МАМАДАЛИ МАҲМУДОВ (Эврил Турон)

ЎЗЛИГИНГНИ УНУТМА, ЭЛИМ!

Энг қийини — ўзингни англай олишингдир. ФАЛЕС
Болаларнинг маънавий дунёсида бирёқламалик устун. Ҳатто уларнинг ота-оналарининг фикрлари ҳам бирёқламароқ. Чунки улар ўз юрти, ўз миллатининг тарихини деярли билмайдилар, билсалар ҳам, юзаки биладилар. Бунга ким сабабчи? Ўзини тан олмай, ўзгани мақтовчилар. Ўзини улуғлаб, ўзгани ерга урувчилар. Юз йилдан бери ўзбекнинг ўтмиши деярли қора рангларда кўрсатиб келинмоқда: «Ўтмишда ўзбек халқи саводсиз эди»! «Ўтмишда ўзбек халқи хор-зор эди»! «Ўтмишда ўзбек халқи қул эди»!…
Хуллас, ўтмишда, ўзбек бирон ёруғ кун кўрмаган. Ўтмишда ўзбекдан бирон улуғ зот чиқмаган. Ўзбекнинг осмони қуёшсиз, ойсиз, юлдузсиз бўлган…
Гапнинг қисқаси, ўзбек тарихи қора, деб алдаб келинган ва оқибатда ўзбек: «Ростдан ҳам ўтмишимиз қора», деган хулосага келиб қолган. Бу фикр эса: «Улуғ оға», деган тушунчани туғдирган. Чиндан ҳам, ҳар бир халқ қатори рус ҳам ўзига хос, улуғ. Бироқ бу улуғлик ўзга миллатларни ерга уриш ҳисобига бўлса, руснинг ўзига татийдими? Йўқ. Чунки, ўзга миллатни таҳқир этган миллат ўзини ҳам таҳқирлайди.
Бобом Аҳмадбек бир гапни кўп такрорлар экан: «Қайси эл ўзлиги, ўз феъл-атвори, урф- одати, куй-қўшиғи, тили, тарихи, табиатининг мустақиллигини сақлаб яшаса, бундай эл хазон бўлмайди, бундай эл тобора гуллаб-яшнаб боради».
Табиийки, ўзбек ўз ўтмишини билмаса, севмаса, эртанги кунини ҳам билмайди, севмайди.
Бундай кетишда, ўзбек ўзлигини унутиб қўяди ва миллат сифатида йўқолиб кетади. Шундай экан, ўзбек даққиюнусдан қолган мактаб қўлланмаларини тубдан ўзгартирмоғи керак.. Мактаб, олий ўқув юртларида тарихимиз сузуклари (булоқлари) — Хун, Ҳазар, Кўктурк, Турон, Кушон, Темур, Бобур, Салжуқ, Ота Турк салтанатлари, Туман, Алп Эртўнга (Афросиёб), Тўмарис, Муқанна каби миллий қаҳрамонларнинг ҳаётлари теран ўргатилмоғи лозим. Алжабр (алгебра) ни яратган Хоразмий, ажун (очун — дунё) тортилиш қонунини Ньютондан беш юз йил илгари очган, Ер шари глобусини Овруподан (Мартен Беҳаймдан) беш юз йил олдин яратган Беруний, табобат фанининг даҳоси Ибн Сино, Коперник, Кеплер, Галилейдек осмончиларнинг устози, осмон илмининг отаси — Улуғбек, буюк итальян шоири Данте илоҳга сиғингандек сиғиниб тилга олган Фарғоний ижодларини ўқиб-ўрганмоқ ҳар бир ўғил-қиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Болаларимиз исломгача бўлган тарихимизни билишадими? Йўқ. Исломгача биз —
туркларнинг етти хил ёзувимиз (алфавитимиз) бўлган. Семизкентда (Самарқандда)
мусулмончиликдан бир неча юз йил бурун қоғоз ишлаб чиқарилган, уйларга сув қувурлари ўтказилган; рассомлик, ҳайкалтарошлик; иморатсозлик, сув иншоотлари қуриш, деҳқончилик; тўқимачилик, ойнасозлик каби саноатларимиз гуллаган. Бизнинг турк аждодларимиз — Туркхон ажунда илк бор аравани, Тавикхон ажунда биринчи марта овқатга туз солишни кашф этган. Илк «ажун кўзгаси» (телевизор) Олтинтепада тасаввур қилинган!..
Бизнинг юз тубан кетишимизга, биринчи галда ўзимиз ва Ленин тили билан айтганда, қора гуруҳчи шовинистлар сабабчи бўлганлар. Кейин Сталин… Сталин «шоҳ»лик курсисини оқил, одил эгаллаб олишидан қўрқди; миллатларнинг уйғонишидан ваҳимага тушди ва миллатларни миллатларга бўлиб қон тўкди. «Халқлар отаси» буни «социализмни ёт унсурлардан қутқазиш» ниқоби остида қилди. Уни қонли йўлдан қайтармоқчи бўлганлар ўлдирилди. Оқибатда, бутун мамлакат, айниқса, Туркистон маънавий-маданий, иқтисодий қашшоқ бўлиб қолди. «Саховат ниқоби остида ёвузлик қилинмаганда эди, дунёда бу қадар ёвузлик бўлмасди», деган Австрия адибаси Эбнер-Эшенбах. Шу фикрлардан келиб чиқиб қаралса, юз минглаб кишиларни қатл эттирган Сталиннинг башараси очилади. Ҳатто, Сталин шу даражага бориб етганки, тўнтариш доҳийси — Лениннинг ҳам қадамини чеклаб қўйган…
Ўз вақтида рус файласуфи Чернишевский: «Миллатнинг муҳим бойлиги — халқнинг маънавий қиёфасидир», деб ёзган. Сталин сиёсати туфайли, Туркистоннинг муҳим бойлиги тилка-тилка қилинди: Сталин ўтмиши бой Туркистоннинг кучайиб кетишидан қўрқди; шунинг учун бир бутун Туркистонни майдалаб ташлади, бир бутун ТУРК миллатини эса туркман, ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ сингари миллатларга бўлиб юборди. Бу майдалаб бошқариш сиёсати эди, бу қонли сиёсат эди. Сталин шу тарзда туркийларнинг насл-насаби ТУРК эканини унуттиришни, кейин бир туғишган миллатни манқурт даражасига етказишни ва уларнинг ўрталарида доимий қонли низолар уйғотишни, элини пахта қулига айлантиришни, бойлигини талашни, табиатини ғорат этишни кўзда тутган эди.
Сталин бу қабиҳ ишларни амалга ошириш учун бир туғишган элнинг ёзувини ўзгартирди. Оқибатда, Туркистон халқи ўз тарихини ўқиёлмай қолди. Мана, бизнинг бош фожиамиз! Энди биз ишни қайтадан, М. С. Горбачёв шарофати билан туғилган қайта қуришдан бошлаймиз, «халқлар отаси» топтаган ёзувимизни, бир туғишганлигимиз, табиатимиз ва ғуруримизни тиклаймиз. Бу қийин иш. Бироқ бунга эришишнинг бир калити бор, бу калит—Туркистон элининг бирлигидир. Энг оғир дамларда ҳам эл бир бўлса, уни ҳеч қандай куч енголмайди.
Ленин ҳам тарихий атамага қарши бормаган, у тилида ҳам, асарларида ҳам бу гўзал, бой юртни Туркистон, деб атаган. Туркистон ҳарбий округи ҳам шундан ном олган. 1921 йили бу юртда «давлат тили турк тили», деган фармон ҳам чиққан. Туркиядаги турклар бу юртдан асосан минг йилча бурун кетишган. Улар билан биз бир туғишганмиз, улар билан қонимиз ҳам, тилимиз ҳам, динимиз ҳам бир. Уйғур, сариқ уйғур, қозоқ, қирғиз, туркман, кўк ўғуз (гагауз), қорақалпоқ, қирим татари, озарбойжон, тотор, бошқирд, қорачой, қумиқ, шўр, эвенк, хокас, олтой, тува, ёқут, яғмо, чуваш, жапон (япон), мўғул, булғор (болгар) бизнинг қадим турк аждодларимиздандир, қадим турклардир. Сталин бу тарихни маккорлик билан яшириб, «миллати нима ёзилса ёзилсин, фақат турк ёзилмасин», деб ўйлаб, ҳали айтганимдек, бизни миллат ва юртларга бўлиб юборди. Туркистон деган қадим номни ўзгартирди. Сталиннинг фикрига қарши чиққанлар «пантуркист» — «туркпараст», деб айбланди, қамалди, отилди.
Украин, белорус, рус… бир туғишган деса, славянпарастликка кирмай, турк, ўзбек,
озарбойжон… бир туғишган деса, туркпарастликка кирар эканми? Халқлар дўстлиги — қон- қардошлик туйғуларини мустаҳкамлайди, бу ленинча сиёсатнинг негизидир.
Ўз тарихини билган киши ўзлигини, ўзгани билади. Шундай экан, минг-минг йиллик тарихимиз ҳалоллик билан матбуотда ёритилиб борилиши ва китобларимиз кўплаб нашр қилиниши керак. Болаларимиз фақат ўзбек-турк тарихини эмас, рус, форс-тожик, хитой, ҳинд, араб, инглиз каби халқлар тарихларини ҳам билсалар, ютадилар. Бунинг учун улар шу тилларни эгалласалар, ёмон бўлмайди. Ўзга тилларни билиш фақат яхшилик уруғларини ундиради.
