Таҳлил

ТАМҒАЛАР

Агар дўппини олиб қўйиб фикр юритсангиз мустақиллик йилларида хоин ва халқ душмани каби турли “тамғалар” билан судланган ёки шу ном билан “сийланаётганлар” сони кўпайиб кетди. Мазкур тамғалар астойдил ишлатила бошлаган вақтдан буён ўтган даврни кузатадиган бўлсак, шўрлик ўзбекистонликлар ғирт хоинлар ва халқ душманлари орасида яшаётган бўлиб чиқади. Бир мамлакатда шунча ғаламис, хоин ва халқ душманининг борлиги, умуман олганда бироз ташвишли ҳол. Шу боис, биргалашиб мана шу муаммо юзасидан ўзимиз учун аниқлик киритиб олсак, тамғаларнинг эгаларини тиниқ тасаввур қилиб олиш учун. Аниқлик киритиб олишда Ўзбекистон Жиноят кодексидан фойдаланамиз…

Халқ душмани деган айбловни асослаб берувчи моддани топиш бирмунча қийин бўлди. Зеро, қонунларимизда бундай модданинг ўзи йўқ экан. Дарҳол, чапак чалиб, ана бўлмаса, демак оғзимизга келганини жавраб ётибмиз эканда а, ҳеч бир асоссиз дейишимга сал қолди. Кейин бироз эҳтиросни жиловлаб, ЎзРЖКни варақлаб чиқдимда, ўша тамғага бироз бўлсада яқин келувчи, уни қисман бўлсада асослаб бериши мумкин бўлган моддани топдим. Қайси модда экан дейсизми, ЎзРЖКнинг 151 (“Агрессия”) ва 153-моддалари (“Геноцид”). Зеро, назаримда айнан шу жиноятлар халқларга нисбатан амалга оширилади ва албатта мазкур жиноят билан ушланган шахс ёки шахсларни халқ душманлари дейиш тўғри бўлади, фикримга қўшиласизми? Демак, ана шу моддалар ёрдамида айрим ватандошларимиз ва эндиликда ватанимиздан йироқда бўлган юртдошларимизга нисбатан қўлланилаётган “халқ душманлари” деган айбловларнинг нечоғли асосли эканини аниқлаб оламиз.

Демак, ЎзРЖКнинг 151-моддаси (“Агрессия”)га кўра, мазкур жиноятни содир этганликда айбланадиган шахс қуйидаги ҳаракатларни амалга оширмоғи лозим, яъни “Босқинчилик урушини режалаштириш ёки унга тайёргарлик кўриш, шунингдек шу ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган фитнада қатнашиш… Босқинчилик урушини бошлаш ва уни олиб бориш”и лозим. Шу ҳаракатларни амалга оширган тақдирдагина у шахс ёки шахслар агрессия содир этган бўлади ва маълум бир халққа нисбатан ёвузлик, яъни душманлик амалиётини қўллаган бўлади экан. Умуман олганда бундай ҳаракатлар ортида турган одамларни сўзсиз душман дея оламиз, нафақат биз, ёки уларнинг бу қилмишларидан азият чеккан халқлар, балки бутун дунё жамоатчилиги ҳам шундай. Ҳар қалай агрессия ўз номи билан агрессияда, шундайми? Бу моддага яна қайтамиз, кейингисини ҳам кўриб чиқсак.

ЎзРЖКнинг 153-моддаси (“Геноцид”)га кўра, мазкур айблов билан жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахс ёки шахслар, мана бу ҳаракатларни амалга оширган бўлишлари шарт, яъни “миллий, этник, ирқий ёки диний мансублигига қараб, бир гуруҳ шахснинг жисмонан тўла ёки қисман қирилиб кетишига олиб келадиган турмуш шароитини қасддан яратиш бундай шахсларни жисмонан тўла ёки қисман қириб юбориш, бола туғилишини зўрлик билан камайтириш ёхуд болаларни ана шу одамлар гуруҳидан олиб, бошқасига топшириш, шунингдек, бундай ҳаракатлар содир этиш тўғрисида буйруқ бериш”лари керак экан. Гапнинг очиғи, моддада назарда тутилган ҳолатларни келтириб ўтгунимга қадар кўнглим увушиб кетди, негаки айрим ҳолатлар таниш туюлдида… Демак, ана шу ҳаракатларни содир этган инсон ёки инсонлар, шубҳасиз англаб турганингиздай маълум бир халққа нисбатан душманлик сиёсатини олиб борганликда айбланмоғи ва бемалол халқ душмани деган тамғага муносиб топилмоғи мумкин. Бу моддага ҳам кейинроқ қайтамиз.

Ўзбекистонда анча машҳур бўлиб улгурган яна бир тамғага доир моддани ҳам кўриб чиқсак. ЎзРЖК 159-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш”)га кўра, бундай айб билан жавобгарликка тортилувчи шахс мана бу ҳаракатларни содир этган бўлмоғи шарт, яъни “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш”и керак.

Модданинг кейинги бандига ҳам эътибор қаратсак, демак унга кўра, кимнидир Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айблашимиз учун, ўша кимдир “Ҳокимият конституциявий органларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки уларни Конституцияда назарда тутилмаган параллел ҳокимият тузилмалари билан алмаштиришга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ваколатли органларининг Ўзбекистон Конституциясида назарда тутилмаган тартибда тузилган ҳокимият тузилмаларини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарорларини белгиланган муддатда бажармаслик” каби ҳаракатларни содир этмоғи лозим, шунда у 159-модда бўйича жавобгарликка тортилишда ҳақли бўлади.

Модданинг энг сўнгги банди ҳам бор, унга кўра, мана бу ҳаракатларни содир этган шахс, конституциявий тузумга тажовуз қилган хисобланади, яъни у “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш”да иштирок этган ёхуд ўзи шу ишга қўл урган бўлиши керак. Фақат шундагина биз 159-моддани қўллаб, бу шахсни жавобгарликка тортишимиз ва ҳатто уни Конституциявий тузумга тажовуз қилган кимса сифатида танишимиз мумкин бўлади. Акс ҳолда айбловимиз асоссиз ва уйдирма бўлиб қолади.

Демак, айрим “пешво”лар томонидан тамға сифатида ишлатилаётган айбловлар аслида асосли ва салгина бўлса-да ҳақиқатга яқин бўлиши ва бу билан айни айбловларни ишлатаётган томон ўзини ростгўй ва адолатли қилиб кўрсатишда нечоғли ҳақ эканлигини исботлаши лозим. Зеро, айбловларни бисмиллоҳ қилиб олганлар сўзсиз ўзини шунга ҳақли хисоблайди. Хўш, қани кўриб чиқайликчи уларнинг ўзларига бераётган нисбати тўғримикан…

Аввало ЎзРЖКнинг 151-моддасига (“Агрессия”) эътиборимизни қаратсак, яъни унда мазкур модда бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахс томонидан амалга оширилиши зарур ҳаракатлар баён қилинган.

Яъни, айбланувчи (хоҳ тергов органлари томонидан суриштирув натижасида бўлсин, хоҳ миллат “пешво”лари ўзлари томонидан оғзаки белгилаган айбловлари бўлсин) “Босқинчилик урушини режалаштирган ёки унга тайёргарлик кўрган, шунингдек шу ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган фитнада қатнашган… босқинчилик урушини бошлаган ва уни олиб борган” бўлмоғи шарт, шундагина у чинакамига маълум бир халққа нисбатан (бизнинг мисолда эса ўзбек халқига нисбатан) душманлик қилган бўлади. Сочларим бироз сийраклашиб қолган бошимни қашиб ўйлаб кўрдим, сиз ҳам ўйлаб кўрингчи, ҳозирги кунда мазкур тамға билан сийланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва ҳорижий ташкилотларда фаолият олиб борган йигит қизларимизнинг бирортаси қўштирноқ ичидаги ҳаракатларни содир этганмиди?

Яна бир модда, яъни ЎзРЖКнинг 153-моддасига (“Геноцид”) эътибор берсак ҳам қизиқ ҳолатларни аниқлаймиз, яъни моддада айтилишича, халқ душмани деган номга сўзсиз муносиб бўлган шахс ёки шахслар “миллий, этник, ирқий ёки диний мансублигига қараб, бир гуруҳ шахснинг жисмонан тўла ёки қисман қирилиб кетишига олиб келадиган турмуш шароитини қасддан яратган бундай шахсларни жисмонан тўла ёки қисман қириб юборган, бола туғилишини зўрлик билан камайтирган ёхуд болаларни ана шу одамлар гуруҳидан олиб, бошқасига топширган, шунингдек, бундай ҳаракатлар содир этиш тўғрисида буйруқ берган” бўлиши керак.

Ҳозирда мамлакатимиздан анча йироқда ватан фироқида ёнаётган миллатдошларимиз ва ҳатто мамлакат ичида қолаётган, аммо ҳар қандай имконият ва шароитдан мосуво қилинган юртдошларимизнинг бирортасини шундай ҳаракатларни содир этганликда дадил айбловчи асосимиз борми? Йўқ! Аммо моддадаги айрим ҳолатлар юзасидан асл айбдорларни аниқлаб олишимиз мумкин.

Истаган ёш келин-куёвдан сўрасангиз, бир ҳолат бўйича сизга батафсил гапириб беришлари мумкин. Яъни, биринчи фарзанддан сўнг аёлни қайта туғмаслиги чораси кўрилиши ҳолатини. Энг даҳшатли томони, бу чора аёлнинг истагини инобатга олган ҳатто уни бу ҳақда огоҳлантирган ҳолатда кўрилмайди, аёл баъзи ҳолларда қайта туғмайдиган бўлиб қолганини билмайди ҳам.

Назаримда мамлакат туғруқхоналарида бундай амалиётнинг кенг ва ҳеч қандай ҳадиксиз олиб борилиши учун фақат ва фақат битта одам рухсат бермоғи шарт. Қаранг, мисол келтирганимиз модда бўйича ҳатто аёлни қайта туғмайдиган қилиб қўйиш ҳам ГЕНОЦИД ҳисобланар экан, демак халқнинг асл душманлари ким экан?..

Моддадаги яна бир, назаримда жуда ҳам мухим нуқтага эътибор беринга. Халққа нисбатан душманлик қилганликда айблашимиз мумкин бўлган шахс ёки шахслар “миллий, этник, ирқий ёки диний мансублигига қараб, бир гуруҳ шахснинг жисмонан тўла ёки қисман қирилиб кетишига олиб келадиган турмуш шароитини қасддан яратган” бўлишлари керак экан. Ўзбекистондаги ОАВлар ҳеч бир андишасиз тарқатаётган ёлғонларини четга суриб, ҳар биримиз ўз ёнимизда, атрофимизда кузатиб келаётганимиз ҳолатни реал баҳолаб кўрсак.

Айтингчи, ўша 153-моддадан (вақтинча) узиб олганимиз анави иқтибосга мос келаяптими ҳаётимиз, йўқми? Ахир ким, қайси қишлоқ, туман, шаҳар фуқароси турмуш шароитимиз зўр, шу боис ҳар йили паҳлавон ўғлонлар, ойдек гўзал, соғлом қизлар туғилаяпти, барча неъматлар муҳайё бўлгани боис фарзандлар ҳам, ота-оналар ҳам руҳан, жисмонан бақувват дея олади? Борми шундай мард? Мен бу ерда анави бир қисм костюм шим кийиб олиб, безрайиб ўтирганлар ва уларнинг оиласини назарда тутмаяпман… Демак, хулоса қиламизки, ким, нима экан?..

Сўнгги йилларда биз ЎзРЖКнинг 159-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш”)ни шу қадар кўп қўллаб юбораяпмизки, натижада бу қурғур Конституциявий тузумга ҳамма қарши, ўша тузумнинг ўзидан ташқари деган хулосага эга бўлиб қолаябмиз. Ростда ахир, қаранг, ана шу модда бўйича ҳатто ногиронларни қамадик, олтмишдан ошган чолларни қамадик, аёлларни қамадик, эндигина вояга етганларни қамадик, эмизикли боласи борларини ҳам қамадик, шундайми?

Демак, қамалганларнинг ёши, жинси ва ниҳоят жисмоний ҳолатини ўрганиб чиқиб хулоса чиқарадиган бўлсак, мелиса, прокурор, миллий хавфсизлик хизмати (?), судья, ҳокимлар, вазирлар, маслахатчилар ва шахсан мана шу армияга бош қўмондон бўлган шахсдан ташқари ҳамма, бутун халқ ана шу Конституциявий тузумга қарши эканда… Ўзларининг қаршилигини ким қандай изҳор этаётганига ҳам эътибор берсак.

Яъни, унга кўра “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш”. Келинг буни ҳам қисқагина таҳлил қилиб кўрамиз, бунинг учун моддадаги мана бу сўзларга эътибор берсак “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш” .

Эмизикли боласи бор аёл, кечагина вояга етганлар сафига қўшилиб улгурмаган йигит, ногирон инсон ва ниҳоят ёши 60 дан ошиб улгурган отахон ва онахонлар қандай қилиб ана шу қўштирноқ ичида ёзилган ҳаракатларни содир этиши мумкин. Биз нима, Фаластинда яшаябмизми, ҳар он-ҳар онда қуролли гуруҳлар у ёки бу шахсни отиб кетгани. Балким Ироқда яшаётгандирмиз? У ҳолда мамлакат ОАВлари мусаффо осмон, тинч осойишта ҳаёт ҳақида очиқдан очиқ ёлғон гапираяпти эканда.

Тасаввур қилинг, ҳатто ногирон ва вояга етмаган йигитларимиз ҳокимиятни четлатишга уриниб яшаётган бўлса, ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилаётган бўлса… Ҳудудий яхлитликка таҳдид қилаётганлари боис шўрлик чегарачиларимиз хавф остида қолиб, ҳимояга муҳтож бўлиб қолибдиларда а? Бордию шундай экан, чегара қўшинларимизнинг қудрати, қуролли кучларимизнинг имкониятларига ишонишнинг ҳожати йўқ эканда…

Банднинг энг сўнгги сатрига эътибор беринга, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш”. Яъни, бу дегани кўчанинг ўртасида туриб олиб, одамларни чегараларимизни бузиб ташлашга, ерларимизни ўзгаларга топшириб, мамлакат (тарихий жараёнлар мисолида айтадиган бўлсак) дарвозалари калитини ғанимга топширишга даъват қилинмоқда дегани. Тавба, анча таҳликали мамлакатда яшаётган эканмиз, билмабмиз ҳам… Президент 19 минг гектар ерни Туркманларга совға қилиб юбориши ҳудудий яхлитликни бузиш хисобланмайди, чунки ерларимиз, эрларимиз ва ҳатто аёлларимизнинг ягона эгаси шу зот, ёнидагилардан бошлаб, ҳўв пастидагиларигача ҳаммаси “ота” дейишига қараганда …

Хуллас бизнинг миллатдошларимиз, ҳар биримиз учун дил-дилидан эзилиб ғам чекаётган юртдошларимизни ҳар ҳил номлар билан аташда эҳтиёт бўлган маъқул, зеро ким аслида кимлигини исботловчи имкониятлар мавжуд ва улар не таажжубки халқ томонида. Таҳлилни яна давом эттириш мумкин, аммо мен шу ерда сўзимга нуқта қўяман, зеро мен ким аслида кимлигини исботлаб бўлдим. Истасангиз қолган моддаларни таҳлил қилиб менинг ҳақлигимни янада мустаҳкамлаб олишингиз мумкин…

Ҳусниддин.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s