Дилдаги гаплар

Ризо Обид: Мен ота ўғилман
Аниқ эсимда йўқ, неча ёшда эдим. Лекин шуниси ёдимдаки, ҳали мактабга бормасдим. Чамаси уч ё тўрт ёшлар бўлсам керак. Ҳовлимизнинг катта дарвозаси олдида туриб олиб кимдир от-уловда, кимдир пиёда катта бозорга ўтадиганларни томоша қилиб туришни ёқтирардим. Ким қўй етаклаган, кимдир бир товуқми ё хўроз қўлтиқлаган. Яна бошқа биров эса томорқасида етиштирган мевами ё сабзавотни қопга солиб орқалаган кўйи ўтишарди.

Шундай тамошалардан бирида дадам бозордан олиб келиб қўлимга тутқизган хўрозқандни шимиб тургандим, мендан ёши каттароқ бир бола ёнгинамга келдида қўлимдаги ширинликни юлқиб қочди. Нарироққа бориб, уни ялаб туриб, яна мени ҳазил мазах қила бошлади. Мен у томонга югурдим. Лекин у ўч-тўрт ҳатлаб кўздан ғойиб бўлди.

Менинг қўлимдаги хўрозқандимни олдирганим бир нави-ю, яна мени масхара қилгани жуда алам қилди. Ҳовлимизга тумшайиб кириб келдим. Лаб-лунжим осилганини кўрган дадажоним, ҳа нима бўлди, деб сўрашлари билан хўрлигим келиб, йиғлаб юбордимда, дадажонимнинг қучоғига отилиб бориб, хўрозқандимни олдириб қўйганимдан шикоят қила бошладим.
Дадажоним, йиғлашдан тўхта, кўзимга қара, дедиларда, тикилиб туриб: “Ўғил бола ҳеч қачон йиғлаб, шикоят қилмайди. У ўз ҳаққи учун курашиб, муаммосини бошқа бир киши билан ўзи ҳал қилиб олиши керак”, дедиларда қулоқ чаккамга шапалоқ тортиб юбордилар. Ўша шапалоқни эсласам ҳали ҳануз қулоғим остида янграйди. Лекин ўшандан бошқа мени дадажоним ҳечда урганлари йўқ. Нотўғри бир сўз ёки ҳаракатим учун сўкиш эшитиб турардим ҳарқалай.

Бир гал, кўчада уйимизга яқин жойда бир полвон тенгдошим сўкиниб қолди, мен уни “пўстагини яхшилаб қоқдим”. У калтак ўтдими, бизнинг ҳовли ичига қараб чопди. Уйда дадажоним бизнинг можарони эшитиб турган эканлар, полвон ошнам кира солиб, йиғлаб шикоят бошлаганди: “онангни, деб сўкмаганингда, ҳозир ўғлимни пачағини чиқарардим, айб ўзингда, начора”, дедиларда , гап тамом маъносида юмушлари билан куйманишда давом этавердилар.

Ўша, уч ё тўрт ёшимдан буён кўчага чиқиб кўп яхши-ёмонга дуч келдим. Кимдандир таёқ еган, кимдандир дакки эшитганим бўлди. Аммо ҳеч қачон милиция, суд ё бошқа шунақа ташкилотга мана ёшим элликдан ошиб кетдики, бирор марта бўлсада арз қилмадим.

Чунки менга дадам: ўғил бола, эркак ўз муаммосини ўзи ҳал қилиши керак, деганларку. Лекин менинг устимдан ўшанақа ташкилотларга, муштуми зўрларга арз қилганлар кўп бўлди. Ҳаммасини ўз кучим, ўзимнинг қувваи ҳофизам етганча ҳал қилдим. Ҳал қилолмаганим тақдирда бировга арз қилганим йўқ. Чунки эркаклар арз қилмайдилар.

Энди номи айтилавериб, номига сўкишлар ёғдирилавериб сийқаси чиқиб кетган, анчадан буён ғаламис номига минглаб кишилар томонидан айтилиб, тасдиғини топганнинг қилмишлари шу кунларда ортгандан ортиб, умуман қуюшқондан чиқиб кетмоқда.

Уни отини биров у дейди, яна биров яна бир бошқа. Яна биттаси уни музейдан танга ўғирлаган ўғри, деса , яна кимдир қайсидир асрда яшаб ўтган шоир Муҳаммад Солиҳни тахаллусини ўғирлаган, дейишади.

Мен эса ҳеч ким деб атагим йўқ уни. Ўша ҳеч ким яқиндан буён мен ҳақда ўзининг қўлбола сайтида айрим оғзига кучи етмаганларни гиж-гижлаб, ҳақоратлар ёғдириб ётибди, дейишяпти. Юмуши шундан иборат бўлса , унга шу ишда куч-қувват тилайман.

Фақат, шуни айтиб қўйишни истардимки, бутун дунёга у каби шаллақи хотинларга ўхшаб айюҳаннос солиб, арз қилмайман. Чунки мен отамнинг ўғлиман.

Лекин ўша номардга бир имконият бераман. Яъни у мени судга берсин, жабрланувчи бўлиб. Чунки Ўзбекистон Президенти, дея айримларнинг оғзидан сўлаги оқиб улуғлайдиган, аслида диктатор Ислом Каримов ҳам менинг жабрланувчим. У менинг устимдан ўзи бошлиқ МХХга ариза ёзган ва Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 158-моддаси 3- қисми билан жиноят иши очилган.

Энди унинг тегирмонига салкам чорак асрдан буён сув қуйиб келаётган, номини айримлар шеърига солиб , оёғини бол каби ялайдиган ўғриваччалари билан бирга жабр тортгандай ғингшиб ётибди экан. Мен эса уларни онаси ё отаси, уруғ аймоғини ҳали ҳеч нарса қилганим йўқ. Орқаваротдан менга қарши қандай фитналар тайёрлаётгани ҳақида қўлимда етарли фото, аудио ва ҳакозо далиллар етарли. Лекин мен жабрланувчи ролини ўйнамоқчи эмасман. У жабрланувчи экан судгами, истаган маҳакамасига тортсин, мен ўз ҳаққим учун курашаман.

Менинг эркак сифатида худодан бошқа ишонганим ёки қўрқадиганим йўқ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.