Сарғаймаган саҳифалар

ПУЛ

Гарчи кеч бўлсада, Ўзбекистон миллий пулининг муомалага чиқарилиши бизни шод қилди, чунки мустақилликнинг тўрт асосий шартларидан бири пулдир. Миллий пулимизнинг қадри, келажаги ҳукуматнинг фаолияти билан боғлиқд. Агар ҳукумат сиёсий эркинликни бўғишда давом этса, табиийки иқтисод ҳам ривожланмайди. Оқибатда иқтисод билан миллий пул ҳам бўҳронга юз тутади.

Бу масаланинг кўп гапирилган ва гапирилаётган қисми, аммо ҳозир миллий пулимиз билан боғлиқ бошқа масалада тўхталмоқчиман. Маълумки, пул ҳар бир фуқаронинг ва мамлакатга келадиган ҳар бир меҳмоннинг қўлидан ўтади. У энг аввало пулнинг кўринишига эътибор беради. Пулнинг кўриниши миллат маданияти, ҳукумат савиясидан дарак беради. Шу нуқтаи назардан қараганда одамларнинг оғзи ёпиб қўйилгани, таклифлар эътиборга олинмаслиги, фақат бир кишининг фикри, қараши билан иш қилинаётгани пулимизга ҳам таъсир ўтказибди.

Қўлимда беш сўм қийматига эга бўлган қоғоз пул. Унинг асосий тарафининг чап қисмида миллий безакларга ўрин берилган, ўртасида эса англаш мушкул бўлган, айқаш-уйқаш чизмалар. Минора ҳам, муқарнас ҳам, кошинлар ва Республика тамғаси, яна аллақандай қушлар каби жониворлар шакли ҳам бор. Ажабо, бу қушми, илонми, аждаҳоми? Нима экан? Балки биз болаликдан эртакларда эшитган Семурғ қуши – гузаллик, саодат, яхшилик рамзи? Пулдаги шаклда эса қушнинг калласи аждаҳо бошига, думи эса илонга ўхшайди. Панжасида итга, яъни кўпакка ўхшаган маҳлуқни тутиб турибди. Бу билан қандай маъно англатишмоқчи?

Ўйлаб қоласан киши, Беҳзод авлоди саналмиш юзлаб моҳир рассомларимиз бор. Уларнинг асарлари бутун дунёда кўз-кўз қилинмоқда. Айниқса, рассомлик соҳасида тарихан ва замонан бой тажрибаси бўлган миллатнинг пулига Семурғ қушини бизнинг хаёлларимиз, орзуларимиздаги каби чизиб берадиган рассом топилмадими? Топилади, фақат уларнинг асарларига йўл йўқ. Чунки эркинлик, фикрни очиқ айтиш имконияти тортиб олинган.

Бунинг устига пулдаги ёзувлар айнан рус пулидан таржима қилинган. Эшитинг нима деб ёзилган:

“Ўзбекистон сўмини қалбакилаштириш қонунга мувофиқ таъқиб қилинади.”

Бу нима дегани? Наҳотки, биз миллий пулимизда ҳам мантиқсиз ёзиш даражасига етдик. “Таъқиб қилиш” бу “кузатишнинг” кучайтирилган маъносини беради. Ўзбекистон сўмини қалбакилаштириш қонунга мувофиқ тақиқланади, дейишмоқчи бўлишса, шундай деб ёзиш керак эди. Табиийки, пулни қалбакилаштириш жиноят, бу ишни қилганлар қонунга мувофиқ жазо оладилар, демоқчи. У ҳолда “Ўзбекистон сўмини қалбакилаштирувчилар қонунга мувофиқ таъқиб қилинади” дейилиши керакмиди? Шуни эслатишмоқчи экан, наҳот ўзбек тили қоидалари ва мантиғи доирасида ёзиш мумкин эмас эди? Мумкин, аммо юртбошининг “қимматли маслаҳати”дан кейин буни журъат қилиб айтадиган киши унга қарши бош кўтарган ҳисобланади-да.

Маълумки, Ўзбекистон Олий Кенгаши лотин алифбосига ўтиш ҳақида Қонун қабул қилганига ярим йилдан ошди. Пулдаги ёзувлар эса крил ҳарфларида. Балки бу пул ҳам сўм-купонга ўхшаб кўп ўтмай алмаштирилади.  Ёки ўшанда лотин ҳарфларида ёзамиз, деб ўйлашдими? Майли, нима ҳам деймиз, бизда қонун бошқа, амалий иш бошқа.

Хуллас, биз пулимиз ҳеч бўлмаса кўриниши жиҳатидан қўшни жумҳуриятлар пулидан афзал бўлади, деб уйлагандик. Чунки биз улардан анча кейин чиқардик пулимизни. Афсуски, кулгига қолдик.

Яна бир қусур. Барча қийматдаги қоғоз пуллар бир-бирига ўхшаб қолган. Аллақачон, қариялар “Болам, бу беш сўмликми ёки йигирма беш сўмликми?” деб сўраб, кейин харид қилишаяпти. Бир қарашда фарқи сезилиб турганда, ўқишни билмаган ёки кўзи хирароқ кишиларга, умуман ҳаммага қулай бўларди.

Бу унчалик муҳим эмас. Лекин юқорида қайд этганларимизни муҳим деб ҳисоблаймиз. Миллат маданияти, санъати, савияси юксакдир. Қандайдир бир гуруҳ ёки шахс бу юксак маданият, гўзал санъатни, юқори савияни ўз даражасига тушириб қўйиши ачинарлидир.

Шунақа, сиёсий эркинликлар бўғилган жойда ҳатто миллий пул кўринишига ҳам путур етади, пул ҳам бир пул бўлиб қолади.

Жаҳонгир Муҳаммад.

Озодли”  радиоси. 19 июль,1994йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.