Таҳлил

Баҳорда жийданинг остидан ўтганлар фавқулодда “фаоллашиб”,  тепалари” тепиб қолади

Охирги пайтда Ўзбекистонда тартибсизликлар келиб чиқиши борасида “башоратлар” кўпайиб қолди. Бундай тартибсизликларнинг хукумат манфаатларига хизмат қилиши, шу сабабдан хукуматнинг ўзи бундай тартибсизликларга ҳомийлик қилиши айтилмоқда. Бу гаплар нақадар хақиқатга яқин? Ўзбекистоннинг баъзи худудларида тартибсизликлар келиб чиқариш ҳаракатлари аллақачон бошланганми?

Илгарироқ хукуматнинг мавжуд муаммоларга муносабатини таърифлар эканмиз хукуматнинг катта муаммолар вужудга келтириш билан олдинги муаммоларни унуттираётгани борасида ёзгандик. Бунинг оқибатида балки эксклавлар ёки чегара худудларида бирор қуролли муаммо келтириб чиқариш мавжуд иқтисодий-ижтимоий ва хатто сиёсий муаммоларнинг эътиборсизлашишига хизмат қилиши мумкинлигини таҳмин қилгандик.

Аммо аслида хукуматнинг тартибсизликлар келиб чиқишидан хавфсираши, бунинг олдини олиш учун мавжуд воситаларни максимал ишга солаётгани ҳам хақиқат. Чунки бугунги кунда тартибсизликлар келиб чиқиши Ўзбекистонда “Араб бахори” жараёнлари бошлангани сигналини бериши, бу тартибсизликлар миқёсини бошқариб бўлмайдиган даражада кенгайтириб, хақиқатдан оммавий норозиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Айни сабабдан бугун махсус хизматлар фуқаролик жамияти вакилларини сиқувга олишган. Бутун бошли МХХнинг асосий вазифаларидан бири саноқли “сиёсий фаол” хисобланган фуқароларни таъқиб қилиш ва уларни “зарарсизлантириш” бўлиб қолган. Гарчи бундай фуқаролар ўн йиллардан бери таъқиб остида эди: уларнинг телефон қўнғироқлари тингланар, электрон ёзишмалари, қилаётган сафарлари кузатиб туриларди.

Аммо энди МХХнинг зиммасига уларни соядек таъқиб қилиш вазифаси ҳам юкланган. Бутун мамлакат бўйлаб бундай фуқароларнинг ҳаракатланишини чеклаш мақсадида ички кўрсатмалар ёйинланган. Буни айниса кейинги пайтларда фаоллашиб қолган “Бирдамлик” ҳаракати вакиллари, хусусан Малохат Эшонқулова мисолида яққол кўриш мумкин.

Ўз сафига одам жалб қилиш илинжида яқин қариндошларини ҳаракат аъзолигига рўйҳатга олиши ортидан МХХнинг махаллий вакиллари унинг яқинларини сиқувга олмоқда. Вазият шу даражага бориб етмоқдаки, уларнинг яқинлари Малохат Эшонқулованинг фаолиятини танқид қилиб, ўзларининг бу ҳаракат сафида эмасликлари борасида баёнот ёздириб интернет манбаалари орқали уларни ёйинлатишмоқда.

Демак режим кичик бўлсада тартибсизликлар келиб чиқиши у ёқда турсин, хатто оддий фуқароларнинг номигагина бўлсада “сиёсий фаол”га айланишларидан манфаатдор эмас. Бу ходисалар воқеликнинг яна бир томонини очиб беради: сиёсий фаол фуқаролар ўз сафларини хатто қариндошлари билан ҳам тўлдира олмаётир эканлар, демак бегона фуқароларни тартибсизлик у ёқда турсин қайсидир ҳаракат аъзолигига ҳам жалб қила олишмайди.

Бу эса мамлакатда кимдир тартибсизлик уюштиришга ҳаракат қилса ҳам оддий халқ томонидан ҳеч қандай дастак ололмайди деганидир. Мазкур хабарларга эса ичкаридан сиздирилган сирли маълумот эмас, аксинча ички ахволни яхши билмайдиган, халқ зехниятидан бехабар кишиларнинг қайсидир гурухларга жасорат бериш мақсадида тарқатаётган провокатив дезинформацияси сифатида қараш керак.

Муҳим ўзгаришлар кимлардир бу ўзгаришларни жуда хохлаганида эмас, балки одамлар бу ўзгаришларга тайёр бўлачгина амалга ошади. Бу эса тамомила зехният масаласи.

Бошқача айтганда баҳорда жийданинг остидан ўтганлар фавқулодда “фаоллашиб”  тепалари ” тепиб қолади. Шу ҳолга тушмасак бўлгани.

Ўктам Худоёров.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.