Нуқтаи назар

jahongir_jm4Кейинги президентни қўллайман…

Гарчи ўзини мухолифат деб атайдиган бирорта гуруҳга мансуб бўлмасамда, диктатор Ислом Каримовга, унинг сиёсатига мухолифман. У ўртадан кетиши билан бу мухолифлик ҳам битади. Чунки ундан кейин мамлакат ичидан тинч, қонуний сайлов йўли билан сайланадиган президентни чин дилдан, самимий қўллайман. Нега?

Маълумки, бугунгача танқидчиларим гоҳида очиқ, гоҳида орқадан ҳамма айбни Ислом Каримовга тўнкашда айлаб келадилар. Уларга кўра, айб Ислом Каримовнинг атрофидагиларда, бу одамлар ҳақиқатни ундан яширганлар ёки у билан бирга барча жиноятларга шерикдирлар.

Камина ҳам аввалида шу фикрда эдим. Чунки Ислом Каримов ҳокимият тепасига келганда мамлакатда демократия илдиз отаётган, озодлик шамоли эсаётган эди. Бундай пайтда у атрофдагиларга қулоқ тутишга, улар билан ҳисоблашишга мажбур қолганди. Лекин аста-секин у демократия илдизларини қуритди ва мутлоқ диктаторга айланди. Бутун мамлакат тизими битта шахсга боғланди.

Бундай пайтда айбни атрофдагиларга қўйсангиз, Ислом Каримов диктатор эмас, деган хулоса чиқади.

Агар Ислом Каримов диктатор десангиз, у ҳолда атрофдагиларнинг роли бўлмаслиги керак. Каримовнинг мутлоқ диктаторлигини кўрганимдан кейин атрофдагиларнинг унга таъсири йўқолиб боришига ишонч ҳосил қилдим.

Халқаро сиёсатда “Сурвайвл гейм”(Survival Game) ибораси бор. Бу экстремал шароитларда жон сақлаб қолиш ўйинига қиёсан айтиладиган гапдир.

Диктатура ҳам экстремал таҳликали ҳолатдир.

Диктатура ўрнатилиши билан “Сурвайвл гейм” бошланади.

Кимдир хорижга кетади.

Кимдир сиёсатни йиғиштириб қўяди.

Кимдир диктатуранинг қоидаларига мослашади. Чунки унинг хорижга кетишга ё имкони, ё истаги бўлмайди. Уйда ўтира олмайди. Ҳаёт уни кўчага олиб чиқади, қулликка кўникади.

“Бу вазиятда хорижга кетганлар билан диктатура йўлига юрганлар айни статусга тушиб қолмоқдаларку?!” дейишингиз мумкин. Шундай. Лекин бу билан ҳаммани оқламоқчи эмасман. Нафсини қўйиб юборганлар, салла деса, калла олиб келганлар, коррупция жонкуярлари, адолатни топтайдиганлар, порахўрлар, мансабини суиистеъмол қиладиганлар ва ҳоказо ва ҳоказо жиноятчилар  қонун олдида жавоб берадилар.

Бундайлар энг ривожланган демократик тузумларда ҳам бор. Фақат у тузумларда уларга қарши доимий кураш мавжуд. Қонунлар ва жамоатчилик уларни тизгинлашга уринади. Шунинг учун улар маргинал кўриниш касб эта боради.

Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг жуда кўп тизимларида, вазирликларда, дипломатик миссияларда, матбуот органларида, қуйи ҳокимият идораларида, ёшлар орасида минг-минг инсонлар борки, эртага режим ўзгариб, адолатли тузум ўрнатилса, унга жон-дилдан, ҳалол хизмат қиладилар.

Улар аслида “Сурвайвл гейм”нинг қурбонлари. Чунки бу ўйинда кўпчилик мағлуб бўлади ва бармоқ билан санарли кишиларгина ютиб чиқиши мумкин. Бу ҳам амри маҳол.

Қаранг, бир киши қуролли  жиҳодчилар даврасига кириб бориб “Тўхтатинглар бу жангни, қон тўкиб нимага эришасизлар, динимизга душманлик қилаяпсизлар!” деса, нима бўлади? Ҳа, тирик қолиши даргумон. Соғ қолса, бутун юртга “қутулма оши” қилиб берса ҳам кам!

Бошқа биров руҳонийларнинг ибодати пайтида черковга кириб “Сенларнинг китобинг сохта, қайта ёзилган, кофирсанлар” десин-чи, нима бўлади? Касалхонада кўзини очса, демак бу унинг бахти, акс ҳолда манзили асфаласофун!

Диктатура шароитида минбарга чиқиб президентни танқид қилиш ҳам ё қамоқда битади, ёки хорижда. Агар хорижга кетиш билан битса, бу ўша одамнинг бахти, чунки қамоқда чириб кетишдан қутулиш ҳам бахт.

Ана шу каби ҳолатларни ҳисобга олганда Ислом Каримовдан кейин оммавий қама-қамалар қилмасдан ҳамма айб ва жиноятлар унга оидлигини тан олиш, уни тирик бўлса тирик, ўлиб кетган бўлса, сиртдан суд қилиш лозим. Албатта янги келган раҳбарга бу осон бўлмайди. Лекин аста-секинлик билан, адолатли суд ташкил қилиниб, буни амалга оширса бўлади.

Энди асосий гапга қайтсак. Нима учун мамлакат ичидан чиқадиган кейинги президентни чин дилдан қўллайман дедим.

Ислом Каримовдан кейин унга сиёсатдан иқтисодга, адолатдан матбуотга, барча инфраструктуралардан тортиб маънавиятга қадар барбод бўлган мамлакат қолади.

Каримов Ўзбекистонни шундай нуқтага келтириб қўйдики, битта хато билан мамлакат жаҳаннамга айланиб кетиши мумкин.

Демак, жуда усталик билан, хатоларга йўл қўймай мамлакатни ботқоқдан олиб чиқиш керак бўлади. Янги президент׃
-қамоқлардаги сиёсий маҳбуслар озод этилиши;
-фаолияти ман этилган сиёсий ташкилотлар тикланиши;
-хориждагиларнинг устидан жиноий иш очилганлари тўла реаблитация қилиниши;
-халқаро ташкилотлар орқали қочқин мақомини олганларнинг мамлакатдан кетиши қонуний бўлган деб эътироф этилиши;
-хориждагиларнинг баъзилари бошқа мамлакатнинг фуқароси бўлган тақдирда уларга икки фуқаролик танилиши;
-илгари сиёсий фаолият юритганларга яна сиёсатга киришлари учун тўсқинлик қилинмаслиги;
-меҳнат муҳожирларини мамлакатга қайтариш ва эркин бизнес учун йўл очилиши;
-Туркистон эркин иқтисодий зонаси барпо этилиши;
-умумдунё ўзбеклар конгрессини тузиб, миллий яраш бошланиши каби масалаларга диққат қилса, мамлакатни тупикдан олиб чиқиш тезлашади.

Бундай пайтда ўз шахсини эмас, миллат ва мамлакатни ўйлаганлар уни қўллаб қувватлашлари ва қўлларидан келгани қадар унга ёрдам беришлари керак бўлади.

Жаҳонгир Маматов.

jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.