Диктатура найранглари

Мўътабар Тожибоева: Гулнора Каримова ва атташе Денис Макаровлар бизга туҳмат қилганлар

Март ойи бошида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева ўн кунлик Халқаро кинофестиваль ва Инсон ҳуқуқлари бўйича форумда (FIFDH) иштирок этиш учун Женевага борганди.

Шунингдек, Швейцарияга ташриф чоғида ҳуқуқ фаоли ва унинг бир неча ҳамроҳи Женеванинг энг ҳашаматли мавзеи бўлмиш Колоньяда, аниқроғи, шу тумандаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова уйи олдида (7 Rue Prevote, Cologny, Geneva)ҳам бўлганди.

Улар Гулнора Каримова уйини кўриш ҳамда у билан Ўзбекистондаги вазият ва мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида суҳбат ўтказиш ниятида бўлганлар. Аммо ўша куни улар Каримова билан учраша олмаган эдилар.

Мўътабар Тожибоева ва ҳамроҳларининг Гулнора Каримова уйи олдига қилган ташрифидан кўп ўтмай Женева полицияси ҳуқуқ фаолини қидира бошлаган. Улар Тожибоевага қўнғироқ қилишганда БМТнинг Женева бўлими қошидаги Гулнора Каримова бошчилик қиладиган Ўзбекистон миссияси номидан унга қарши шикоят келиб тушганини айтишган. Шу куни Гулнора Каримова кошонасига борганлардан бири – женевалик журналист Андре Лорш, Мўътабар Тожибоеванинг илтимосига кўра, полициячилар билан телефон орқали гаплашганда унга ҳеч қандай маълумот бермасликларини айтишган ва Тожибоеванинг шахсан ўзини Женева аэропортидаги полиция маҳкамасига етиб боришини талаб қилишган.

Аммо Мўътабар Тожибоева Женева полицияси вакиллари билан учрашмай, ўша куниёқ ўзи истиқомат қилиб турган Парижга хавф-хатарсиз жўнаб кетишга ва у ерда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга муваффақ бўлган.

Кейинчалик Тожибоевага қарши ёзилган шикоятномада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганликда айблангани маълум бўлган.

12 март куни эса таниқли ҳуқуқ фаоли Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 22-сессиясида иштирок этиш учун яна Женевага йўл олган. Ўзининг бу сафари чоғида Мўътабар Тожибоева Женева полицияси вакиллари билан ҳам учрашган.

“Жараён”га берган интервьюсида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Женева полициясига ташрифи ва БМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон миссияси номидан келиб тушган шикоятнома бўйича ўрганганларини тафсилотлари билан сўзлаб берди.

Жараён:Мўътабар опа, Женевада инсон ҳуқуқларига бағишланиб ўтказилган Халқаро кинофестивалга боришингиз Женева полицияси Сизни сўроққа чақириши билан якунланганди. Орадан бир неча кун ўтиб, яна Женевага бордингиз. Бу сафарингиздан мақсад нима эди?

Мўътабар Тожибоева: Мен Женевага 13 март куни бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 22-сессиясида иштирок этиш ҳамда сессия доирасида ўтказилиши режаланган БМТнинг “Евросиё: Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистондан бўлган ҳуқуқ ҳимоячиларининг жимлиги” номли параллел тадбирида қатнашиш учун таклиф қилиндим.

Бу тадбирда асосан уччала мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида уларга босимлар ўтказиш, сохта айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортиш, озодликдан маҳрум қилиш ва қийноққа солиш ҳолатлари юзасидан мулоҳазалар баён этилди.

Мен бу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати эълон қилинган амнистия асосида бирор-бир сиёсий маҳкумнинг (ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар, фуқаролик жамияти фаолларининг) озодликка чиқарилмаганлиги, уларнинг баъзиларига қўшимча равишда жиноят ишлари, баъзиларига қамоқхона ички тартиб қоидаси “бузганлиги” учун жазо чоралари белгилангани, шунинг учун амнистия қарори қўлланилмаганлиги ҳақида гапирдим.

Тадбирда иштирок этган Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг собиқ вакили Игорь Воронцов халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг вазиятларига тўхталди.

