Сатира

Ушбу Фармон назоратини ўз зиммамда қолдираман

Бугун матбуотда қабул қилинган Ўзбекистон Президентини Фармони эьлон қилинди.
Ўзбекистон Президентининг Фармони
“И.В. Сталин вафотини 60 йиллигини нишонлаш ҳақида”

Бутун дунё пролетарларининг доҳийси, ГУЛАГ, НКВД, КГБ каби инсоният тарихида чуқур из қолдирган кашфиётлар муаллифи, “юртбоши” ва “халқлар отаси” унвонларининг илк бор эгаси, 30 йиллаб яккахокимлик давлат бошқаруви тажрибасига асос солган мехрибон устоз ва мураббий Иосиф Виссарионович Сталиннинг вафотини 60 йиллигини кенг нишонлаш, отахонимизни орамиздан кетганини билдирмаслик ва кенг халқ оммасига йўқлигини сездирмаслик мақсадида:

КПСС Марказий Комитети Пленуми томонидан 1953-йил 5-март куни И.В.Сталинни ўлганлиги хақидаги тарқатган хабар афсуслик ва пушаймонлик билан инобатга олинсин.

Ўзбекистон Президенти Девонига ва республика Вазирлар Маҳкамасига Давлат бошқарувида И.В.Сталин солган услублар асос сифатида қабул қилиш ва айнан ўхшашлигича кундалик фаолиятда тадбиқ қилиниши топширилсин.

Вазирликлар идораларини ва маҳаллий хокимликларни хар куни кеч ярим тунгача ишлаш тажрибаси маьқуллансин. Республика Президенти то ишдан кетмагунича барча рахбарлар иш жойида бўлишлари мажбурий эканлиги таькидлансин. Уларга кундалик “Ахборот” программасини кўриш хам мажбурий эканлиги билдирилсин.

Миллий Ҳавфсизлик Хизмати томонидан тадбиқ қилинган республикадаги мавжуд барча ташкилотларда ўз вакилларига эга бўлиш тартиби юқори бахолансин ва қўшни Туркманистон давлатига тажриба алмашиш учун тавфсия қилинсин.
2013-йилни “Обод турмуш йили” деб номланиши хато деб баҳолансин. Жорий хамда барча кейинги йилларни “Сталинча турмуш йиллари” деб номланиши ҳақидаги таклиф маьқуллансин.

“Бирлик”, Эрк”, “Бирдамлик” ва шунга ўхшаш ташкилотлар “Халқ душманлари” деб баҳолансин ва уларнинг барча мавжуд аьзолари жиноят кодексининг 58-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилсин. Миллий Ҳавфсизлик Хизмати томонидан чет элдаги мухолифат аьзоларини орасига низо солиш тажрибаси маькуллансин. Унинг ижрочиларини Давлат мукофотлари билан тақдирлаш мақсадида бирма-бир ватанга келиб –кетиши ташкил қилинсин.

Ҳар бир вазифасидан озод қилинган министр ёки хоким жиноий жавобгарликка тортилиши ва охир оқибат қамалиши хақидаги И.В.Сталин асос солган тартиб доимий ижро учун қабул қилинсин.

Олий Мажлиснинг мавжудлиги хамда сайловлар “хўжа кўрсинга” эканлиги хақидаги И.В.Сталин яратган тажриба доимий тадбиқда бўлишлиги таьминлансин. Сенат Раиси И.Собировга М.И.Калининга ўхшаб соқол қўйиш ва Й. Охунбобоев каби чопон кийиб юриш тавфсия қилинсин.

Ички ишлар Вазирлигининг Ўзбекистон ГУЛАГи бўлмиш ГУИН ташкилотидаги мавжуд махбуслар сони етарлик эмаслигига эьтибори қаратилсин. Уларнинг сонини зудлик билан 1937-йил миқдорига тенглаштириш таьминлансин. Бош Прокуратура ва Олий Суд хайяатига ГУИНни тўлдирувчилар рўйхатини тузиб, хар чоракда тасдиқ учун Президент девонига тақдим қилиш топширилсин.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан мажбурий равишда пахта терими, металлолом ва макулатура йиғишни ташкил қилиш тажрибаси Ўзбекистон томонидан И.В.Сталин хотирасини абадийлаштиришга қўшган ҳиссаси деб қабул қилинсин. Бу тажрибани халқ хўжалигини бошқа сохаларига тадбиқ қилиш топширилсин.
“Халқ сўзи”, “Правда Востока” ва республиканинг барча бошқа рўзномалари хар кундаги сонларида фақат “олди-қочди”ларни ёзиши Ўзбекистон Президенти томонидан И.В.Сталин меросини муносиб равишда давом эттирилиши деб баҳолансин.
И.В.Сталин номидаги “Катта Фарғона канали” қурилишини 70 йиллигига бағишлаб “Катта Андижон канали” ва “Катта Наманган канал”лари қурилиши ташкил қилинсин. Уларга Ўзбекистон Президентини номи берилсин.

Ўзбекистон аҳолиси орасида интернет тармоғини “космополитизм” деб номлаш тарғиботи маьқуллансин. “ Камолот” харакатига республика ёшларини интернет тармоғига киришини хар томонлама чеклаш топширилсин.

И.В.Сталин асос солган ва Советлар давлатини 70 йиллигида хам чекка-чеккадаги ва узоқлаштирилган худудлардаги мавжуд қашшоқлик тажрибасини муносиб равишда Ўзбекистонга тадбиқ қилиб, шахар ва қишлоқларни электр энергияси ва табиий газ таьминотидан чеклаш тажрибаси маьқуллансин.

Собиқ СССР республикалари орасида Ўзбекитон Сталинизм йўлидан кетаётган энг етук давлат деб баҳоланиши маьқуллансин. Бу тартибни ташкил қилишга бош қўшганлар мен бошчилигимда Сталин мукофотига тақдим қилинсинлар.

МҲХ раиси Р.Иноятовга Лаврентий Берияни, Бош Прокурор Р.Қодировга Андрей Вишинскийни, қизларимга эса Светлана Алилуева ва Василий Сталинни охирати нима билан якунланганлиги ҳақида эьтиборлари қаратилсин.

Ушбу Фармон назоратини ўз зиммамда қолдираман.

Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов. 4 март 2013-йил Тошкент шахри.
Хабарларни кузатишда давом этамиз. М.Мансур. Тошкент шахри.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.