузлари, фосфорит, каолин каби фойдали қазилмаларнинг тасдиқланган заҳираларига кўра жаҳонда етакчи ўринларда туради. Фақат ҳукумат яратган ,,Бермуд учбурчаги” сабабли бу бойликлардан келаётган фойда қаерга ғойиб бўлаётганини нафақат ўзбек, балки жаҳон олимлари ҳам аниқлай олмаяпти.
Тарихи: Ўзбекистон Фанлар Академиясининг жаҳонга машҳур тарихчи олимлари қатъий ўрнатилган прейскурант бўйича истаган тарихингизни ёзиб беришлари мумкин. Айниқса мустақиллик йилларида Ўзбекистон тарихчилари мисли кўрилмаган ютуқларга эришган.
Сиёсий ҳаёт: Давлат бошқаруви Президент Республикаси ( Президентская Республика) бўлиб, собиқ СССРдан ажралиб чиққач , ўз бошқарув тизими ҳақиқатан ҳам шундай эканлигини исботлаб, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмади.
Коммунистик партия президент ташаббуси билан ҳозиргача фаолият кўрсатиб келмоқда. Фақат номи бироз ўзгартирилди. ,,Компартия” , ,,Адолат” Социал-демократик партияси, ,,Фидокорлар” ва ,,Миллий тикланиш” партияларининг бир оилага бирлашиши натижасида юзага келган ,,Миллий тикланиш” демократик партияси, ЎзЛиДеП бир ёқадан тезгина бош чиқариб ,,Буюк Келажак” қуриш билан банд. Бу партияларнинг ҳаммаси ўзларининг демократик партиялар эканига ишонади.
Ўзбекистонда сиёсий ҳаётда аҳолига катта қулайликлар яратилган. Одамларнинг вақтини тежаш мақсадида референдумлар ва сайловлар фуқароларнинг иштирокисиз ўтказилиши йўлга қўйилган.
Мухолифат: Ўзбекистондаги жорий ҳукуматга қарши бир неча партиялар, ҳаракатлар, грантдан-грантгача ишлайдиган Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари ўзаро жанжал ва провокациялар орқали кураш олиб боради. Мухолифатнинг саъй-ҳаракатлари сабабли юзлаб никоҳсиз туғилганлар, жосуслар ва ,,растратшиклар” аниқланди ва аниқлаб келинмоқда.
Қуролли кучлар: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини Қуруқлик қўшинлари (Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳақида гапирганда президент ,,қуруқланиш”ни яхши кўриши бежиз эмас) , Ҳаво Ҳужумлари Мудофааси, Ҳарбий Ҳаво Кучлари, Махсус Қўшинлар ва Миллий Гвардия ташкил қилади. Қуролли Кучлар сонини 65-70 минг аскар ташкил қилади.
Ўзбекистон Қуролли Кучларида хизмат қилишни истаган ёки истамаган ҳар бир фуқаро пул бериши лозим. Пул беришдан бўйин товлаганлар учун эса ,,Буюк Келажак” эшиклари ёпилиши мумкин.
Миллий хавфсизлик: Ўзбекистон ҳукуматининг Миллий хавфсизлигини милиция, МХХ, ЎХҲ ва ЎИҲ таъминлайди.
Вазирликлар: Ички ва Ташқи ишлар, Мудофаа ва Хавфсизлик вазирликларидан бошқа ҳамма вазирликлар кераксиз бўлгани учун тугатилган..
Президент: Ўзбекистон Президенти конституцияга қатъий амал қилишга ва халққа кечаю-кундуз хизмат қилишга ўз лавозимига киришишдан олдин ,,Ўзбек халқ эртаклари,, китобига чап қўлини қўйиб, ўнг қўли билан эсноғини тўсган ҳолда тантанали қасам ичади.
Президент Конституцияга амал қилиши шарт ва бунинг эвазига унга Конституцияни истаганча ўзгартириш ваколати берилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг оила аъзолари ҳам чекланмаган, мутлоқ ваколатга эга бўлиб, дахлсиз ҳисобланади.
Шавкат Муҳаммад тузди.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Hajv |