Таҳлил

Ўктам Худоёров:БУЗҒУНЧИЛИК ҒОЯСИ
ЁКИ “ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ БУЗУҚ ДАВЛАТ”
 
Марказий бошқарувга асосланган Собиқ Иттифоқ 75 йилда қулади. Бу тузум режалаштириш ва буйруқбозликка асосланган тузумларнинг узоқ яшай олмаслиги борасида дарсликларга киритилган мисолдир. Аммо бундан Ислом Каримов тўғри ҳулоса чиқара олмади ва иттифоқ тарихидаги ҳатоларни бир-бир такрорлашда давом этмоқда. Афтидан Собиқ Иттифоқнинг бир қисми бўлган Ўзбекистондаги бугунги планлаштириш ва буйруқбозлик тузуми мустақилликга 25 йил тўлмасиданоқ мамлакатни вайрон қилади. Чунки хисоб-китобсиз режалаштирув ва мантиқсиз буйроқбозлик фақат бузғунчиликка олиб келади.
 
ПЛАНЛАШТИРИШ ҚЎМИТАСИНИНГ АБАДИЙ РАИСИ
Планлаштириш қўмитасидан чиққан ва буйруқбозлик зехнияти онгида қотиб қолган президент Каримов учун бозор иқтисодиёти тизими умуман ёт тушунча. Шунга қарамасдан у зохиран бозор қонунлари асосида эркин фаолият юритгандек кўринадиган, аслида тўлалигича буйруқбозлик асосида ишлайдиган иқтисоднинг “Каримовча модели”ни яратишга уриниб кўрди.
Иттифоқ даврида саноатлашганлик даражаси хозиргидан ўнлаб маротаба юқори бўлсада мамлакатимиз пахта етиштиришга ихтисослашган республика хисобланарди. Иттифоқдан Каримов режимига мерос қолган саноат тизимининг баъзи муваффақиятли тармоқлари инқирозга учрашдан олдин 10-15 йил ўз фаолиятини давом эттира олган бўлса қолганлари унданда қисқа муддатда талон-тарож қилинди.
Мустақиллик йилларида асос солинган автомобилсозлик саноати мамлакатдаги ягона “муваффақиятли” ишлаётган саноатдир. Каримов режими ўз фуқароларига икки баравар қимматга яна фақат долларда сотаётган автомобилларини ишлаб чиқараётган бу корхонанинг 17 йилдир инқирозга юз тутмаганининг сабаби бўлса унинг Жанубий Корея ва АҚШ ширкатлари томонидан юритилишидир. Каримов режими ақалли ота-боболаримизнинг минг йиллик касби бўлган ва мамлакат иқтисоди негизини ташкил этадиган қишлоқ хўжалигини ҳам изга сола олмади.
 
КОЛХОЗЛАРДАН ВОЗ КЕЧОЛМАГАН ОБКОМ
Кўпчилик хақли равишда мустақилликдан кейин Ўзбекистонда фақат номлар ўзгарди, вазифа ва фукциялар олдингидек қолаверди дейишади. Аммо Ўзбекистонда жиддий маъмурий ўзгаришни (“ислохатни” эмас!) бошдан кечирган соҳа қишлоқ хўжалигидир. Бу ўзгариш натижасида колхозлар олдин жамоат, кейин ширкат хўжаликлари деб номланди. 2000 йилдан бошлаб ёппасига ширкат хўжаликлари ерлари кичик фермер хўжаликлари шаклида одамларга бўлиб берила бошланди.
Аммо қисқа муддатда 15-20 та раисни бошқаришга ўрганган туман ҳокимлари юзлаб фермерларни бошқаролмаслиги маълум бўлиб қолди. Натижада одатдагидек ислохатлар кутилган натижа бермагач 2009 йилда кичик фермер хўжаликларини тугатиб қайтадан колхоз негизидаги йирик фермер хўжаликларига айлантиришга мажбур бўлишди. Аммо бу вақтга келиб колхозлар моддий-техник базасидан асар хам қолмаган, изчиллик билан аламаштириб турилган ҳокимлар хамма нарсани талон-тарож қилиб улгуришганди. Ўз фикрига эга бўлмаган Каримов режими энди колхозларни советча ГУЛАГ сиёсатини қайта жорий қилиш усули билан оёққа турғазишга ўтди.
 
ХУСУСИЙ МУЛК – НИМА ЎЗИ У?
Каримов режими воз кечишдан манфаатдор бўлмаган яна бир унсур хусусий мулкнинг дахлсизлиги тушунчасидир. Бугун Ўзбекистонда Каримовлар оиласидан ташқари ҳеч кимнинг хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмаган. Юқорида айтганимиздек колхозлар негизида йирик фермер хўжаликлари ташкил қилиш учун фермерларнинг мол-мулклари “силлиқ йўллар билан” фермер хўжаликлари (аниқроғи давлат) хисобига ўтқазилмоқда.
Давлат бюджетидан молиялаштирилгани хужжатлаштирилган давлат дастурлари – улар ҳоҳ қурилиш ва ободонлаштириш дастури бўлсин ҳоҳ ижтимоий ҳимоя дастурлари – барчаси махаллий тадбиркор ва ишбилармонларнинг “ихтиёрий” ҳомийликлари асосида амалга оширилмоқда. “Ихтиёрий” ҳомийликдан бош тортганлар судланиб энг камида мол-мулкларининг бир қисми мусодара қилинмоқда.
Замонавийлаштириш ва ободонлаштириш дастурлари доирасида бузилаётган хусусий мулклар бозор нархининг ақалли 25% қисми ҳам тўлаб берилмаётир. Тадбиркор ва ишбилармонлар сурункали коррупцияга аралашишга мажбур этилган ва бу уларни исталган вақтда жавобгарликка тортиб мол-мулк ва бизнесларини мусодара қилиш механизмига айлантирилган.
Махаллий корчалонлар ва хатто нуфузли халқаро ширкатларнинг ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмаган. Бугун Ўзбекистондан қочиб кетаётганларнинг биринчиси диндорлар, иккинчиси сиёсий ўзгача фикрловчилар бўлса, унчинчи ва ортиб бораётган гурух режим билан молиявий-иқтисодий тўқнашувга дуч келганлар бўмоқда. Булар ичида халқаро жиноятчилик оламида тан олингани иддао этилаган кишилар ҳам бор.
 
БИЗДА МАФИЯ ЙЎҚ, УНИНГ ЎРНИНИ МХХ ЭГАЛЛАГАН!
Каримов режими Собиқ иттифоқининг энг бузғунчи мероси бўлган уюшган жиноятчилик ва бандитизмни қисқа муддатда йўқ қила олгани билан фахрланади. Аслида режим мафия бошлиқларини дастлабкилардан бўлиб хукуматнинг ажралмас қисмига айлантирган, уларга мавқе тақдим қилганди. Бугун уларнинг баъзилари ўз фаолиятларини муваффақиятлари давом эттираётган бўлсалар, катта қисми мафиянинг ўрнини тўлалигича эгаллаган Миллий Хавфсизлик Хизмати таъқибидан қочиб дунёнинг турли бурчакларида сиёсий бошпана топишмоқда.
Сўнги йилларда нуфузли корчалонларнинг мамлакатдан ёппасига қочаётгани сабаби президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг маданий-илмий-ижтимоий-молиявий-иқтисодий-сиёсий-инсонпарварлик ва қолган барча сохаларда муҳим ўрин тутишга интилаётгани билан боғлиқ. Ўзини ҳамма соҳаларда етук шахс деб хисоблайдиган Гулнора учун хеч қандай қонун-меъёрлар мавжуд эмас- унинг хар қандай истаги сўзсиз бажарилади.
Қочиб кетаётган корчалонлар ва қувиб солинаётган хорижий ширкатлар бизнес ва мулкларининг хаммаси Гулноранинг отасининг маҳрига тушмоқда. Қонуний асос бор ёки йўқлиги, 30 миллион ахоли учун унинг истаклари қийинчилик ёки муаммо туғдириши Гулнорани умуман қизиқтирмайди. Қочиб кетмаган ёки эътироз билдирганлар бўлса изсиз ғойиб бўлишади. Бунинг учун у ўзининг МХХ мафия тўдасидан фойдаланади. Унга бирор ишнинг имконсизлиги ёки қандайдир меъёрларга зид эканини ҳеч ким тушунтира олмайди.
29 999 999 ФУҚАРОНИНГ ЮРТБОШИ
24 йиллик фаолияти давомида мамлакатни имо-ишораси билан ётқизиб-турғазадиган диктатор холига келиб қолган Каримов ўзини мутлоқ хукмдор деб хисоблайди. Атрофидагилар хам ундан худди шунинг учун қўрқишади. Аммо унинг исталган хукмини ижро этишдан бош тора оладиган, манфаатлари билан хисоблашмайдиган ва аксинча қарор ва буйруқларини оғзаки бекор қила оладиган бир фуқаро бор- қизи Гулнора Каримова!
Ислом Каримов ва қизи Гулнора ўртасидаги муносабатлар тўғрисида қарама-қарши фикр ва маълумотлар кўп. Аммо шуниси аниқки, Гулнора отасини истаган мақомига йўрғалата олгани ҳолда Каримов қизига ақалли маслахат ҳам бера олмайди. Бу ҳолда Каримовнинг атрофидагилар Гулноранинг президентликка келтирилишига рози бўлмасаларда жим қараб туришларини иккиланмай айтиш мумкин. Чунки жим қараб турмасликнинг бадали энг омадли холда мол-мулкидан ажралиб хорижда сиёсий бошпана олиш бўлади.
Европа Иттифоқи ва Россия ҳудудида қидирувда бўлган Гулнора Каримованинг қилмишларини билмайдиган одам нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда қолмади. Бузғунчилиги, очкўзлиги, калтафаҳмлиги, шухратпараст ва ишратпарастлиги билан донг чиқарган Гулнора “Отасининг қизи” бўлган чоғидаёқ АҚШ мулозимлари ёзишмаларида “Ўғрибоши” ва “Ўзбекистонда энг нафратланиладиган шахс” сифатида тарифланган эди. У президент бўлган тақдирда мамлакатни нималар кутишни эса тасаввур хам қилиб бўлмайди.
БУЗУҚ КЕЛАЖАК САРИ
Ўзбекистон 1991 йилда мустақиллигини эълон қилганида оғир ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, авияция саноати, энергетика, йўллар, хуллас бутун инфраструктура идеал тарзда соат механизмидек ишлаётган эди. Ишсизлик даражаси деярли нолга тенг бўлган ва саводлилик бўйича дунёнинг энг илғор давлатларидан бири эдик. Иттифоқ даврида халқнинг пешона тери билан барпо этилган бу халқ хўжалиги Каримов режими томонидан қисқа муддатда талон-тарож қилинди. Эркакларни қуллик, аёлларни фохишалик қилишга мажбур этилди.
Мустақилликнинг 22 йиллиги арафасида бўлса хукумат 4 миллиондан ортиқ ишсизлик сабаб оиласини ташлаб турмуш дардида хорижга кетган мухожирлар юборган пул жўнатмаларини назорат қилиш, почта жўнатмаларидаги уяли телефонларни мусодара қилиш ва ахолининг уяли телефонларни маркировка қилиш билан машғул. Бу орада Каримов писанд қилмайдиган “Анави” Тожикистонни Жаҳон Савдо Ташкилотига тенг хуқуқли аъзо қилишга эришди.
Халқаро миқёсда Ўзбекистон билан боғлиқ хабарланинг энг долзарблари бўлса TeliaSonera ширкати Ўзбекистон президенти қизига пора бергани ва МТС-Ўзбекистон ширкатининг ёпилиши билан боғлиқ. Афтидан Гулнора аллақачон норасмий президентлик лавозимига келтирилган ва ўзининг бузғунчилик сиёсатини бошлаб юборган кўринади. Отасидан фарқли ўлароқ унга талон-тарож қилгани йирик саноат тизимлари, табиий ва моддий бойликлар қолмади. Аниқроғи уларни Гулнора отасининг давридаёқ ўзлаштириб, барбод қилиб бўлди. Энди унга Ўзбекистондаги 30 миллион кишининг тақдири мерос қолмоқда.
 

Ислом Каримов бир вақтлар “Ўзбекистон келажаги буюк давлат!” деганмиди? Балки уни хато эшитгандирмиз?

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.