Таҳлил

ИНФОРМАЦИОН ТЕРРОРИЗМ

Ислом Каримов бугун Оқсаройда Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирини қабул қилгани хақида бир неча манбаа орқали тарқатилган хабар интернетдаги ўзбек хабарчилиги учун янги эрани очиб берди. BBC ва Озодлик каби нуфузли манбааларга ҳам ишончсизлик ва шубха билан қарашга мажбур қиладиган “информацион тутруқсизлик” эрасини.

Шу билан бирга, бу ходиса ғарб солиқ тўловчилари томонидан молиялаштирилиб, умуман бетараф фаолият юритишини иддао этадиган хабар манбааларининг баъзи кишларнинг истаги билан осонгина манипуляция қилинаётганини ҳам ошкор қилиб қўйди. Пировард мақсадлари шов-шув кетидан қувиш, ваҳима уйғотиш ёки ғалаён келтириб чиқаришми фарқи йўқ, улар қилган ишнинг номи информацион терроризмдир!

Ўзбекистондек ахборот ва маълумот учун ёпиқ мамлакатда баъзан манбаани кўрсатмасдан ёки яширин манбаага таянган холда хабарчилик қилишга тўғри келади. Аммо бу ҳеч кимга ҳар қандай манбаа тақдим қилган ҳар қандай хабарни миллионлик аудиторияга маъсулиятсизларча тарқатиш хуқуқини бермайди. Айниқса у мамлакат рахбарининг соғлиғи билан боғлиқ сенсацион хабар бўлса!

Айни сабабдан ғала-ғовур кўтариш илинжида бўлган қайсидир шахс, гурух ёки партия раиси манбааси номаълум сенсацион хабар етқазганда бу хабарни ёйинлашни ОАВ мутасаддилари яхшилаб ўйлаб кўришлари, маъсулиятни ҳис қилиб иш тутишлари лозим эди! Бу маъсулият талаб этадиган вазифа уларнинг касбий бурчлари хисобланишини эслатиш эса ортиқча!

Илгарироқ айни шахс томонидан кўтарилган “Гулсумой” сенсациасида хорижий ОАВлар мутасаддиларининг нопрофессионал қилмишларига кўз юмиб келажакда бу каби хатолар такрорланмаслиги учун ибрат олдилар деган хаёлга боргандик. Аммо куни кеча президент Каримовнинг юрак хуружини бошдан кечиргани билан боғлиқ хабарни улар томонидан “сенсация” қилиниши кечириб бўлмас хатодир!

Доно халқимиз “Кўр ҳам хассасини бир марта йўқотади” дейди. Аммо хорижий ОАВлар мутасаддилари бу мақолимизнинг мазмунини тушуниб етмаган кўринадилар. Улар бир шахс томонидан етказилган маълумотни бошқа манбаалардан тасдиқлатмасдан турибоқ эфирга беришлари уларнинг профессионаллик даражалари ва бетарафликларини яна бир бор сўроқ остига қўяди.

Агар вазият шу тариқа давом этса ва хар қандай “лидер” ўзи истаган мавзуда сенсация яратиб миллионлик аудиторияни алдашда давом этадиган бўлса бунинг бадалини хорижий ОАВлар мутасаддилари тўлашлари лозим бўлади. Бу “фурсатчи” гурухларга минбар яратиб бераётган ОАВларга бўлган ишончни пасайтириб, нуфузларини тушириб юборишини эса мутасаддилар яхши англашади.

Айни сабабдан президент Ислом Каримов юрак хуружини бошдан кечиргани борасидаги ёлғон хабарни Муҳаммад Солиҳдан ўрганиб бу хақда хабар тайёрлаган хорижий ОАВлар мутасаддилари, хусусан BBC ва Озодлик радиолари мазкур ёлғон хабарни Муҳаммад Солиҳ уларга ишонарсиз манбааларга таянган холда етказганини, улар бўлса шошма-шошарлик қилиб ёлғон хабарни ёйинлаганларини тан олиб баёнот беришлари лозим!

Ноаниқ манбааларга таянган холда ёлғон хабарларни тарқатиш илинжида давомли ҳаракат қилаётганлар, ким бўлса ҳам уларга минбар яратиб беришга чек қўйиш керак. Зеро хорижий ОАВлар мутасаддиларининг бурчлари сенсация яратиш эмас, ўз аудиторияларига ишонарли, холис ва бетараф хабар етқазишдир!

Давомли ёлғон хабарлар ортидан қувиб бундан ўзлари учун манфаат топишни кўзлаётган псевдо-мухолифат гурухларига бўлса, ўзларига етказилаётган маълумотнинг хақиқатга нақадар яқинлигини ўрганиб, хабар рост эканлигига ишонч хосил қилгачгина бу хабарни ОАВлар орқали тарқатишни ўрганишни тавсия қиламиз.

Зеро бу каби “арзон сенсациялар” ортидан қуваётган гурух ва шахслар ўзларининг асл мақсадлари халқ фаровонлигини кўзлаб ҳаракат қилиш эмас аксинча, турли ёлғон ва бўхтонлар ёрдамида ўзларига эътиборни жалб қилиш экани ошкор қилиб қўймоқдалар. Шу тариқа орттирилган “эътибор”нинг бадали бўлса халқ нафрати ва ўзларига “ёлғончи” ва “бўхтончи” тамғаларининг босилиши эканини улар идрок этишга ожиздирлар. Акс холда бир қармоққа икки марта илинмаган бўлишарди.

Бугун оқни оққа, қорани қорага ажратиш фурсати етди. Ёки ёлғон ва бўхтонларга асосланиб ўзларига эътибор жалб қилишни кўзлаганлар билан ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз ва халқнинг нафратига дучор бўламиз, ёинки бундай “фурсатчи” гурух ва шахсларни тарихнинг ахлат қутисига улоқтириб халқ фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилиш учун бел боғлаймиз. Хабарчилик билан боғлиқ янги эранинг бизга қўяётган талаби шу!

Олдимизда фақат икки йўл бор ва танлов сизларники азизлар!

Ўктам Худоёров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.