ХIII-ХIX АСРЛАРДА ЯРАТИЛГАН НОЁБ АСАРЛАР
Мирза Меҳдихоннинг “Санглоҳ”, Хоксорнинг “Мунтахаб–ал-луғат”, Сулаймон Бухорийнинг “Луғати чиғатойи ва Турки Усмоний” асарлари XVIII-XIX асрларда яратилгандир.
Мирза Меҳдихон Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг саройида хизмат қилган. У “Санглоҳ” номи билан машҳур бўлган луғатини ХVIII асрнинг ўрталарида (1760 йилда) яратган. Эски ўзбек тилидаги 8000 сўзни ўз ичига олган бу асар икки қисмдан иборат: грамматика ва луғат.
Асарнинг грамматика қисми “Мабони-ул-луғат”деб аталади. Мирза Меҳдихоннинг бу грамматик очерки эски ўзбек тилининг ўтмишда яратилган энг мукаммал асардир.
Унда дастлаб туркий тилларининг ўзига хос хусусиятлари ҳакида маълумот берилади.
“Феълнинг асоси,-деб ёзади муаллиф, араб тилида масдар /инфинитив / бўлса, туркий тилларда иккинчи шахс буйруқ майлининг бирлик сонига тўғри келади. Туркий тилларда феълнинг бошқа формалари мана шу асосга турли қўшимчалар қўшиш йўли билан ҳосил қилинади”.
Грамматик қисм олти маънодан (бўлимдан ) иборат. Ҳар қайси маъно эски ўзбек тили грамматик структурасининг бирор томонини ёритади.
Биринчи маъно ўн бобга ажратилган. Унда дастлаб феълнинг масдар, сифатдош, даража ва майл формалари ҳакида фикр юритилади. Мирза Меҳдихон феълнинг ўзлик /қайтим/ ва биргалик даражаларининг буйруқ майлини алоҳида-алоҳида таҳлил қилади.
Иккинчи боб феълнинг ўтган замон формаларига бағишланади. Асарда феълнинг ўтган замон формаси “феъли мозий” деб аталади. Феъли мозийга муаллиф аниқ ўтган замон феълини /-ди,-ти қўшимчалари билан ясалган феъл формалари /,ўтган замон равишдошининг – / и / б,-/и/ п,-/и/бон,-/и/пон формаларини, ўтган замон сифатдошининг –миш,-ган,-ган,-кан каби формаларини киритади.
Учинчи бобда феълнинг ҳозирги-келаси замон формаси баён қилинади. Феълнинг бу формаси ичида феъли музори деб аталади. Феъли музорига –гай, -ғай, -кай,-қай,-а+ди каби қўшимчалар воситасида ясалган феъллар киритилади.
Тўртинчи бобда иш-амални бажарувчи номини ясайдиган формалар изоҳланади. Исми фовил деб номланган бу категорияга муаллиф -гучи,-ғучи,-кучи,-қучи типидаги қўшимчалар ёрдамида ясаладиган формаларни киритади. Ушбу бобда феълдан ясалган бошқа формалар ҳам тавсифланади. Масалан,-кун,-қун,-гун,-ғун қўшимчалари билан ясалган формалар ҳам исми феълига киритилади.
Бешинчи бобда ўтган замон сифатдоши баён қилинади. Ишда бу форма исми мафҳум деб аталади. Исми мафҳулга –миш,-ган/-ған/,-лиг,-лик,-лук,-луғ,-луқ қўшимчалари воситасида ясалган формалар киритилади. Шу бобда тавсифланган формаларнинг баъзилари ўтган замон феълига бағишланган бобда ҳам таҳлил қилинган.
Олтинчи бобда феълнинг буйруқ майли баён қилинади. Муаллиф феълнинг бу формасини “феъли амр” деб атаб, феъли амрни ясайдиган қўшимчаларга бирма-бир тўхталади. Еттинчи боб буйруқ феълининг бўлишсизлик формасига бағишланади. Саккизинчи бобда феълнинг бўлишсизлик формасини ясайдиган қўшимчалар шархланади.
Тўққизинчи бобда равиш ва равишдош, ўнинчи бобда аффиксларнинг феъл ўзаги қўшишилиш йўллари, бу процессда аффиксларда юз берадиган ўзгаришлар кўрсатилади.
Грамматика қисмнинг иккинчи бўлимида фонетик ҳодисалар таҳлил этилади. Бу ерда феъл қўшимчаларининг фонетик вариантлари ва уларнинг ёзилиш қоидалари ҳам баён қилинади.
Учинчи мабнода олмошлар тавсифи берилади. Муаллиф олмошларни отларнинг /исмларнинг/ бир тури сифатида изоҳлайди. Масалан, кўрсатиш олмошларини у асмоий ишора /кўрсатиш исмлари / деб атайди. Олмошларнинг отлар таркибига киритилиши араб грамматик анъанасига эргашишининг натижасидир. Ўрта асрлар араб тилшунослигида сўзлар уч туркумга /отлар, феъллар ва ёрдамчиларга/ ажратилган. Бу классификацияга мувофиқ феъл ва феъллик хусусиятига эга бўлмаган мустақил сўзларнинг деярли ҳаммаси отлар /исмлар/ туркумига киритилган. Тўртинчи мабно аффикслар ҳарактеристикасига бағишланган. Аффикслар бу асарда ҳарфлар деб номланган. Бешинчи мабнода граматик маъно ифодалайдиган /ёки грамматик фукцияда қўллана оладиган/ сўзлар тавсифланади. Бу хил сўзлар орасида тушмоқ, олмоқ, билмоқ, ёзмоқ каби феъллар тахлили айниқса муҳим аҳамиятга эга. Мирза Меҳдихон бундай сўзларни модал ва қўшимча /грамматик/ маъно билдирувчи феъллар сифатида изоҳлайди. Олтинчи мабнода асосан туркий ва ўзлаштирма сўзларнинг ёзилиш қоидалари баён қилинади.
Луғат йигирма тўрт бобдан иборат. Бу бобларда сўзлар сони бир хил эмас. Баъзи бобларда атига тўрт-бешта сўз берилган бўлса, баъзи бобларда мингдан ортиқ /ҳатто икки мингача / сўз берилган. Луғатда, сўзлар билан бир қаторда, кўплаб турғун брикмалар, фразеологик ибора ва составли атамалар ҳам изоҳланган.
“Мунтахаб-ал-луғат”асари эса Хоразмда яшаб ижод этган шоир ва филолог Муҳаммад Ризо Хоксорга оид. У “Мунтахаб-ал-луғат” /”Сайланма луғат”/ асарини 1798-1799 йилларда яратди. Асар изоҳли луғатлар сериясига киради. Унда эски ўзбек адабий тилида ишлатилган арабча, форсча ва айрим эскирган ўзбекча сўзларнинг маънолари эски ўзбек тилида / баъзан форс –тожик тилида / тавсифланади.
Асарнинг кириш қисмида ўша даврда мавжуд бўлган луғат ва филологик тараққиётлар тўғрисида маълумот берар экан, бу асарларда йўл қўйилган камчиликларни, айрим сўзларнинг уларда нотўғри изоҳланганини кўрсатиб ўтади.
Луғат икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда эски ўзбек адабий тилида ишлатилган арабча сўзлар, иккинчи қисмда эса форсча-тожикча ва эскирган ўзбекча сўзлар изоҳланади. ”Мунтахаб-ал-луғат”да ҳаммаси бўлиб 2400 сўз берилган. Хоксор луғатининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шуки, унда сўзларнинг тўғри/асосий/маъноси билан бир қатордиа,кўчма/хосила/маъноларга ҳам изоҳ берилади. Луғатда сўзлар араб алифбоси 28 бобга тақсимланади.Ҳар қайси бобда сўзлар охирги товушга /ҳарфга/ қараб группаланади. Масалан, алиф билан тугайдиган сўзлар, бе билан тугайдиган сўзлар, те билан тугайдиган сўзлар каби.
Энди “Луғати чиғатойи ва Турки Усмоний ”асари ҳақида. Унинг муаллифи Сулаймон Бухорий – ХIХасрда яшаган машҳур ўзбек олимларидан бири. У Бухородаги мадрасада ўқиди. Туркияда /Истанбулда/ ҳаёт кечирди. Венгирияда туркологлар анжуманида /1860/ иштирок этди. Унинг луғат тузишига мана шу анжуманда қатнашуви сабаб бўлди.
Шайх Сулаймон Бухорийнинг луғати таниқли турколог И.Кунош томонидан немис тилига таржима қилинди ва 1902 йилда Будапештда нашр этилди.
Асар уч қисмдан иборат.
Биринчи қисм муққаддима бўлиб, у ”Манзумаи чиғатой ”деб номланган. Бу қисмда муаллиф асарнинг ёзилиш сабаби, ўзининг таржимаи холи ва луғатнинг тузилишига оид маълумотларни келтиради.
Асарнинг иккинчи қисми “Кавоид” деб номланган. Бу қисм асли ўзбек тилининг грамматик очеркидир. Унда муаллиф, тил қурилишига оид тушунчалар билан бир қаторда, чиғатой тилининг ўзига хос хусусиятларини, унинг бошқа туркий тилларга ўхшаш ва улардан фарқли томонларини ҳам айтиб ўтади. Туркий тилларни бундай қиёслаш асарнинг ютуқларидан ҳисобланади.
М.Қошғарийнинг «Девони луғотит турк», А.Навоийнинг «Муҳокамат ул луғатайн» асарлари ҳам Туркий филологияда қиёсий методга асосланиб ёзилгандир.
Сулаймон Бухорий асарининг учинчи қисмини луғат ташкил этади. Унда эски ўзбек тилида ишлатилган 7000 сўз ва турғун бирикма усмонли турк тили воситасида изоҳланади. Сўз маъноларининг изоҳлари Алишер Навоий ва бошқа адибларнинг асарларидан олинган мисоллар билан асослаб берилади.
Сулаймон Бухорийнинг ушбу асари эски ўзбек тилини ўрганишда жиддий ва ишончли манбалардан бири сифатида катта аҳамиятга эга.
Толибул Илм.
А д а б и ё т л а р׃
1. Фаттохов Х. Муҳаммад Ризо Хаксар и его Мунтахаб-ал –луғат.
2. Қўчқортоев И.Туркий филологияга кириш. Тошкент.
3. Древнетюркский словарь.Л.1969.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari |