Сатира

 М И Т И Н Г
Буюк Британияда чоп этиладиган «The Financial Times» рўзномаси Гулнора Каримовага бағишлаб эьлон қилган “Золим шохлик маликаси“ туркум мақолалари Ўзбекистон мехнаткашларининг адолатли ғазаб ва норозичиликларини уйғотмоқда.

Гулнорахонга 8-март совғаси деб тарифланган мақоланинг бўхтон ва ҳақоротлардан иборат ҳар бир сатри Президент И.Каримов раҳбарлигида мустақиллигимиз туфайли юртимизда мавжуд тинч ва осойишта ҳаётимизни кўра олмайдиган ҳасадгўйлар ва душманларимиз нақадар кўплигидан далолат бермоқда.

Бугун Андижон вилоятидаги машхур Асака автомобиль заводи ишчи-хизматчилари тушлик пайтида йиғув цехида ушбу мақолага бағишланган норозилик митингига тўпландилар. Ўн мингдан зиёд одам қатнашган тадбир иштирокчиларининг қўлларида “Гулнорадан қўлингни торт!”, “Биз тинчлик тарафдоримиз!”, “Тинч қўясанларми, йўқми?”, “Олган бўлса олгандур!”, “Авакянни хам айби йўқ!” деб ёзилган шиор ва алвонлар, барча йиғилганларни юзларида жахл ва ғазаб аломатлари сезилиб турибди. Заводни ишлаб чиқариш бошқармаси рахбари, фахрий автомобилсоз Шухрат Юсупов митинги очар экан, йиғилганларни жипсликка даьват этиб қуйидагиларни айтди:

-Юртимизда мавжуд баьзи қийинчиликларга асосий айбдор – Бекзод Ахмедов! У бола Гулнора билан яқин бўлганлигидан фойдаланиб эгри йўлга қараб юрди. Аммо Гулнорахон билан яқин бўлганлар кўп, хаммаси хам шу ишни қилаверса, давлатимиздан нима қолади? Гугушага берганмизни ўзи етиб ортади-ку, оддий инсонга яна нима керак? Шундай хатарли кунларда Гулнора ва Фонд Форум атрофида бир ёқадан бош чиқариб, топганимизга шукр қилаётганимизни исботлайлик!

Сўз 6-цех пайвандчиси, Ўзбекистон Социалистик мехнат қахрамони, В.Ленин ва И.Каримов орденлари совриндори Ғайратдин Хўжаниёзовга берилади.

-Мен Гулнорани ёшлигидан биламан. Биз ўсган Фарғонани Қувасида ёз чилласининг саратон иссиғида туғилганини эслайман. Ўшанда қандай беғубор қизалоқ бўлган бўлса, хозир хам шундай! Қўйни оғзидан чўп олмаган одам у! Ахир чўпни нима қилади? Бир тийинга қиммат нарса бўлса? МТС бўлсайди экан! Қўшни марғилонлик Мўьтабарга хам хайронман! Кўрмайсизларми, қаёқлардадур Гулнорани ахтариб юрибди. Эй, инсон! Гулнора билан гаплашгинг келса, келмайсанми Фонд Форумга? Манзили хам аниқ –Тошкент шахри, Ўзбекистон кўчаси 80-А! “А”си эсдан чиқмасин, бўлмаса яна бошқа эшикни тақиллатасан!

Ундан сўнг сўзга чиққан завод касаба уюшмаси раиси Аббосхон Қодиров мақола муаллифларини кирдикорларини очиб ташлаб қуйидагиларни айтди:

-Бугун эрта билан почта қутисидан “The Financial Times“ни охириги сонини олиб, очар эканман, бизни кўра олмайдиганлар хар қандай муттаҳамликдан тоймасликларига яна бир бор амин бўлдим. Хайф, бундай газетга! Мен “Ўзбекистон почтаси” ширкати рахбариятидан бугундан бошлаб менга бу газетани олиб келмасликларини, газета обунасига тўлаган пулимни пластик карточкамга қайтаришларини талаб қиламан!

Митингга Тошкентдан ташриф буюрган таниқли шоир Эркин Вохидов сўз олди:
-Гулнорахонга отилган тош менга тексин. Қизимизга бағишлаб қуйидаги мисраларни ёздим: Отилди Гугушга тош,
Оғрир доим унда бош;
Чунки Ғарбда кутишар
Келса хибсга олишар.
У ерларга бормайди
Кўп мехнатдан толмайди.
Вақти йўқ айш-ишратга
Хар тунгги маишатга!

Минбарга чиққан машхур қўшиқчи Озодбек Назарбеков шоир сўзларига хамнафас бўлиб ўзини янги қўшиқларини бошлади:
Не сабаб олганингдан кўнглинг тўлмаса
Ёнингда ишонган дустинг бўлмаса.
Сени қулашингни кутарлар
Балки ўлишингни кутарлар…

Шоир сўзлари ва таниқли саньаткор қўшиқлари йиғилганларнинг гулдурос қарсаклари остида қолиб кетди. “Барака топинглар!”, ”Бекзод топилсин!”, “Бўларканку!”, “Шунча пайтдан бери қаёқда эдинглар?” деган хайқириқлар эшитилади. Яхшиямки вилоят хокими Ахмаджон Усмонов хар эҳтимолга қарши митинг ўтказилаётган жойга қўшимча милиция нарядларини жўнатишга буйруқ берган экан, бўлмаса иштирокчиларнинг важохатидан нақд тартибсизликлар бошланиб кетар эди. Собиқ милиса генерали-да! Нима қилишни билади!

-Оғайнилар! Илтимос тинчлик сақланглар! Бугун банкдан нақд пул олдик, декабр маошингизни ярмини берамиз. Қолгани пластик карточкага ўтказилади,-митингни олиб борувчи корхона рахбари Шухрат Юсуповнинг сўзларидан сўнг ойлик масаласини эшитган ишчи-ходимлар бухгалтерия кассасига қараб югурдилар. Бир неча дақиқада йиғув цехи биноси сув сепгандай жим-жит холга айланди. Минбардагилар эса бирма-бир машиналарига ўтириб, обком дачасига зиёфат қилгани кетдилар.

Тафсилотлар жойидан митингни кузатган М.Мансур. Асака шахри.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.