“Ўтюракли талабалар” ҳаракати вакили Марина Лебедева эса ўзбекистонлик жабрдийдалар учун Халқаро ҳуқуқ механизмлари мутлақо ишламаётгани, Қозоғистон ҳалқаро мажбуриятларини бажармаётгани ва Ўзбекистон расмийлари талаби билан қочқинларни Тошкентга бериб юбораётганига алоҳида тўхталиб ўтди. (Бу тадбир юзасидан материаллар алоҳида тақдим қилинади).

Айни пайтда бу тадбир иштирокчиларини ҳам 1 кун олдинги, яъни 12 март кунги Женева полициясида бўлиб ўтган учрашув ва унинг якуни қизиқтираётганди. Мен Гулнора Каримованинг кошонасига борганимиз ва полиция билан бўлиб ўтган суҳбат тафсилотларини тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашишимга тўғри келди.

Жараён: Женева полиция вакиллари билан режалаган учрашувингиз бўлиб ўтдими?

Мўътабар Тожибоева: Ҳа, Женева полициясидаги учрашувимиз бўлиб ўтди. Биз аслида 12 март куни тушдан кейин Женевада бўлишимиз, полицияга эса тахминан соат 15 ларда боришимиз олдиндан режалаштирилганди. Улар терговда қатнашадиган таржимонни айнан шу пайтга келишини таъминлашларини айтишганди. Лекин шу куни Парижда кўп қор ёққанлиги сабабли транспорт ҳаракатланишида ўзгаришлар бўлди. Шунинг учун Женевага бир неча соат кечикиб бордик. Йўлда кетарканмиз, бизга қўнғироқ қилиб, йўлга чиққан-чиқмаганимиз, қанча муддатда етибкелишимизни сўраб туришди. Боргандан кейин дарҳол аэропортдаги полиция идорасига учрадик.

Жараён: Полиция вакиллари аввалроқ Сизни нима сабабдан қидирганларини аниқлашга муваффақ бўлдингизми?

Мўътабар Тожибоева: Мен адвокатим Амели Пиге, Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг собиқ тадқиқотчиси Игорь Воронцов ва Марина Лебедевалар билан аэропортдаги Полиция ва хавфсизлик бўлимига бордик. Мен полициядаги сўроқ чоғида шерикларим ҳам иштирок этишини ва жараён тўғри олиб борилаётганини кузатиб туришларини сўрадим. Мен Гулнора Каримовани қудратини билганим учун ва ўзбек милицияси билан иш фаолиятим давомида кўп тўқнаш келганим ҳамда уларнинг бундай пайтларда тутажак йўлларини билганим учун Женева полициясига, ҳаттоки таржимонга ҳам шубҳа билан қарашга ҳақли эканлигимни тушунтирдим. Полицияда фақат бир одамга рухсат беришлари мумкинлигини, шунда ҳам у одам сўроқ пайтида фақат тинглаб ўтириши лозимлигини айтишди.

Шундан сўнг адвокат, мен, Игорь Воронцов ва таржимон аёл иштирокида кеч соат 18 да сўроқ бошланиб, 3 соат давом этди.

Сўроқ давомида аниқ бўлишича, полицияда ёзма тарзда шикоят қилинмаган. Гулнора Каримованинг Женевадаги кошонасига борганлар устидан Ўзбекистоннинг БМТдаги миссияси атташеси Денис Макаров оғзаки шикоят қилган. Кейин у ўз шикояти бўйича сўроқ қилиниб, айнан ўша кўрсатмаси бўйича терговолди ҳаракатлари бошланиб, мени сўроқ қилиш учун полицияга чақиришган.

Денис Макаровнинг шикояти бўйича бизни Швейцария Жиноят кодексининг 186-моддасидаги жиноятни содир этганликда гумон қилишган. Агар шикоятда келтирилган важлар тасдиғини топганида эди, бизга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши муқаррар эди.

Денис Макаровнинг полицияга берган кўрсатмасининг қисқача баёни шундан иборатки,гўё у шовқинни эшитиб, уйдан ташқарига чиққан ва уй атрофида уни видеога олинаётган 5 кишини кўрган ҳамда улардан уйни видеотасвирга олмасликни талаб қилган. У эшикни очиб чиққан пайтда Крейг Мюррей уй ичини съёмка қилишни бошлаган. Кейин Денис Макаров бизни ҳайдаётганида мен унга негатив материаллар тарқатишимни айтиб, таҳдид қилганмишман.Лекин айнан шу куни, яъни биз гўё қонунбузарлик содир қилган кунда дарвозага ўрнатилган видеокамера ишлатилмаган эмиш.

Мен полицияга Денис Макаровнинг кўрсатмаси ёлғондан иборатлиги, шу сабабдан ҳам “шу куни видеокамера ишламаган” деётгани, лекин Гулнора Каримова ўзининг интервьюсида видеотавсир борлигини таъкидлагани, шунинг учун улардан Гулнора Каримова айтаётган видеотасвирни ишга бириктириш учун сўраб олишларини сўрадим. Биз ҳам, ўз навбатида, ўзимиздаги видеотасвирни полицияга тақдим қилишимизни айтдим.

Кейин полицияга воқеа аслида қандай бўлганлигини айтиб бердим:

Аслида кинофестивалга борган кунимиз Гулнора Каримова ҳам Ўзбекистоннинг БМТдаги миссияси раҳбари сифатида кинофестивалга таклиф қилинган ва унга айнан Ўзбекистонга оид “Ўзбекистондаги қирғин” фильми намойиш қилиниши, ундан кейин давра суҳбати ўтказилиши ҳақида маълум қилинган экан. Лекин у кинофестивалга бориш-бормаслиги ҳақида ҳеч қандай жавоб бермаган экан. Биз Гулнора Каримовани ва унинг офисини 1 март куни БМТ биносидан ҳам қидиргандик. Лекин бизга уни ҳеч қачон БМТда ўтказиладиган йиғилишларда кўрмаганликлари, Ўзбекистонга бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этмаслигини айтишди. Айтишларича, БМТнинг Ўзбекистондаги миссияси телефон номерини билишаркан, лекин қачон телефон қилинмасин, автоответчик жавоб бераркан, холос.

Шунинг учун ҳам биз 2 март куни Гулнора Каримовани қидириб топиш учун у яшайдиган Колоньяга Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей, таниқли кинорежиссёр Майкл Андерсен, Хьюман Райтс Вотч халқаро ташкилотининг собиқ тадқиқотчиси Игорь Воронцов ва Женевадаги таниқли журналист Андре Лоршлар биргаликда боргандик.

Шу куни Денис Макаров шовқинимизни эшитиб кўчага чиқмаган. Биз баҳайбат дарвозага ўрнатилган қўнғироқни чалганмиз. Лекин ичкаридан ҳеч қандай садо чиқмаган. Кейин биз келганимизни билдириш мақсадида – Крейг Мюррейнинг ташаббуси билан мен ҳам – ўз ташриф қоғозимизни почта қутисига ташладик. Шу пайт Майкл Андерсен видеотасвирга олаётганди. Орадан бир неча минут ўтгандан кейингина ичкаридан кимдир инглиз ёки француз тилида нимадир, деб қичқирди. Мен тушунмадим, Майкл атайлаб русчалаб: “Что?” деганди, у одам “не снимать”, деб жавоб берди. Кейин биз ундан “Бу уй Гулнора Каримовага тегишлими?” деб сўрасак, у Гулнора Каримова ҳақида эшитмаганини, бу уй бир арманининг уйи эканини, ўзи бу уйни қоровули эканлигини айтди. Биз у билан анча суҳбатлашдик ва ундан Швейцариянинг ўта бойлари яшайдиган Колоньядан кошоналар сотиб олган Гулнора ва Лола Каримовалар ҳақида эшитган-эшитмаганлигини сўрадик. У бизга бу ҳақда биринчи марта эшитаётганини айтди. Бизнинг қидирувимиз натижа берганлигига ишончимиз тўла комил эмасди, фақат бир-иккита тахминимиз бор эди.

Биринчидан, интернетда қидирилганда айнан шу уй кўрсатилганди “Гулнора Каримовага тегишли” деб.

Иккинчидан, ўзини армани бойнинг уйи қоровули деб айтган ва исм-шарифини сир тутган эркакнинг акценти унинг ўзбекистонлик рус эканини билдириб турарди.

Уй олдига борганимизда мен дарвозага яқин туриб, интервью бераётгандим, шу пайт дарвоза очилиб, бир эркак чиқиб келди ва видеога олишимизга қарши эканини айтиб, “Бу ҳудудда турли хил ўғрилар юради, сизлар ҳам хавфсизлик камераларимизни видеога оляпсизлар. Сизларнинг ким эканингизни ва мақсадларингизни билмайман”, деди. Мен почта қутисида бизнинг ташриф қоғозларимиз борлигини, ўшаларни қараб кўришини айтдим. У почта қутисини очди ва мен билан Крейг Мюррейнинг ташриф қоғозларимизни қўлига олиб кўриб, “Бундай нарсаларни исталганча тайёрлаш мумкин, бу сизларнинг кимлигингизни аниқлаш мумкин бўлган ҳужжат эмас”, деди. Кейин унинг телефонига смс келди ва уни ўқигач, ҳужжат сўради. Унинг сўрови билан яқин турганим учун мен ҳужжатимни бердим. Шу пайтда у яна бир смс олди ва уни ўқигач, ҳужжатим билан уй ичкарисига икки қадам кирди. Ҳужжатимни телефони билан суратга олгач, қайтариб берди. Айнан шу пайтда у: “бу – давлат территорияси” деди ва бу уйни видеотасвирга олиш мумкин эмаслигини айтди. Биз ундан бу уй қайси давлат ҳудуди бўлиб ҳисобланишини сўрадик, лекин у бизга жавоб бермади. Шундан кейин биз қайтдик.

Бундан кўриниб турибдики, Гулнора Каримованинг уйи қоровули Денис Макаров аслида Ўзбекистоннинг БМТдаги миссияси атташеси лавозимига расмийлаштирилган экан. Лекин атташе бўлса, нима учун қўнғироқ қилган пайтимизда олдимизга чиқмади ва ўзини таништирмади? Агар уйга бостириб киришга ҳаракат қилаётганимизни сезган бўлса, нима учун қўрқмасдан дарвозани очиб, олдимизга чиқиб келди? Нима учун бу кошона Ўзбекистон дипломати Гулнора Каримовага қарашли экани, унинг ҳуқуқлари халқаро даражада кафолатлангани айтмади ва бизнинг бу ердан кетишимизни талаб қилмади? Нима учун биз у ерни тарк этгунимизча ҳам бу кошона Гулнора Каримовага қарашли эканлигини айтмасдан, шу кунни ўзида полицияга бориб, атташе номидан шикоят қилаяпти? Агар у полицияга шикоят қилмаганида, биз мазкур уйнинг Гулнора Каримовага тегишли эканини аниқ билмасдик. Тахмин қилардик, холос. Чунки интернетда топилган маълумот ҳам тўла ишончли эмасди.

Хуллас, саволлар жуда кўп ва бу саволларга аниқлик киритишни Женева полициясидан сўрадим.

Жараён: Бундан аввал Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз блогида Сизни шу йилнинг март ойи бошида Швейцарияга қилган сафарингиз чоғида унинг Колоньядаги уйига бостириб киришга, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Сизни дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганликда айбланган. Каримова Сизни устингиздан шикоят қилиб, Женева полициясига ҳам мурожаат қилганини маълум қилганди. Ҳақиқатан ҳам полицияга шикоят аризасини топширувчи сифатида у ерда Гулнора Каримованинг номи қайд этилганми?

Мўътабар Тожибоева: Полицияда шикоятчи ролида фақат Денис Макаровгина иштирок этаяпти, холос. Лекин бизга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши ва бошқа бизга қарши ҳаракатларни жадаллашиши учун Гулнора Каримова ўз каналлари орқали Женева полициясига таъсир ўтказганлигини сезиш унчалик қийин эмасди. Яъни Денис Макаровнинг кўрсатмаси қисқача ёзилган бўлса-да, мен полицияга бўлган воқеани батафсил айтиб берганимда, улар ўз ҳайронликларини яширишмади, ҳатто адвокатим ҳам мендан: “Воқеа айнан сиз айтгандек кечганми, шу ростми?” дея бир неча марта сўради.

Жараён: Шахсий блогида Гулнора Каримова Сизнинг гўёки тажовузкорона хатти-ҳаракатларингизни видеога муҳрлашга ҳам мажбур бўлганини ёзади. Женева полицияси билан ўша видео борасида гаплашдингизми?

Мўътабар Тожибоева: Мен полицияга Гулнора Каримованинг шахсий блогида ва унинг тарғиботчиси бўлмиш бошқа сайтларда чиққан интервьюсини олиб бордим. Полициядаги Денис Макаров кўрсатмаси ва Гулнора Каримованинг интервьюси асосан бир хил туҳмат ва бўҳтон билан ёзилган. Уларни айнан бир хил дейиш мумкин, фақатгина бир жойида фарқ борки, у ҳам бўлса, Денис Макаров:“Ўша қонунбузарлик содир бўлган кунда дарвозага ўрнатилган видеокамера ишлатилмаган”, деган. Гулнора Каримова эса унинг шахсий мулкига тажовуз қилмоқчи бўлганлигимизни видеога олишга муваффақ бўлганларини ёзган.

Жараён:Женева полициясида бўлиб ўтган учрашув ҳақида яна нималарни айта оласиз?

Мўътабар Тожибоева: Юқорида айтганимдек, сўроқ уч соат давом этди ва кеч соат 21 дагина полициядан чиқдик. Полициячи ҳам, таржимону адвокат ҳам сўроқ протоколига ёзилган ҳар бир жумла бўйича фикримни айтиб, протоколни тўғирлашларини қилган талабларимни тўлиқ бажариш учун кетаётган вақтларига ачинишмади, деб ўйлайман. Чунки бу бир тарихий ҳужжат ва келажакда Каримовлар сулоласининг жиноятлари муҳокама қилинадиган давр келганда бу ҳужжатлар муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблайман.

Биринчи галда Гулнора Каримованинг кошонасига ташрифимиз пайтида олинган видеотасвирни Майкл Андерсен яқин кунларда кенг жамоатчиликка тақдим қилади.

Ўз ўрнида Гулнора Каримованинг ҳам интервьюсида эслатиб ўтган видеони жамоатчиликка эътиборига ҳавола қилишини умид қилиб қоламиз. Ҳар иккала видеолавҳани кўргандан кейин ўзбек халқи ўзи баҳо берсин ким РОСТ гапираяптию ким ЁЛҒОН!!!

Эслатиб ўтсам, Гулнора Каримова ўз блогида чоп қилинган интервьюсида мана буларни ёзади: “Женевадаги менинг ва синглим Лоланинг уйига келган Мўътабар ва оператор бошчилигидаги гуруҳ, мен ёки Лоланинг улар қаршисига чиқишимни исташган. Очиқ эшиклар орқали бефаросатларча уйга киришга интилиб, ҳамма нарсани суратга олаверишган.

Полицияга мурожаат қилишга мажбур бўлдик ва ўзларини “ҳуқуқ ҳимоячилари” деб номлаётганларни, “март ойи босқинчилиги”даги хатти-ҳаракатларини видеога муҳрладик”.

Эндиликда ҳақиқат ойдинлашса, Денис Макаров ўз шикоятида бизга нисбатан ёлғон айблов билан полицияга мурожаат қилгани аниқланади ва бу ҳаракат учун Швейцария Жиноят кодексида жазо чоралари белгиланган.

Гулнора Каримованинг эса ўз блоги ва Ўзбекистондаги қатор сайтларда эълон қилган интервьюси орқали олдиндан режалаштириб, бизни шаънимиз ва эътиборимизни тўкиш мақсадида, туҳмат қилганлиги исботланади.

Жараён: Гулнора Каримованинг ўз интервьюсида Сизларга берган таърифи ва воқеа юзасидан айтган фикрларига қандай қарайсиз?

Мўътабар Тожибоева: Гулнора Каримова ўз блогида бизни “на бир жиддий маош тўланадиган иши, на бир қизиқиши, машғулоти бор, ҳар доим олинган пулларинигина оқлаб беришга тайёр бўлганлар” деб атайди. Шунингдек, ўзини интернет олами билан узвий боғлиқлигини таъкидлашни яхши кўрадиган Гулнора мен ҳақимда: “Club des Coeurs Ardents” Президенти сифатида ўзини таништириб келган Мўътабар Тожибоева”, дейди. Ўзбекистоннинг БМТ бўйича миссияси раҳбари Гулнора Каримова бир қанча нуфузли халқаро мукофотлар соҳибаси эканлигим, бизнинг ташкилот айнан “Club des Coeurs Ardents” номи билан Францияда давлат рўйхатидан ўтганлиги ва ташкилотимиз менинг раҳбарлигимда фаолият юритаётганлиги, ҳаттоки ташкилотимиз веб-сайти икки йилдан ортиқ муддатдан буён фаолият юритаётганлиги ва қандай амалий ишларни қилаётганлигимизни билиш учун Интернет бўйлаб озгина сайр қилганида истаганича маълумот ололган бўларди. Бундан ташқари, яқиндагина Ўзбекистон ҳукуматини жиддий жиноятларда айблаб, БМТга йўллаган шикоятимиз бўйича материаллар ҳам деярли барча нашрларда эълон қилинди. Мен Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили бундан хабардор бўлиши керак эди, деб ҳисоблайман.

Унинг мени камситиш мақсадида берган бу таърифи ўз лавозимига, вазифасига нақадар “сидқидилдан” ёндошадиган дипломат эканлигини исботлайди. Уялмай-нетмай туҳмат қилиши ва бизни жиноят содир этганликда айблаши эса Ўзбекистон ҳукуматининг асл башарасини яна бир бор кўрсатди, деб ўйлайман. Чунки биз демократик мамлакатда Гулнора Каримованинг ва ўзбек ҳукуматининг босимига дуч келдик. Агар Ўзбекистонда бўлганимда, аллақачон мени ҳибсга олиб, барча ҳуқуқларимдан маҳрум қилиб, бир қанча жиноятларни “содир этганлигим” юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган бўларди.

Жараён: Ушбу шикоятдан нусха олдингизми полициядан ва шу шикоят бўйича жараён қандай давом этишини сизга айтишдими?

Мўътабар Тожибоева: Мен полицияга кирганимдан кейиноқ биринчи талабим бизга қарши ёзилган шикоятдан нусха беришни сўраш бўлди. Афсуски, Швейцария қонунларига кўра, шикоят иши полицияда кўрилаётган паллада ҳеч қандай ҳужжатдан нусха берилмас экан. Ҳаттоки шикоятни кўрсатилмас ҳам экан. Фақатгина шикоят ким томонидан тушгани ва шикоятда нималар баён қилингани билан таништиришаркан, холос.

Ушбу шикоят бўйича жараён қандай давом этишини менга полицияда ҳам, адвокатим ҳам тушунтиришди. Сўроқдан кейин полиция ҳисобот тайёрларкан ва БМТнинг Швейцария миссиясига тақдим қиларкан. Ундан кейин иш ҳужжатлари прокуратурага тақдим қилинаркан. Прокуратура эса ишни ёпиш-ёпмаслик масаласини ҳал қиларкан. Иш ҳужжатлари прокуратурага тақдим қилинганидан кейин ушбу шикоятга тегишли барча ҳужжатлардан нусха олиш ҳуқуқимдан фойдаланарканман. Мен ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда, барча ҳужжатлардан нусха беришларини талаб қилдим.

Бу масала бўйича қандай йўл тутамиз, қандай қонуний ҳаракатлар қиламиз – буни Гулнора Каримова кошонасига ташриф буюрган барча “жиноятчилар” ўзаро маслаҳатлашамиз ва жараён албатта давом этади.

Жараён: Мўътабар опа, интервью учун раҳмат.
http://www.Jarayon.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.