Сарғаймаган саҳифалар

Гап ва амалнинг икки қутблиги

Шўролар даврида авом халқни чалғитиб туриш учун ҳар турли кампаниялар ўтказиларди.

Масалан, Коммунистик партиянинг машҳур 16-пленуми ёдингиздадир. Унда қўшиб ёзишга қарши кампания бошланганди.

Кейин 17-пленум “Танқид ва ўз-ўзини танқид кампанияси” …

Ортидан “Сўз ва матбуот эркинлиги кампанияси”…

Шу тарзда “От болам отганга, мукофот бер ётганга,” деганларидек чархипалак айланаверади. Бироқ шўрлик ишчи қора қурумли қўлини совун тополмагани учун қум билан ювар, деҳқон дастурхонида нон ва чойдан бошқа нарса йўқ, боласи эса мактабга калиш билан қатнашда давом … ойнаижаҳон, радиода эса концерт, мақтов.

Раҳбарнинг чўнтаги тўла, бечоранинг киссаси йиртиқ… Миршаб кабоб ейди, миллат калтак …

Бугун Ўзбекистонда шамнинг лип этгани каби ёруғликни кўриб, жумлаларини саволлар билан битираётганлар ана шу эски анъанадан чўчимоқдалар.

Балки сентябр – октябр “Инсон ҳақлари кампанияси” …

Ноябр – декабр – “Матбуот эркинлиги“ …

Январ – феврал  “Сиёсий мухолифат кампанияси” … ва чархпалакнинг айланиши.

“Саксон йилда битмаган саксон бирда битирмиди?” деган гап бор.

Дараҳақиқат, бугунги иш кампанияга айланиб кетса, миллат отаси ширин сақични кўрсатиб, такрор чўнтагига солиб қўйганда, лабини ялаб қолган боланинг ҳолига тушмасмикан?1

Бундай савол берилишига асос бор. Ўзбекистон Конститутциясида инсон ҳақлари тўла-тўкис кафолатланган.

Матбуот ҳақидаги қонун “Ўзбекистонда матбуот эркиндир” деган жумла билан бошланади.

Жаноб Каримовнинг 1992 йилда нашр этилган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва таррақиёт йўли” номли китобида “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат. Бу – мустақил, демократик, ҳуқуқий давлатдир. Бу – инсонпарварлик қоидаларига асосланган, миллати, дини, ижтимоий аҳволи, сиёсий эътиқотларидан қатъий назар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаб берадиган давлатдир,” дейилган.

Демак, ҳуқуқий жиҳатдан тобон, яъни асос бор эди. Бироқ яна ўша китобга мурожаат қиламиз.

16-саҳифанинг охирги жумласини ўқиймиз׃ “Кучли ижроия ҳокимияти бўлмаса, ҳатто энг демократик йўл билан қабул қилинган қарорлар ҳам бажарилмаслиги мумкин.”

“Бундан ҳокимият керак” деган хулоса чиқади. Яъни тўрт-беш йилдан буён айтилган гаплар қоғозда қолди. Шу боис ҳам ҳокимиятга эҳтиёж бор. Ҳокимият эса халқ ва унинг иродаси. Бу ироданинг кучи синдирилган. Демак, асосий масала шу кучни қайта тиклашдир.

Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар бошлаш учун махсус сессиялар, халқаро анжуманлар, янги қонунлар ва маърузалардан ҳам кўпроқ ижрога эҳтиёж бор.

Ўзбекистон Конститутциясида Президент қонунлар ижроси таъминланиши учун кафолат, дейилади. Шундай экан, мухолифат ва журналистлардан конструктив таклифлар кутаётганини билдирган жаноб  Президентга бажарилиши жуда осон бўлган ва матбуот эркинлигини таъминлаш учун бор-йўғи икки қарор ёки фармон билан мақсадга йўл очадиган бир жуфт таклиф׃

Биринчиси: Ўзбекистон Матбуот Давлат қўмитасининг давлат сирларини муҳофаза қилиш бўлимини тугатиш ва унинг ўрнига давлат сирлари руйхатини таҳририятларга бериш, шу йўл билан цензурага чек қўйиш. Дунёда давлат сирини чоп этганлар эмас, балки бу сирни ошкор қилганлар жазоланади.

Иккинчидан: Собиқ Ўзбекистон КПМК нашриёти ёки бугунги “Шарқ” матбаа концернини Ўзбекистон Президенти Ишлар бошқармаси ҳисобидан чиқариб, хусусийлаштириш керак. Олам гулистон! Матбуот эркин бўлади.

Инсон ҳақларига келсак, Президент халқаро пакт ва хартияларга имзо чеккан. Шу ҳужжатлар асосида қонунлар қабул қилинган. Бунинг ижроси ҳам осон.

Биринчидан: Бугунга қадар қамалган, айбланган сиёсий мухолифат намоёндаларини республика прокуратураси реабилитация этади. Авф эмас, яъни оқлайди. Авф жиноятчининг гуноҳини кечиришдир. Реабилитация айни пайтда ҳуқуқ – тартибот ходимлари ўз вазифаларини суистеъмол қилишига  чек қўяди. Чунки бир кишининг реабилитация қилиниши иккинчи бир кишининг хатосини фош этади, яъни адолатсизлик қисман бўлсада барҳам топади.

Иккинчидан: Суд Конституцияга кўра ижродан ажратилади. Яъни суд раисларини давлат раҳбари тайинлашдан воз кечади. Улар сайлов йўли билан келадилар ва мустақил бўладилар. Суд мустақил бўлмас экан, инсон ҳақлари ҳақидаги гаплар қоғозда қолаверади.

Бугун Ўзбекистонда сиёсий ўзгаришлар бўлишига ишонмаётганларнинг бир қатор далиллари бор. Энг асосийси кечаги менталитет. Яъни куни кеча бир кишини тўрт сатр ёзган нарсаси учун қамоққа тиққан, оиласини сургун қилган, ҳатто яқин кишисининг вафот куни йўлларини боғлаган одам қандай қилиб 180 даражага ўзгарсин?1

Коммунистик зеҳният эски кампаниячилик услубини унутмаганга ўхшайди. Бу хусусда адашишни, хато қилишни жуда ҳам истайман. Ўзим учун эмас, халқим ва миллатим учун истайман. Агар бир кун келиб “Ўшанда сен хато қилгандинг, мана инсон ҳақлари, матбуот эркинлиги, сиёсий эркинликлар кампаниячилик эмас, ҳақиқатга айланди,” дейдиган шароит туғилса, мен ҳеч иккиланмасдан узр сурайман.

Бироқ кечагина қилғиликни қилганлар, инсон ҳақ-ҳуқуқларини топтаганлар, матбуотни бўғганлар, сиёсий мухолифатни сургун этиб, бўҳтонлар билан қораотлиқ қилганлар ҳамон қўлларидаги калтакларини ташлаганлари йўқ. Буйруқ кутиб турибдилар. Агар Ўзбекистонда ишлар иқрор ва узрдан бошланса, бу ҳатто кампания бўлган тақдирда ҳам ишончлироқ чиқарди. Сўзимга эса жаноб Каримовнинг юқорида зикр этилган китобининг 72-саҳифасидаги сўнг абзаци билан нуқта қўяман.

“Олдин одамларга моддий бойлик бериш, сўнгра маънавият тўғрисида ўйлаш керак, дейдиганлар ҳақ бўлмасалар керак. Маънавият – инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч -қудратидир. У йўқ жойда ҳеч қачон бахт-саодат бўлмайди. Нафақат кўҳна тарих, балки янги тарих ҳам бунинг кўплаб мисолларини беради. Маънавиятни мустаҳкамлаш учун меҳнат ва маблағни аяш ўз келажагига болта ўриш демакдир”.

Гап ва амалнинг икки қутблиги мана шу!

Жаҳонгир Маматов, “Озодлик”, 21 сентябр, 1996йил.

%d bloggers like this: