Сатира

Фармони олия

Кеча Ўзбекистонни барча оммавий ахборот воситалари республика Президентини фармонини эьлон қилдилар.
“Вазирлик мақоми бериш ҳақида”

Тошкент шахри 18-март 2013-йил

Баъзи меҳнаткашлардан келиб тушаётган баьзи истакларни қондириш учун баьзан ўзининг сариқ чақалик аҳамиятини баьзи хилма-хил усуллар билан кўтараётганини баьзан инобатга олиб, маҳаллий ҳокимлик ва давлат идораларини елкасига ўтириб олганлигига қонуний тус бериш, Россиянинг Москва шахрида рўйхатдан ўтган холда Ўзбекистон ҳудудида олиб бораётган фаолиятини қонунлаштириб республикадаги мавжуд қонун устиворлигини таьминлаш хамда бўлажакда республика Президенти лавозимини эгаллашга етарли шарт-шароитлар туғдириш мақсадида:
1.”Ўзбекистон маданияти ва саньати Форуми” Фондига Республика Вазирлиги мақоми берилсин ва бундан кейин “Ўзбекистон республикаси Фонд Форум Вазирлиги” деб номлансин. Республика маданият ва спорт Вазирлиги, Ўзбекистон телерадиокампанияси, Республика Олимпия қумитаси, барча спорт турлари бўйича федерациялар, Ёзувчилар, Рассомлар, Хайкалтарошлар, Сартарошлар хамда бошқа барча – барча уюшмалар, ташкилотлар ва фондлар, умуман олганда хамма-хамма ушбу Вазирликка бўйсиндирилсинлар.
2. Гулнора Исломовна Каримова Ўзбекистон республикаси Фонд Форум Вазири этиб тайинлансин ва то республика Президенти лавозимини эгаллагунига қадар ушбу лавозимда бўлиши кафолатлансин. “От босганни той босар”, “Ота касбини эгаллаш фарзанднинг бурчи”, “Ота ўғил” , “Ота мерос” каби ҳалқимизнинг аньанавий иборалари ушбу фармонга асос бўлганлиги хаммага маьлум қилинсин.
3. Ўзбекистон республикаси Фонд Форум Вазирлиги ўз фаолиятида республика Вазирлар Маҳкамасига бўйсинмаслиги, унинг буйруқ ва кўрсатмаларини бажариш Бош Вазирдан тортиб барча давлат идоралари рахбарлари учун мажбурий эканлиги белгилансин. “Бу мақсадларга бюджетдан маблағ ажратилмаган”,- каби турли мансабдор шахсларни иборалари “баҳона” деб белгилансин ва уларни оналарини жойи Учқўрғондан кўрсатилсин, ўзлари эса “хизмат совуққонлиги” моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилсинлар.
4. Олиб бораётган фаолиятини аҳамиятини инобатга олиб, хамда шундоқ ҳам тўламаётганлиги сабабли, шунингдек Швейқария банкларида “музлатилган” миллонлаб долларларни ўрнини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Фонд Форум Вазирлиги хар қандай турдаги солиқ тўлаш мажбуриятидан озод этилсин. Солиқ тўлаш борасида шу бугунги кунга қадар Фонд Форумга яратиб берган шароитлари учун Давлат Солиқ қумитаси раиси Ботир Парпиев “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирлансин.
5. Илгаридан мавжуд “Асрлар садоси”, “Келажак овози” каби фестивал ва конкурслар Фонд Форум Вазирининг янги лойиҳаси деб тақдим қилинсин. Ушбу фармон имзоланган кундан бошлаб республика худудида ташкил қилинадиган хар қандай фестивал, конкурс, танлов ва барча мусобақалар Форум Вазирлиги номидан деб тавфсия қилинсин.
6. Ўзбекистон ҳалқ артисти Юлдуз Усмоновага “Гулисан” қўшиғидан ташқари “Гулисан-2”, “Гулисан-3”, “Гулисан-4” қўшиқларини ёзиш, у қўшиқларга эса Ўзбекистон ҳалқ артисти Абдуҳошим Исмоилов доимо ғижжакда жўр бўлиши вазифаси юклатилсин.
7. Ўзбекистон республикаси Фонд Форум Вазирлигига туйларда хизмат қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия ажратиш ваколати берилсин. Туйларда хизмат қилувчи артистлардан ташқари карнайчилар, ошпазлар, самоварчилар, дастурхончилар, завскладлар ва хассакашлар хам лицензия олиши мажбурлиги белгилансин. (изоҳ: Фонд Форумга тегишли тунгги клубларда қўшиқ айтиб рақсга тушадиганлар бундан мустасно.)
8. Фонд Форум Вазирлиги ходимлари пахта териш, металлолом топшириш ва макулатура йиғиш мажбуриятидан озод этилсинлар.
9. Фонд Форум Вазири(Г.И.Каримова)га:
– чет элга учиш пайтида самолетга ухлаб қолмаслик;
– давлат тилини эгаллаш ва ўз шеьрларини бировларга давлат тилида ёздириш;
– Ж.Депардье каби мехмонлар Ўзбекистонга келганида улар билан алла-қаерларда яширинмаслик;
– нонушта ўрнига МТС алоқа тизимини ейишда тиқилиб қолмаслик;
– отасини китобларини ҳеч бўлмаса узи ўқиши ва Швейцариядаги болаларига ўқитиш;
– фаолиятини ва умуман олганда юриш-туришини охири бахайр бўлишини таьминлаш вазифалари юклатилсин.
Ушбу фармонни хам охири бахайр бўлиш ва тинчлик билан тугаши ниятида
Ўзбекистон республикаси Президенти И.А.Каримов. 18-март 2013 йил Тошкент шахри.

Фармонни хабар қилган М.Мансур. Тошкен шахри

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.