Сатира

“Мени кутгил”

15-март куни Тошкент шахрида Россиянинг таниқли МТС ширкати ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятини тугатилишига бағишланган “Миннатдорчилик билан хайрлашув” маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон телерадиокампаниясининг “Ёшлар” телеканали махсус мухбири Ботирали Шодиев ушбу тантаналар бўлиб ўтган Ўзбекистон форумлар саройидан хабар қилади.

Форумлар саройининг бош банкет зали ўзгача безатилган. Бугун бу ерда Россиянинг МТС ширкати томонидан Ўзбекистондаги 15-йиллик фаолиятини якунланишига бағишланган “Миннатдорчилик билан хайрлашув” номли зиёфат маросими уюштирилмоқда. Ўзбек миллий аньаналарига мос ҳолда ясатилган дастурхон атрофига хукумат аьзолари, хокимлик ва махаллий бошқарув тизимлари вакиллари, ширкатни давлатимиз худудида олиб борган фаолиятига ўзининг муносиб хиссасини қўшган ташкилот ва муассасалар рахбарлари хамда оммавий ахборот воситалари вакиллари йиғилганлар. Банкет залининг тўрида МТС фаолиятини алоҳида қўллаб-қувватлаган “Ўзбекистон саньати ва маданияти Форуми” Фонди ва Республика Бош прокуратураси ходимлари учун ўрнатилган столлар алоҳида ва ўзгача жиҳозланган.

Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов зиёфатни очар экан, МТС фаолиятини тугатилишига бағишланган республика Президентининг табрик хатини йиғилганларга ўқиб эшиттирди. Давлатимиз рахбари ўз табригида ширкат фаолияти тугатилишини мамнуният билан қабул қилишини ва бу холат уяли алоқа тизими борасида республикада мавжуд турли фондлар ва форумларни янада гуллаб-яшнашига янги имкониятлар туғилаётганлигига миннатдорчилигини билдирган.

Мавжуд уяли алоқа тизимлари Фонд Фонд тасарруфига ўтиши эса прокуратура, солиқ ва бошқа органлар томонидан бу соҳани текширишга хожат қолмаслигини, улар ўз эьтиборларини халқ хўжалигини бошқа йўналишларига қаратилишига янада имкониятлар яратилганига йиғилганларни эьтиборини қаратди. Х.С ултонов биринчи қадаҳни мухтарам Президентимиз шарафига кўтаришни таклиф қилди. Гулдурос қарсаклар янграр экан, юртбоши шанига қадаҳ қошиқ ва вилкалар шарақлаши хамда мехмонлар гурунги товушлари орасида кўмилиб кетди.

МТС ширкати Бош директори Владимир Евтушенко жавоб нутқида Ўзбекистонда уларга алоҳида ва ҳеч бир давлатда ўхшаши йўқ шароит яратилганига ташаккур изхор этиб, ширкатга эгалик қилаётган ўзининг рахбарлари – Швециянинг “TeliаSonera” фирмаси номидан давлатимиз рахбарини оиласи ва қизлари билан бирга Швецияга расмий ташриф билан мехмонга таклиф қилди ва у ерда уларни интизорлик билан кутаётганлар кўплиги хақида тўлқинланиб гапирди. Бу гаплардан рухланиб сўз олган Фонд Форум хайати раиси Гулнора Каримова Швециялик таклиф қилувчиларга ўзининг “Мени кутгин” қўшиғини айтиб берар экан, йиғилганларни хар бирига божхона ходимлари томонидан чегарада мусодара қилинган янги уяли телефонларни совға қилди.

Бу телефонлар унга қарашли “Ucell” тизимига уланганлигини билдириб ва фурсатдан фойдаланиб ушбу телефон эгаси уйидан чиқмасдан Фонд Форум номига Навруз хайрия маблағларини ўтқазиш имконияти мавжудлиги хақида совға эгаларига маьлум қилди. “Атаганингларни хозирни ўзидан юборишни бошлашингиз мумкин, “ -деб буни қандай амалга ошириш мумкинлигини намойиш қилди. “ Бу жуда осон, -дейди Гулнорахон, – бунинг учун СМС орқали “Фонд Форум” сўзларини, сўнгра “=” ва “$” белгиларини ва ўтқазилаётган пул миқдорини терасиз, – маьлумот қилди Гулнорахон. – масалан мен “/Фонд Форум/ =/ $ / 250 /” деб ёзиб СМС жўнатдим. Демак мен Навруз учун Фонд Форумга, яьни ўзимга 250 доллар ҳадя қилдим. Сизларни хам шунга даьват қиламан!”, -сўзини якунлади Фонд раиси. Йиғилганлар бу хабарни гулдурос қарсаклар билан қабул қилдилар.

Ҳар қаёқдан “Қойил!”, “Биз рози – худо рози!”, “Жуфт бўлсин!” хайқириқлари эшитилди. Зал тепасида ўрнатилган улкан табло кимдан қанча пул тушганини автоматик равишда қўрсата бошлади. Марказий Банк раиси Шавкат Муллажонов маблағларни иложи борича чет эл валютасида амалга оширишни йиғилганлардан илтимос қилар экан, етарли миқдорда ўзбек сўми захирасини ташкил қила олмаганлик барча пуллар пахтазорларни шудгорлаш ва чигит экувчиларга маош учун йўналтирилганлик сабабли, – деб илтимосини изоҳлади. Ўртани олиб бораётган таниқли қўшиқчи, “Садо” гуруҳи солисти Рустам Мадумаров Швейцариялик мехмон, Женева шахри “Кўл атрофи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жозеф Симпсонга сўз беради.

Мехмон ўзини маҳалласи ҳудудида тобора ўзбеклар кўпаяётганлигини, масалан охириги пайтлар маҳаллада Бекзод Ахмедов, унинг қайнотаси, укаси, опа-сингил Каримовалар оилалари уй қурганликларидан мамнунлигини билдирди. Фақат махалладаги Женева кўлини шундоқ қирғоғида жойлашган хонадоннинг Гугуша исмли эгаси анча вақтдан бери кўринмаганлигидан безовта бўлиб, уни холидан хабар олгани Мўьтабар Тожибоева бошчилигидаги фаоллар гуруҳини жўнатганлигини, уларни эса номаьлум сабабларга кўра хонадонга кирғизишмаганига йиғилганларни эьтиборини каратди. “Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!”, – деб сўзларини тугатди махалла раиси. Ўрта бошқарувчисидан илтимос қилиб сўз олган Тошкент шахар хўжалик суди раиси Собир Холбоев ўзи бошқараётган маҳкамага кутилмаганда МТС ширкатини банкротлиги хақида номаьлум шахс томонидан ариза келиб тушганлигини маьлум қилди.

Лекин раис ва унинг ҳамкасблари бундай аҳмоқона қоғозларга кўп хам эьтибор бермаслигини билдириб, унинг фикрича бундай қарор қабул қилиниши учун МТСдагилар яхшилаб йўталиши кераклигини ва йўталиш учун унинг хизмат хонасида барча шароитлар мавжудлигини билдирди. Шундан сўнг зиёфатни расмий қисми тугаб, мехмонларга бирин кетин ўзбек миллий таомлари ва турли ичимликлар тортила бошланди. Ўртада ўйин-кулги, рақслар, таниқли саньаткорларни чиқишлари.

Зиёфат Фонд Форум аньанасига биноан сахар соат 5га қадар давом этганини, маросим якунида мехмонларни кузатиб МТС ширкати раҳбари В.Евтушенков кўзига ёш олиб Ўзбекистондан кетаётганига қайта-қайта оллога мингдан-минг шукроналар айтаётганини гувоҳи бўлдик.
Ботирали Шодиев, Алишер Ходиев. “Ёшлар” телеканали Форумлар саройидан.

Хабарларни кузатган М.Мансур. 

%d bloggers like this: