Ўзгармаган мавзулар

БИР МУДДАТ АТРОФГА НАЗАР СОЛАЙЛИК…

Ўзбек…

Баъзан кечалари нимадандир қаттиқ сиқилиб, уйғониб кетаман. Ўша пайт ёнимда бир дардкашим, кўнглимга яқин кишим бўлса, ким билади, елкасига бошимни қўйиб йиғлаб юбораманми… Ким билади…

Баъзан ҳафталаб, ойлаб кўчага чиққим келмай қолади. Онам йигит кишининг уйда ўтириши яхши эмас, ҳеч бўлмаса, шунчаки ҳавоингни янгилаб кел, деб койиб беради. Аммо, мен энг тоза ҳаво уй ичида эканлиги, ўзим учун тинч макон деб билганим, хонадондаги энг эскирган, анча вақт димланиб қолган ҳаво ҳам мен учун анча тозалигини қандай айтай… Кўчага чиққан заҳотим, ўнлаб, минглаб вужудимни тирновчи ҳолатларни кўришим, атрофни тобора емириб бораётган энг жирканч, энг исқирт ҳаводан димоғим бўғилиб, ўпкам ёрилай дейишини қандай айтай…

Атрофимизга назар солинг, балким сиз ҳам димоғингизни бўғаётган ўша номаълум заққумни ҳис қиларсиз…

Ўзбеклар…

Биз аслида киммиз, ким эдик, умуман кимдир бўлганмизми? Шу саволлар мени ҳар куни қийнайди, унга жавоб топа олмай сарсонман. Кимдир, энсаси қотиб, попирисини тутатганча янги қасидасини бошлаб юборар, мендай “калтафаҳм”ларга қатъий жавоб бериш учун. Бирор фитнадош дўсти билан мийғида кулиб, навбатдаги бўхтон учун тайёргарлик кўришни бошлаб ҳам юборар. Аммо, ўша кимдир ҳам аслида ҳеч нарсани дадил айтиб, мана бундаймиз биродар, дея олмайди. Алдайди, холос. Энг қизиғи, ўзи шуни англаб туриб алдайди. Алоҳида бир илҳом билан, завқланиб, берилиб, жўшиб алдайди… Демак, биз алдоқчилар қавмига мансубмиз… Бир шеърни эслатайми, биз ҳақимиздаги шеър… У сал ойдинлик киритгандайми а?..

Ҳалиям кўз очамаган халқ-да,

ҳали камдир имон, эътиқод,

яшайдилар бир-бирин алдаб,

бир-бирининг мотамидан шод…

Атрофимизга бир назар солинг, ахир алдоқчилар эмасмизми?..

Ўзбек…

Яҳудийларга ҳавасим келади. Битта халқ бўлиб яшайди, керак бўлса халқлигини исботлаш учун миллионлар билан олишишга тайёр. Қани, ким айта олади, ундай эмас, деб. Ўша халққа тенглаша оладиган, ҳеч бўлмаса, ундан қайсидир маънавий-маданий феъли билан фарқланишини кўрсата оладиган, бирор бошқа “халқ”ни ким мисол келтира олади?.. Уни уришди, тепишди, масҳара қилишди, хўрлашди, яккалашди, ўлдиришди, қувишди… аммо у барибир халқ бўлиб қолди. Агар бирор жойда, майли юз йил аввал бўлсин, икки юз йил бўлсин бирор яҳудий ўлган бўлса, бугун уни бутун дунё қайғу билан ёдга олади. Унинг қандай ўлгани қизиқ эмас, шу ерда ўлдими тамом, ўша ерликлар ўзини бунинг учун айбдор санайди… Энг олий ирқни даъво қилаётганлар ҳам синди, неча юз йиллик маданияту, илму-маърифатга эгаликни рўкач қилаётганлар ер тепсиниб қолди…

Атрофга бир назар солинг, шундай эмасми…

Ўзбеклар…

Бизда бундай иноқлик йўқ. Халқ-ку бўлолмадик, бўлолмасак керак ҳам, аммо миллат ҳам бўлолмаяпмизда… Ўзи ҳеч замонда шундай улуғ мақомга эга бўлганмизми?.. Умрини яшаб қўйган, суякда мадори қолмай кексайиб қувватини олдириб қўйган инсонлар, ўтмиши, қувлик пайтини эслаб, ўзини овутади. Бизнинг, ҳаммамизнинг бугунги турмуш тарзимиз шунга ўхшайди, аҳамият берганмисиз?.. Аслида ўтмишимиз ҳам мақтанарли бўлмаган, ўтмишда аҳил бўлган, бир бутун бўлган, борингки халқ бўлган миллат, тарқоқ бўлиб қолиши мумкин эмас… Бирлик, аҳиллик қонимизда йўқлиги учун ҳам аҳил эмасмиз, қонимизда бори билан яшаяпмиз-ку, ахир, шундай эмасми?.. Қонимизда борлиги учун ҳам маҳоратли фитначи, бўҳтончи, фирибгар, хойин, лаган, шармсиз, қотил, борингки жамики ҳайвоний хислатларнинг энг зўр эгасимиз…

Атрофга бир назар солинг, амин бўласиз…

Ўзбек…

Биз ҳамма нарсадан қўрқамиз, бу бизга хос энг миллий хислат. Ҳаммамиз қўрқоқмиз, ҳатто ҳўв, теппада савлат тўкиб ўтирганлар ҳам. Қани ундай эмас, деб кўрингчи… У ёқ-бу ёғи билан ўнта, боринг ана йигирмата одам ичидагини айтиш учун бирор идора олдида йиғилса, дарҳол милиция чақиртирамиз, дадил ёнларига чиқиб, очиқ гаплашиб ололмаймиз. Ё ундай эмасми? Ана, ҳатто ногиронни суд қилаяпмизу. Моддалари билан танишиб кўринга… энг асосийси 159. У нимайди дегувчилар учун эслатиб ўтаман, Конституцион тузумга тажовуз. Тажовузкор бечора оёқлари шол бўлгани боис, аравачада ўтиради. Бутун бошли ҳукумат, ол, деса икки юзта қопоғони югуриб чиқувчи ҳукумат, шу, аравачага куни қолган йигитдан қўрқиб ўтирибди. Нима эмиш, Конституцион тузумга тажовуз қилмоқчи бўлган эмиш. Йўғе? Шу ногирона?

Бунда чумчуқ

ерга қўнмайди,

бунда парвоз қилмайди нағма,

кулгани ҳеч кимса кўнмайди,

қўрқиб яшар ҳаммадан ҳамма…

Атрофга бир назар солинг, далолатини кўрасиз…

Ўзбеклар…

Бошқа миллий хислатларимиз ҳам бор. Бу хислат нафақат яҳудийда, балки қозоқда ҳам, қирғизда ҳам, ҳатто ҳўв, чукчада ҳам йўқ. Тилимиздан тўғри, расмийча айтганда, мақсадли фойдаланмаймиз. Биз учун бу ниманидир, дўмбоққина ниманидир, бироз чангга беланган чармлироқ нималарнидир, мантиқсизроқ узундан-узун алланималарнидир ялаш воситаси. Ҳатто суягини ялашга одатланган ит ҳам, мушук ҳам, борингки бошқа ҳайвонлар ҳам бизга тенглаша олмайди. Нега? Негаки, айнан мана шу одат, бизда эҳҳе қачондан бери бор. Қон қонимизга сингиб кетган. Салгина амал тегиб қолса бўлди, тил бечорага тиним йўқ. Оёғимиз ҳам бўшалиб кетади… Бир ялаб, бир тепамиз, бир ялаб, бир тепамиз… Теппага қараб ялаб, пастга қараб тепамиз… Бошқа, биз каби яловчиларни тепамизда, ҳалақит бермасин учун…

Бу шўрликлар хонадонида

ғараз, фосиқ ниятлар тунар,

ҳалок бўлар қанча даҳолар,

муттаҳамлар, ўғрилар унар…

Ёнингизга бир назар солинг, ахир шундай эмасми?..

Ўзбек…

Кеча дўст эди, касбдош эди, имконингдан фойдаланиб, сенга ҳатто қучоқ очишга тайёр эди. Ўртоқ дерди, дўст дерди, ука дерди, биродар дерди… Қўқон манзират эмас, жиддий муҳаббат дея сен томонга қўл чўзарди, сен учун ош қиларди, сен учун хавотирланиб юраги безилларди… Бугунчи, бугун у сендан ҳадиксирайди, сени фитна қилади, тортинмасдан сен ҳақингда эпослар ёзиб ташлайди, мундайроғини сенинг номинг билан имзолаб юбораверади ҳам. Хоҳла тожикча, хоҳла инглизча, қирғизча, қозоқча, истаган тилда сен ҳақингда тинимсиз сайрашга тайёр. Унинг гапини эшитиб ўзингдан ҳатто ўзинг шубҳаланиб қоласан… Нима қипти, эндиги касби шу экан, бажариши шарт. Танияпсизми? Ҳўв, аллақаёқдаги образ эмас бу, шундоққина ёнингиздаги образ.

Қўрқоқ лозим бўлса қадаминг бўлар,

энг яқин дўстинг ё одаминг бўлар…

… Қўрқоқ ойлаб, йиллаб,

ҳатто бир умир

кўз-кўзлаб минг турлик сувратларини,

энг нозик — энг ожиз жойингни кўзлар,

ожиз жойинг эса куракларингдир…

Зийракроқ назар ташланг, уни яққол кўрасиз…

Ўзбеклар…

Аслида биз ўзимиз учун қандай ривоятлар ўйлаб топмайлик, ўзимизни не-не зарбоф тўнларга буркамайлик, бизнинг аниқ сувратимизни, шундоққина ён қўшниларимиз чизиб беради. Ҳафа ҳам бўлмаймиз, керак бўлса қўшилишиб куламиз, бизда орият ҳам йўқда… Мен ўзим ўттизинчи йилларни кўрмаганман, худо сақлаган дегим келадию, аммо ким билади, у пайтдан, бугуннинг азоби кучлироқми… Хуллас ўша пайтлари биз бир-биримизни қандай ғажиганимиз ёдингиздами? Энди бугунни бир солиштириб кўрингчи, фарқи борми йўқми? Ўша йилларда ҳам биз кўрсатардик, “энг олий” миллат вакили тўйиб-тўйиб тепарди, миллатдошимизни тепарди. Бугунчи? Ундай эмас дегувчилар, анави Соснов деганларининг мақоласини ўқиб кўрсин, сал аввалроқ таърифлаб ўтганим, “миллатдош”ларимиз бирам мириққан бўлсалар керагов, ўрисники бошқачада…

Жангда ўлган эмас

бирор баҳодир,

бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,

тошдай ухлаганда тўшларин очиб

ё заҳар қўшилган зиёфатлардан…

Биласизку…

Ўзбек…

Орият ҳақида айтдим. Йўқлиги бор гап. Ўрислар ошкора, ҳатто ҳаё қилиб ҳам ўтирмай, минглаб ўзбекни русияда не кўйларга солаётганини айтиб турибди. Тиливузорида кўрсатади ҳам. Ўзбекни кўрдими, тамом нелегал, деган тамға тайёр. Ўрисга Ўзбекистонда шундай тамға борми, у ҳам вагон-вагон бўлиб келаяпти-ку… Уни бу ерда ҳатто аллақандай тамғани талаб қилиб, бечора ўзбекнинг паспортини йирткудай варақлаб чиқувчи милиция ходими ҳам безовта қилмайди, қўлини кўксига қўйиб уйининг тўрини кўрсатади, миллатдош қизини ётоғига киргизиб беради, бир тотиб кўрсин учун… Қозоқ диёри томон назар солинг, ўзбек у ерда аллақачон ҳурматга нолойиқ миллат вакилига айланиб улгурган. Кишанлашди, аёлларимизни суви йўқ ҳовуз ичига ташлаб, бир-бири билан муштлаштиришди… Минг танга учун ўз миллатдошини ейишга тайёр ўзбек аёлини томоша қилинг… Буюк ҳаё, иффат, вафо ва садоқат эгаси бўлмиш аёл шу бўлади… Ориятимиз келиб “дўст”ларга, “иттифоқдош”ларга, бас дея олмаймиз, сабаби, йўқда ўша орият. Ўлиб кетмайдими…

Шундай бўлиб келган азалу азал

мана шу жафокаш,

кўҳна Ватанда…

Қайсики миллатда аёллар хўрланиб, йигитлар ориятсизланса, унинг эртаси йўқ бўлади, уни душман бир ҳамла қилиб енгиб қўяди. Атрофингизга қаранг, кимимиз бугун, ориятлиман, қизларимиз иффатли, катталаримиз одил, кичикларимиз садоқатли дея оламиз? Қайсимиз эртанги кунга, дунёвий ўлчовдаги эмас, Аллоҳнинг эртанги кунига тоза, дадил, ҳар қандай гуноҳлардан ҳоли кетаман, деб айта оламиз? Мен бунда, биз учун одатий бўлиб қолган, ўзимиз учун “майда-чуйда” деб олганимиз гуноҳларни айтмаяпман, сал кенгроқ тушунчадагиларини айтаяпман. Ҳатто энг юқори илмга эгалиги даъво қилинаётган имомларимиз ҳам, неъмат эгасини башарда билиб, ҳақиқий Эгани иккинчи ўринга тушириб, қўрқмай яшаётган бўлса, иффат истаганларни тепкилаб, фаҳш истаганни қўллаётганларни мақтаб, дуолар қилса, ахир эртаси қандай бўлиши уни ўйлантирмайдими?

Шуми, бизга айтилаётган қадим маданият ворислари? Шуми, Имом Буҳорий, Абу Лайс Самарқандий, Баҳоуддин Нақшбанд, Яссавий, Имом Тирмизий, Марғиноний, Навоий, Машраб, Нодира, Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Дукчи Эшон, Фурқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон авлодалари? Мен ана шу ёрқин шахслар авлодимиз дейишга уяламан, зеро улар авлодидан эканлигимизни исботловчи бирор ҳаракатимизни эслай олмайман. Ахир, ҳеч қайси халқда, ўз аждодини тушунмаслик ҳолати мавжудми, ўз аждоди ўгитларини билмасликчи? Ҳожилар ароқ ичса, муллалар маддоҳлик қилса, олимларимиз қарсак чалиш билан овора, шоирларимиз ғуломлик қилса, мелисамиз бизни таласа, ҳарбийларимиз отса, савдогаримиз тарозидан уриб қолса, қоровулимиз молимизга хиёнат қилса…

Мени тунда уйғотиб, вужудимни титратаётган нарсалар, ана шулар…

Бу юртда

ҳамиша фитнадан

улуғлар йиқилур юзтубан,

пешобин оқизиб битмаган

фитначи ўтажак устидан… (Шавкат Раҳмон шеърлари).

Ҳусниддин Қутбиддинов.

https://turonzamin.org/2008/12/11/nuqtai-nazar-7/

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.