Журналист тақдири

dilmurodДилмурод Саййиднинг саломатлиги ёмонлашган

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист Дилмурод Саййид Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 36-сонли колониядан Тошкентдаги 18-сонли колония (Сангород)га келтирилди. Бунга журналистнинг соғлиғи жиддий ёмонлашгани сабаб бўлган.

17 март куни акаси билан 64/18-муассасада учрашган Обид Саидовга кўра, журналистга Навоий қамоқхонаси тиббий бўлими томонидан психо-невроз хасталиги ташхиси қўйилган, вазни эса 52 килограммга тушиб кетган.

У ўзини ёмон ҳис қилмоқда, ўткир сурункали сил хасталиги хуруж қилмоқда.

Дилмурод Саййид укаси билан учрашувда шу йилнинг 22 февралида Навоийдаги қамоқхонада муассаса тартибини бузганлик айби билан жазо карцерига ташлангани ҳақида гапирган. Маълум бўлишича, журналистга жисмоний нормативларни бажаришдан бўйин товлаш эпизоди билан жазо тайинланган ва бунга унинг қамоқхонадан хат чиқаргани, мактубнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилингани сабаб бўлган. “Ҳозирда менга жисмоний қийноқлар йўқ, аммо айрича муносабатдан руҳан эзиляпман” деган журналист.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти журналистга қўлланган жазо юзасидан Навоий вилояти махсус прокуратурасига мурожаат қилди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ маъмуриятидан изоҳ талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саййид 2010 йилнинг июнида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шу пайтга қадар Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББнинг Навоий шаҳридаги 64/36-муассасасида жазо муддатини ўтаётган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.