Ризо ОБИД: ЎХҲнинг қоядан ботқоққача босиб ўтган йўли
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деб аталган, мухолифатни бир даврага йиғадиган сиёсий ташкилот тузилибди, деган хушхабарни эшитиб, бир мен эмас кўпчилик хурсанд бўлишган эди ўша кезлар назаримда.
ЎХҲ дастлабки йиғинига Замондош мультимедиа блоги ҳамкори, журналист Улуғбек Бакиров шахсан ўша анжуманда иштирок этиб, мухолифат уюшган қурултойдан ғоят шодлигини яширмай, қатор радиолавҳалар тайёрлаб, бошдан охир тафсилотларни Замондошда ёритган эди.
Ўшанда “13 май Иттифоқи” Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига айлантирилгани ва Каримов режимига қарши бўйсунмаслик ҳаракатини бошлагани эълон қилинди.
“Эрк” демократик партияси, “Андижон -Адолат ва Тараққиёт” ташкилоти ҳамда “Таянч” гуруҳи бирлашган бу янги ҳаракат фаолият бошланганидан ҳақиқатан ҳам мухолифатда янги бир куч тўлқини юзага келгани кузатилгандай бўлди.
Албатта ЎХҲнинг ташкилланиши бошланишидаёқ шубҳа билан қараганлар ҳам кўп бўлди. Бу табиий ҳол. Неча йиллардан буён бу каби кенгашлар, уюшмалар, ҳаракату партиялардан қанчаси қоғозда тузилиб қолиб кетмади дейсиз. Одамларда бу ҳам навбатдаги ўшандай такшилотлардан бири бўлиб чиқади, деган ишончсизлик йўқ эмас эди.
ЎХҲ дастлабки қадамлариёқ шубҳали экани ҳақида таниқли мухолифатчи, талантли кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов “Янги дунё” сайти муҳаррири Юсуф Расул билан бўлиб ўтган “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – МХХнинг яширин лойиҳаси” , деб аталган суҳбатида саволларга жавоб берар экан жумладан бундай деган эди:
“Абдулазиз Маҳмудов: -Мен бу ҳаракатни жиддийлигига ишонмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон Халк Ҳаракатини орқасида ва бугунги мухолифатнинг умумий ҳаракатларини орқасида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) нинг ҳиди сезиляпти. Ҳозирги жараёнда ҳукуматга асосий мухолиф куч – бу МХХ. Ўзларини мухолифат деганлар эса МХХ нинг қўғирчоқлари холос. Шуларни ичида сиз ҳам, мен ҳам қўғирчоқлармиз. Барчамиз сиёсий сахнада ўзимиз танлаган ролларни ўйнаймиз ва ушбу ролларни МХХ назоратида ижро этамиз. Бизни фаолиятимиз бу Ўзбекистон рахбарияти олдида МХХ ни зарурлигини исботловчи далил.”
Ва яна Абдулазиз Маҳмудов ўша суҳбатни:
“Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади. Вақти вақтида МХХ сценарийсидан чиқиб кетишни ҳам ўрганишимиз керак. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини чақириқларини МХХ ўйинлари деб гумон қилиб, сабр билан июнь ойини кутайлик. Эшмат ўғрини ўрнига Тошмат ўғри келиши учун халқимиз ўзини ўзи қурбон қилиши керак эмас. Агар бордию мавжуд тузум амалдорлари ичидан мард бир гуруҳ чиқиб президентлик лавозими учун ошкор курашмоқчи бўлса уларни ташқи ва ички мухолифат албатта қўллаши лозим. Сўзимни охирида мухолифатчи биродарларимдан узр сўраб, бу сўзларим арзимаган тахмин ва гумон сифатида “Янги Дунё” саҳифасида қолишини истардим.”, дея якунлаган.
Ҳозирга келиб, Абдулазиз Маҳмудов айтган ЎХҲ МХХнинг яширин лойиҳаси бўлиб чиқмадими?
Бугун биз мана шу савол атрофида бу гуруҳ фаолиятини холисона қисқача таҳлил қилиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Даставвал кўпчилик мухолифатчиларни ғашини келтирган нарса ушбу ҳаракатга доим бузғунчилик билан шуғулланиши айтиладиган, диктатор Ислом Каримовдан ҳеч фарқи йўқ, дея баҳо бериладиган жаноб Муҳаммад Солиҳ раис бўлиб қолгани ҳақида кўп гапирилди.
Ҳаттоки ўша пайтларда ЎИҲЖ ( Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ) ичида ўзаро зиддият келиб чиқиб, икки гуруҳга бўлиниб ҳам кетди. ЎИХҲнинг бир бўлагининг Президенти, деб аталадиган Абдужалил Бойматовни таниқли ҳуқуқбон Толиб Ёқубов МХХнинг жосуси, дея фош этувчи қатор мақолалар ҳам эълон қилдилар.
Замондош сайтига берган интервьюларида жаноб Абдужалил Бойматов ЎХҲ раиси МуҳаммадСолиҳни қайта-қайта Каримовдан баттар диктаторлигини кўп бор урғулади. Лекин Абдужалил Бойматовнинг турли ОАВлари орқали янграган танқидлари, қумга сингган сувдай йўқ бўлиб кетаверди. М. Солиҳдан акс садо тугул “қилт” этган ел чиқмади.
Муҳаммад Солиҳ ноқобил сиёсатчилиги хусусида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Башорат Эшова бонг урди. Муҳаммад Солиҳ парвойи фалак бўлдилар.
Таниқли журанлист Галима Бухарбаева Муҳаммад Солиҳнинг радикал исломий гуруҳга айлангани ҳақида қатор чиқишлар қилди. Аёл киши билан тенг келаманми, деб писанд этмадилар.
“Бирлик” халқ ҳаракати партияси эса бошланишиданоқ у ҳаракат мухолифатни уюштиряпмиз, дейишибди, бизнинг хабаримиз йўқ, дея инкор этди.
Ҳаракат бошланишиданоқ ёлғонларни урчитди. ЎХҲ сафига қўшилди деб эълон қилинган “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова умуман ЎХҲга унинг партияси даҳли йўқлиги хусусида баёнот берди.
“Бирдамлик” демократик ҳаракати лидери Баҳодир Чориев ҳам ЎХҲ каби ҳаракат бир ҳовуч муллаваччалардан иборат гуруҳ, дея атаб, унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳни “Озодлик” радиосига баҳс чақирса ” унга жавобан Чориев мени тенгим эмас” , деб осомондан келди.
М. Солиҳ жаноблари таниқли сиёсат ва давлат арбоблари Жаҳонгир Муҳаммад, Бобур Маликовларнинг ЎХҲга нисбатан сиёсий баҳоларини эшитиб, таҳлил қилиш ўрнига, душманларимиз хуружи деб атади.
Таниқли сиёсатчилар, адиблар ва шоирлардан Насрулло Саййид, Холдор Вулқон, Тоғбой Абдураззоқ, Ғафуржон Йўлдошевларнинг самимий маслаҳатлари битилган сўзлар Муҳамммад Солиҳ жаноблари қулоғига етиб бормай гўё шамолга совурилгандай изсиз, унсиз кетди.
Умрим давомида фойдасига фикр айтган дўстдан душман ясовчи инсонлардан иккитасини аниқ учратдим. Бири Ўзбекистон диктатори Ислом Каримов, иккинчиси Муҳаммад Солиҳ жаноблари.
Энди яна бўлинишлар ҳақида мулоҳазаларимни давом эттирсам. ЎИҲЖнинг бошқа бир бўлаги раиси Ҳазратқул Худойберди ҳам аввалига ЎХҲни қўллаган эсада, кейинчалик ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳнинг диктаторлиги сабабидан у ташкилотдан чиқишини эълон қилди.
Мўҳтарам Толиб ака Ёқубов аввалига Ҳазратқул Худойбердини бу баёноти ортидан лавозимидан бўшатди. Кейин эса, мен адашибман, узр яна раҳбарликка қайтинг, деб интернетда хабар берди. Кейинроқ эса ЎХҲ раҳбариятининг “қулоқсиз”лигидан ёзғирган гаплари ҳам ҳавога совурилди чамаси.
ЎХҲ таркибидан чиқишлар кўп бўлгани боис улардан ким, қачон кириш ёки чиқиш саналарини кетма кет тартибда ёдлаб қололмаган бўлишим мумкин. Бу учун узр. Лекин шуниси аниқки, юқорида ҳаракат ташкил бўлган пайтда уюшган ташкилотлардан бугунги келиб ҳеч қайси бири қолмаган.
Энг катта бўлиниш бошланиши менимча “Андижон -Адолат ва Тараққиёт” ташкилотининг ЎХҲдан чиқиши ҳақидаги баёноти билан бошланган эди чамаси.
Улар юмшоққина қилиб, бизнинг йўлларимиз бошқа ва ҳакозо, дейишган бўлсада, аслида раис Муҳаммад Солиҳ билан чиқиша олмаганлари бўлганини яширишмади.
Ундан сўнг Ҳазратқул Худойберди бошлиқ ташкилот ҳаракатдан М. Солиҳ билан муроса қила олмай чиққанини юқорида айтиб ўтдик
Шундан сўнг бўлиниш давом этаверди. Мухолифатнинг энг тажрибали вакилларидан бири, ҳар қандай ўзгача фикр ҳамда танқидларга чидамли, айирмачиликни ёқтирмайдиган таниқли сиёсат намоёндаси Исмоил Дадажон ҳам не тонгки “…Муҳаммад Солиҳни бирор бир фикри билан, таклифи билан кeлишолмаган одам ҳоин, сотқин, МҲҲ тамғасини олади…”, дея у билан ҳамкорликдан воз кечди.
Бўлиниш бу билан тўхтамади. Ҳатоки раис Муҳаммад Солиҳнинг ўзининг энг яқин жигари, укахони, ишонгани “Таянч” гуруҳи раҳбари Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳам ЎХҲдан чиққани ҳақида баёнот берди.
Бу орада бу ҳаракатга бирров бошини тиқиб, бир пиёла чой ичгани, дегандай кимлар кириб, кимлар чиқмади дейсиз. Уларнинг ҳаммасини номларини санаб ўтириш учун вақт увол.
Хўш, бугунга келибчи? ЎХҲ “парвози” қандай кечяпти? Таъбир жоиз бўлса бу ҳаракат Муҳаммад Солиҳ ўзи билан бирга ҳисоблаганда уч-тўрт нафар қаноти қайрилган ногирон қушчаларни эслатмоқда эмасми?
Сўнгги ҳолатга бир назар ташлайлик. Яқиндан буён М. Солиҳнинг аввалроқ ташкил этиб, сўнг ёпилиб кетган “Пона” сайтидаги каби ҳолат ЎХҲ сайтида ҳам такрорланмоқда.
Ўша сайтда ҳам МХХдан чиққанлиги айтилган бир номаълум шахс номидан мухолифатнинг энг кўзга кўринган намоёндаларини жосус, дея бадном қилувчи рўйхат эълон қилинганди. Кеча яқинда Муҳаммад Солиҳ яна бир шахси номаълумлигини ўзи эътироф этаётган Усмон Ҳақназаров деган имзо билан, кўплаб мухолифат фаолларини МХХ жосуси, деб бадном қилувчи рўйхат билан, фотошопни эълон қилиб ўтирибди. Одамнинг оёғи ердан узилса шундай бўлади шекилли. Ўзидан пастдагиларни кўрмай қоладими ёки фақат мақтовталаб бўлиб қоладими, билмадим.
Бугунга келиб ЎХҲни бошқалар эмас, Муҳаммад Солиҳ ўзи барбод қилиб қоядан ботқоқликка судраб туширгани аён бўлмаяптими?
Ёмоннинг кучи япалоққа етибди, деганларидай, энди эмишки ЎХҲнинг фаолиятига Замондош сайти ҳалақит бераётганмиш. Эй, жаноб раис, сизга ёқадиган сўз шу экан билдик, сизни ёки сиз бошлиқ гуруҳни яна биргина Замондош танқид қиляпгани йўқку ахир. Ана юқорида қанча одамлар фикрларини келтирдик. Ёки улар сизнинг назарингизда одамлар эмасми?
Тўғри, Замондош жамоатчилик асосида юритиладиган кўпчиликнинг очиқ минбари. Унда тажрибали ва тажрибасиз ижодкорлар бор. Ютуқлар билан бирга камчилик ва хатоларга ҳам йўл қўйиб турамиз. Бу борада бизга танқидий мақолалар жўнатишса, уларни ҳам эълон қилиб борамиз.
Ҳозир айтганимдай жамоамизда Тоғбой Абдураззоқ, М. Мансур, Ҳаёт Али, Баҳтиёр Ҳасан, Анвар Каримов, Саодат Амонова, Малоҳат Эшонқулова, Жаҳонабегим, Райёна, Дилобар Каримова, Соҳиба Ҳайитбоева, Меҳрибон Қадамова каби тажрибали ижодкорлар қаторида Максим Назиров, Шавкат Муҳаммад, Мистер Қалампир, ва яна ўнлаб ёш қаламкашлар ҳам мустақил фикр юритиб, ўз асарларини эълон қилиб туришади. Яна қайси бир ҳамкор муаллифларимизнинг номларини айтиб ўтмаган бўлсам аввалдан узр сўрайман.
Замондошнинг сўнгги йўл қўйган қўпол хатоларидан бири бу Хуршида Жўрабоева синглимизнинг ўзаро суҳбати сайтга чиқиб кетгани бўлди. У ҳам аввал Шавкат Муҳаммаднинг шахсий блогидан кўчириб олинган, ўша сайтнинг мулки эди. Бу аудиолавҳани менинг шахсан беътиборлигим сабаб саҳифага қўйиб юборганман. Шу ўринда, ҳозир авваламбор Шавкат укамиз билан Хуршидахон синглимизнинг ўзаро шахсий муносабатларини ойдинлаштириш уринилган ўзаро суҳбатларини сайтга чиқариб юборганим учун икковларидан ҳам , қолаверса Замондош сайтининг кўпсонли ўқувчилари ва мухлисларидан ҳам узр сўрайман.( Ҳозир сўз кетаётган Хуршида Жўрабоева ва Шавкат Муҳаммад шахсий айтишувлари сайтдан олиб ташланди). Келгусида бу каби хатоларга иложи борича йўл қўймаслик учун ҳаракат қиламиз ва фаолиятимизни муҳокама қилиб чиқиб, тегишли чора оламиз.
Беайб парвардигор. Айрим дўстларимизнинг интернет орқали бемаъни олди-қочди гап- сўзларини жиддий, деб ҳисобламаганим учун уларга тўхталиб ўтирмадим.
Хулоса ясаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола азизлар!
zamondosh.com
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Tahlil, Uzbek |