Америка манзаралари

Малтнома

Малтнома. Бир пайтлар кимнинг ибораси билан айтганда қизил танлилар, яна кимнингдир ибоараси билан айтганда ҳиндулар яшаган заминни Малтнома дейишган. Ҳозир Портланд шаҳрининг марказини ҳамда Орегон атрофидаги тоғни ана шу ном билан аташади.

Ривоят қилишларича, Олтой тоғларидан уч оила уч тарафга йўлга чиққан экан. Уларнинг биринчиси Ўрхон сари йўл олибди. Бир кун келиб бу оиланинг давомчилари Кўктурк давлатини қурибдилар. 

Иккинчи оила эса Шимолга – қорлик, музликлар бағрига йўл солибди. У ҳам ўз-ўзидан кўпайиб, Саха қабиласига ва сўнгра Саха давлатига айланибди. Йиллар ўтиб Ёқутистон дея ном олган бу ўлка сахаларнинг ўзига ҳам тор бўлибди.

Ўрхондан Ўрта Осиёга сўнгра эса Оврўпанинг марказига қараб йўл солган биринчи оиланинг авлодлари сингари учинчи оиланинг бошлиғи ўз акалари кетган йўллардан эмас, яна ҳам узоқ сўқмоқлардан юра-юра Аляскага ва у ердан кейинчалик номи Америка бўлган қитъага етишган экан.

Бугун бу ривоятда катта бир ҳақиқат борлиги ўртададир. Чунки Америкада яшаган ҳиндулар  юзларча йил давом этган жангу жадалдан сўнг ўз тарихларини ўрганиб, биз Олтойдан келганмиз, демоқдалар.

Дарҳақиқат Саха фолклори ва ҳиндуларнинг анъанавий ўйинларига назар солсангиз ҳеч қандай фарқ сезмайсиз. Дунёнинг икки четида яшаган икки халқ минг йиллар давомида Шаманизмни ўзларининг динлари деб билганлар ва минг йиллар давомида олов атрофида тонг отар ўйинлар ўйнаганлар, дардларини оловга сўйлаганлар.

Орегон штати ҳиндуларнинг қадимий марказларидан бири. Бугун ҳам уларнинг кўпчилиги шу заминда яшайди. Малтнома шаршараси саксон минг йил муқаддам отилган вулқондан сўнг вужудга келганини айтишар экан, 200 метр баландликдан оқиб тушаётган шаршаранинг ҳам ўз афсонаси борлигини ўрганасиз.

Афсонага кўра, қизил танлилар ва оқ танлилар омонсиз жангга кирган пайтларида ҳиндуларнинг бир нечта чавандози дарё ва тоғ орасида, оқ танлилар қўршовида қолибди. Олдинда таҳлика, ортда таҳлика. Чапда сокин дарё, аммо дарё соҳилида ҳам таҳлика. Чавандозлар Малтнома шаршарасининг ортига бекинишибди.

Ҳар ким ҳам журъат қилиб, ўқдай заминга санчилаётган шаршара остидан ўтиб, унинг орқасига бекина олмас экан.

Камоннинг ёйи каби шамолкесар ҳиндулар шаршаранинг ортига бекинганларини сезиб қолган душманлари, шаршарани ўққа тутишибди. Ярадор чавандозларнинг қони шаршара маржонларига қўшилгани билан сув худди баҳодирларни яширмоқчи бўлгандек, бу қонни ўз бағрига сингдириб юборган ва уни сездирмаган экан.

Малтнома шаршарасининг бошланадиган икки юз метр баландликдаги нуқтасига қадар олиб чиқадиган сўқмоқ йўлнинг бир жойида  “Бу ёғочни ҳиндулар қизил рангга бўяшган. Унинг илдизидан баргига қадар бўялгандир” деган ёзув бор. Шаршаранинг мусиқаси ана шу ёзувни куйлаётгандек, гўё. Балки шаршара ютиб юборган қон ана шу дарахтнинг илдизига қадар етиб боргандир, дея ҳиндулар афсонавий чавандозлари хотирасини шу тарзда ёдлашгандир?1

Аслида инсон зотининг ҳазрати Одам Ато ва ҳазрати Момо Ҳаводан бошланганини ҳисобга олсак, “Уч оғайни ботирлар” ҳақидаги ривоят у қадар диққатмолик эмас. Аммо жангу жадаллардан омон чиққан бугунги тарих нуқтаи назаридан бу ривоятнинг аҳамияти бениҳоядир.

Бу не ажабки, Молдавияда яшаган, дини насроний бўлсада, ўзини турк деган ҳақўғизлар, яъни гагаузлар, Мўғилистон Гоби саҳроларида яшаган ва ҳамон будпараст бўлган қабилалар, биз туркмиз, деса Сибирнинг Саха кенгликларида шаман ўйинларини ўйнаган ёқутлар, биз турк миллатига мансубмиз, дея бугун очиқ-ойдин айтаётган бўлсалар, ва ниҳоят Саха ухлаш учун ёстиғига бош қўйганда Қуёшни қаршилаб уйғонган Малтнома ҳиндулари ҳам ўзларининг тарихларини Олтойга боғлаётган бир пайтда, биз Туркистон калимасидан ғурурланиб, Туркмиз дейишдан чўчиймиз. Ваҳоланки, буюк бир миллатнинг, Амир Темур ифодаси билан айтганда “бош бўғинимиз”.

Малтнома шаршараси қаршисида ана шу туйғулар жумбушга келади ва дунёнинг нақадар торлиги, тарихнинг нақадар узунлиги кишини ҳайратга солади. Бир пайтлар Беруний ҳазратлари уммон ортидаги бу ўлкани тахмин қилганларида, балки бу заминда ўз қардошлари яшаётганидан ҳам хабарлари бўлмагандир? Балки бугун биз тинглаган ривоятлар ўша кунларнинг маҳсулидир?!

Инсон умри бора-бора бир нуқтага қадалади. Агар тақдир сўқмоғи битган бўлса, уни на мўъжиза ва на Малтнома шаршараси қутқариб қололади. Аммо бу умр беҳуда кечмаган бўлса, бир кун кун келиб ҳеч бўлмаганда дарахтларнинг вужуди ва баргларини қирмизига бўяйди… Худди Малтнома дарахти сингари.

Жаҳонгир Маматов, “Озодлик”, “Америка манзаралари” туркуми, 29 март, 1998 йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.