Таҳлил

ГУЛНОРА КАНАЛИЗАЦИЯМИЗНИ ҲАМ ТАЪМИРЛАБ БЕРОЛАДИМИ?

Янги қурилган Бунёдкор стадионида ўтқазиладиган биринчи муҳим ўйинга билетлар савдоси жараёнидаги можаролар Каримов шакллантирган ўзбек жамиятининг янги қирраларини очиб берди. Бу муаммо “Ўзбек Наво” томонидан машхур хонандалар концертларига тушиш учун билетларни қўлдан-қўлга сотилиши мисолида хаммага яхши маълум эди.

Аммо футбол ўйинига билетлар савдосида янги унсур ҳам қўшилдики, бу хақда сўз юритмаса бўлмайди: муаммога Гулнора Каримованинг жалб қилиниши! Менимча бу яхши ўзгариш ва бу омилдан кенгроқ фойдаланишга ҳаркат қилишимиз лозим. Аммо олдин билетлар масаласидан бошласак.

Билетларни сотиш учун маъсул бўлган кишилар (балки маъмурият/раҳбарлари билан келишган холда) билетларни касса орқали эмас шундоқ кассанинг олдида “қўлдан” сотадиган кишиларга кичкина қўшимча бадал эвазига улгуржи пуллашади.

Бу “кичкина бадал” концерт бераётган санъаткорнинг машхурлигига қараб баъзан билет нархининг 10%дан 25%гача миқдорини ташкил қилиши мумкин. Аммо шу тариқа бир неча бор қўлдан қўлга ўтиб шинавандага етиб борган билетнинг нархи баъзан билетда кўрсатилган нархдан ўн баробар юқори бўлиб кетиши хам мумкин.

ЎФФ (Ўзбекистон Футбол Федерацияси) ҳам бир нечта билетни кассадан сотиб қолганини “Ўзбек Наво” методи билан сотишни режалаштирган. Мухлислар эса бунга рози бўлмасдан кассалар олдида тартибсизлик келтириб чиқаришган. Доимгидек оддий халқни талаш жараёни “омон”чиларнинг ишқибозларни дубинкалар ёрдамида калтаклаши билан тугаган.

“Ўзбек Наво” концертлари муҳлисларидан фарқли ўлароқ футбол ишқибозлари бу муаммога Гулнора Каримовани ҳам аралаштиришга эришишди. Бир неча кундан бери twitterда давом этаётган ғавғога Гулнорани ҳам жалб қилиб ундан муаммони ечишда ёрдам сўрашди. Қойил азаматлар! (Сизларга пастроқда бир илтимосим ҳам бўлади.)

Гулнора ўзининг доимгидек русча акценти билан “харакат киламан” деб ёзди ва уч нуқта қўйгач “Инша’Аллах” калимасини қўшиб қўйди. “Ёпирай, бу ёғи қизиқ бўладиган кўринади. Отаси шакллантирган жамиятнинг жирканч иллатлари билан қизи қандай курашар экан, бир кўриб қўямиз… ИншаъАллох” дедим мен.

Хўш бу муаммони Гулнора қандай ечади? Пасспорт маълумотлари билан навбатга турилиб, ҳар бир автомобил заводдан харидор номига ёзилиб чиқарилиши иддао этиладиган авто салонларимизда харидордан“шакпа” олишни уддалайдиган жамият вакилларига қарши Гулнора нима қила оларди?

Менимча фақат бир нарса қила олади – ўша билетфурушларга шерик бўлиб “доля”ни каттасини олади ва twitterда бу муаммоларга кўз юмадиган бўлади. Шундай қилганда ўзининг акценти билан “Ота-угил!” деган бўлардим. Балки хали шундай ҳам дерман? Кўрамиз…

Энди юқорида айтганимдек мени қойил қолдирган футбол ишқибозларига битта илтимос қилсам. Чилонзор дахаси 49 квартал 118 уйнинг 1 хонадонида бир танишим туради (ўзим тураман деёлмайманку ахир). Хуллас шу уйда канализацион стоякнинг ертўладаги бурама қисми бир неча йил олдин тиқилган.

Танишим қўшнилари билан ЖЕКга кунда-кун ора мурожаат қилиб бу муаммони тўғирлаб беришни илтимос/талаб қилишади. Йилда икки марта пияниста сантехник келиб ертўлага кириб кетади ва бироздан шилта ахволда чиқиб “Всё, сделал!” деб бир шиша ароқни қўлтиққа уриб жуфтакни ростлайди. Аммо…

Икки ҳафта ўтгач яна эски хаммом-эски тос. Сантехник кимни “сделать” қилгани маълум бўлади. Стояк қайта тиқилиб қолади ва юқоридаги хонадонлар канализацияга юбораётган чиқинди сувлар биринчи қаватдаги танишимнинг унитазидан тошиб чиқиб бутун уйга ёйилиб кетади.

Хуллас хонадонмас Ўзбекистоннинг кичик модели: юқоридагиларга ҳечам фарқи йўқ, энг пастдагилар ахлат (янада аниқроқ айтиш шартмас) ичида яшайди. Пияниста сантехникни гирбонидан олишса “Один я ничего не могу, тут надо всю систему менят!” деб қутилади… “Да насчет системи ты прав, ну и я ничего не могу!” дейди танишим.

Яқинда ўша танишим одамлардан “Гулнора Исламовна Каримовага twitterда ёзсанг любой проблемангни тўғрлаб беради” деб эшитип қолиб тинкамни қуритяпти. Мен twitterдан фойдаланолмайман, сизлардан илтимос бу муаммомизга хам Гулноранинг аралашувини таъминлаб беринглар.

Канализацияси тузалиб уйини ахлатлардан тозалаб олсак битта ошни ўша таншимникида бирга еймиз! Афсуски Гулнора аралашмаса каналицазия муаммомизнинг ечилишидан умид йўқ. Худди мамлакатдаги бошқа миллионлаб муаммолар сингари.

“Яшасин хамма муаммоларни хал қила оладиган ягона шахс – Гулнора!” Ахир у шундай деб ўйлашимизни хохлаб ҳарақат қиляптику…

Ўктам Худоёров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.