Эскирмаган мавзулар

Бизнинг бурчимиз

Ўзбекистон жуда оғир кунларни яшамоқда. Аллоҳ неъмати, тарих жараёни бўлмиш мустақилликни ўзларининг айшу-ишратлари, кайфу-сафолари, ҳукму зулмда эркинликлари деб тушунганлар халқ бошига ҳисобсиз кулфатлар ёғдирмоқдалар.

Иқтисодиётдаги жиддий хатолар, ислоҳотдаги нўноқликлар, пул борасидаги таҳликалар, Урусият олдидаги тавозеълар ва ниҳоят нарх-навонинг ҳаддан зиёд ошиб кетиши халқни нафақат қашшоқлаштирди, балки ҳукуматга нисбатан нафрат ва ғазабга сабаб бўлди.

Иқтидор, яъни ҳукумат бундан қутулишнинг йўлини зулм ўтказишни кучайтиришда деб навбатдаги қабиҳ холосаларга келмоқда.

Дарвоқе, хато қилиш мумкин, бироқ хулоса чиқаришда хато қилиш, адашиш мумкин эмас. Ҳукумат эса худди ана хулосада адашди ва адашмоқда.

Бир икки мисолга назар солайлик. Демократ депутатлар 1990 йил 20 июнда Олий Кенгашда Мустақиллик декларациясини қабул қилдиришга эришганда ҳукумат тепасида турган Ислом Каримов тўғри хулоса чиқармади.

Демократ депутатлар Олий Кенгашнинг 7-сессиясида Ўзбекистон Президенти йўл қўяётган камчиликларни очиб ташлаганда ҳам шу ҳол юз берди. Золимнинг узоқни мўлжаллаган қора кўланкали хулосага келгани аста-секин ўртага чиқа бошлади.

Бу хулоса халқини ўйлаган депутатларни бирин-кетин қувғин қилишга, мустақиллик, озодлик йўлида, Ватан ва халқ учун жонини фидо қилишга тайёр йигитларни калтаклаш, қамаш, сургун қилиш, ишдан ҳайдаш, таҳқирларга олиб келди.

Эътиқодни қатағон қилиш мумкин, бироқ ўлдириш мумкин эмас. Буни на юртбоши ва на унинг амрларини ижро этганлар англашарди.

Президент миллат қайғусида яшаётганларни ўзига душман ҳисоблади. Ваҳоланки, бу ўғлонлар юқоридаги бир-икки кишини эмас, улар жон-жаҳдлари билан сақлаб турган қабоҳатга маҳкум тузумга қарши эдилар.

Тарих шунга гувоҳлик берадики, зулмни касб қилган шоҳларнинг ишлари ҳеч қачон юришмаган.

Улар буни аввалига тили бурролардан кўрганлар. Тиллар кесилсада, иш юришмаган.

Сўнг фозилу фузало, оқилу олимлардан кўрганлар. Зиндонлар тўлсада, иш илгари кетмаган.

Ниҳоят, ўзларининг атрофидаги тўраларни дорга тортганлар. Лекин барибир ишлари юришмаган.

Кейин оммавий алдов бошланган. Барибир ишлари юришмаган, тавқи лаънатга қолганлар.

Табиийки, Ислом Каримов шу йўлни афзал кўрди. Унинг атрофидагилар ҳақоратларни эшитмаганга олиб, кабиҳ буюртмаларни бажаришганда ҳали буни англаб етмасдилар. Англасаларда мўъжиза рўй берадиган кунни кутардилар, қурқув исканжасида яшардилар. Ҳаққа эмас, қурқувга ишонардилар.

Қурқув  доимий эмас. Қурқув одамни қурққан кишисига нисбатан душманга айлантиради. Бу ҳақиқат бир кунмас-бир кун кўзга ташлана бошлайди.

Ўшанда ҳақоратланган, таҳқирланган тўралар Президентни ўзларига душман санаш босқичига етадилар.

Каминани Ўзбекистондан қувғин қилишаркан, Ислом Каримовга ишонган раҳбарлардан бири, катта бир вилоят раҳбари “Сизлар уч йил шошдингизлар,” деганини бот-бот эслайман.

Демак, у тоқати уч йилгача етишини биларди. Кейин нима бўлади? Кейин кимдир шу одамга “шошдингиз-да,” дейди. Шу зайл 21-асрга қадам қўйилади. Зулминг ойлари йилларга айланади. Лекин асрларга эмас.

Қурқув вақтинча бўлганидек, зулм ҳам боқиймас. Бугун қимматчилик ва қатағонга, алдов ва ваъдага тўйган халқ бир кун ҳақиқатни англайди. Бизнинг бурчимиз унга ана шу ҳақиқатни тезроқ англашда ёрдамчи бўлишдир!

Зулм ўтказувчининг тарих олдида битта яхшилиги бор. У ўзи билмаган ҳолда зулми билан халқни адолатга соғинтиради. Бизнинг бурчимиз ана шу адолат нима эканлигини халққа англатишдир!

Агар сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги бўлганда эди халқ дардини айтиб, бироз бўшарди. Лекин тақа-тақ ёпиқ  эшиклар халқни бундан маҳрум этди. Бизнинг бурчимиз ана шу ёпиқ эшиклардан ичкарига нур олиб киришдир!

Инсоннинг икки манфаати мавжуд, тафаккури ва қорнига озуқа излайди. Бугун на униси, на буниси бор. Тафаккур ва қорин очлиги уни ухлашга қўймайди, уйқуда бўлса бедор этади. Бизнинг бурчимиз халқнинг тафаккури ўлмаслиги учун унга озуқа бериб туришдир!

Ҳазрат Фаробий минг йил бурун дегандилар “Фозил шаҳар бошлиқлари хулоса чиқаришда адашар эканлар, улардан тезлик ила воз кечиб, ақлу идрокда камол топган кишига ишонмоқ зарур”. Бизнинг бурчимиз ана шу ишончнинг пойдеворини қўйишдир!

Бугун халқ ўз ҳукуматига ишонмай қўйди. Унинг хулосаларига ишонмай қўйди. Бу гунглик эмас, бу сукунат. Хулоса чиқариш олдидаги сукунат. Xалқ бир кун келиб албатта хулоса чиқаражак ва бу хулоса энг одил хулоса бўлади. Фақат қачон? Қачонки қўрқувни енгса! Бизнинг бурчимиз қўрқувни енгишда халқнинг кўзи ва сўзи бўлишдир!

Жаҳонгир Маматов, “Озодлик”, ноябр, 1993 йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.