Ўз вақти-соати билан ҳар бир мева пишиб етилганидек, энди Тил, Адабиёт ва Тарих марказини очиш вақти ҳам етди. Бунга Марказком ва шахсан президентимиз Ислом Қаримовнинг ўзи ҳам ёрдам бермоқда. Бу марказ ишга тушса, бутун дунё, бутун туркий олам ёзарлари ҳам олимлари билан узилмас алоқа боғланади. Бу ўз навбатида эллар ўртасида қон- қардошлик туйғуларини уйғотишда муқаддас кўприк бўлади. Марказ минг-минг йилларнинг қат-қатларида қолиб кетган олтин асарларимизни ёруғликка чиқаради. Шунда қиз-ўғлонлар ўзларининг қадим, бой, гўзал, бўронли тарихларини ўқиб, билиб оладилар. Шунда уларда ўзлигига, ўтмишига ҳурмат туйғулари уйғонади.
Бироқ ҳозирча биз ўғил-қизларимиз билан мақтанолмаймиз. Улар билимда, ўзлигини англаш ва ўзига ишонишда оқсайдилар. Лекин, ҳарқалай, болаларда илгарига силжиш бор.
Мана, менга Андижонда мактаб ўқувчилари қандай саволлар бердилар:
«Нега ўзбеклардан Сиёсий Бюрога аъзолар йўқ?»
«Нега ўзбеклардан Иттифоқ миқёсида бирон бошқон (министр) йўқ?»;
«Нега ўзбеклардан осмончи (космонавт) чиқмаяпти?»..
Аввал мен бу саволлар қаршисида ожиз қолдим. Сўнгра: «Қайта қуриш замонида бу тенгсизликка чек қўйилади», дедим. Дедиму ўзим ҳам ўйлар қуршовида қолдим.
Бирон бир марта Совет Иттифоқи Компартияси Марказқўмининг Бош секретари ўзбек бўлганми? — деб кўнглимдан кечирдим, — мана энди демократик сайловлар йўлга қўйилиб, адолат тикланар… Ё СССР Олий Кенгаши ҳайъатининг раиси бўлганми? — дедим. — Йўқ.
«Йўқ», дедим-у, кутилмаганда: — Нега кадрлар Овруподан келишаётир? — деб ўзим-ўзимга савол бердим. — Ё ўзбек қолоқ, ишончсиз ҳам лаёқатсизми? Ахир, бу ўзбекнинг иззат-нафсига тегади. Бу ҳақда бутун ўзбек халқи, бутун Совет Бирлиги ва чет эллар ҳам гапирмоқдалар.
Ленинча дўстлик шундай бўладими? Совет Бирлигидаги миллатлараро туғилган, туғилаётган ишончсизлик манбаининг бир тармоғи худди шундан бошланади. Ўзбекистондаги аксарият кадрлар бошқа миллат кишиларидан бўлса, ундан ўзбек юрти, ўзбек давлати, ўзбек миллати, деган номлар қаерда қолади? Ўзбекка нисбатан уйғотилаётган бундай ишончсизлик, бу ишончсизликни уйғотаётган миллатга ҳам шундай ишончсизлик уйғотади ва, шунингдек, унга қарши нафрат ҳам исён уйғотади. Бу— ҳаёт қонуни! Дейлик, рус давлатидаги кўп кадрлар рус тилини, феълини, урф-одатини; билмайдиган, ҳатто билишни истамайдиган ўзбеклардан бўлса, бу рус миллатининг иззат-нафсига тегадими, йўқми? Туркистонга нисбатан бундай сиёсат тагида «ерли эл қарам» деган «ғоя» ётадими, йўқми? Модомики, ётса, бу нафрат ҳам исён уйғотадими, йўқми?
Бу гапларни очиқ айтиш миллатчиликка кирадими? Йўқ! Бу тўғрида бутун халқ гапиряпти.
Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ким буни миллатчиликка йўйса демак, у марксизм-ленинизмни тушунмайди, у —сиёсий кўр. Биринчи, лавозимлар ерли миллат кишиларига моликлиги ҳақида Ленин айтган. Ё энди Ленинни ҳам тан олмай қўйишдими? Ленин миллий масалаларга ғоят эҳтиёт бўлиб ёндашган. Чунки, ажунда миллий масаладан нозик масала йўқ. Шунинг учун ҳам Ленин: «Миллатларнини манфаатларига жуда катта эътибор берилгандагина зиддиятларга сабаб бўладиган замин йўқолади, ўзаро ипюнчсизлик йўқолади», деб ёзган.
Зўравонлик, авраш-алдаш миллатлар дўстигини емиради. Чунки, бунга қарши эзилган, алданган миллатларнинг бирлик кучи туғилади. Самимият Эрк, Адолат, Тенглик, Дўстлик ипларини боғлайди. Бу гапларнинг мағзини ҳар бир ўғил-қиз чақиб олиши керак. Зеро, мактабларда ҳам Самимият, Эрк, Адолат, Тенглик сабоқлари ўтилиши керак. Бу сабоқларда сталинизмнинг Туркистонга юборилган соялари — Бутурлин, Гайданов, Дидоренко, Огарок, Теплов, Иванов, Гдлян каби кимсаларнинг ниқоблари бутунлай йиртилади. Бу сабоқларда машъум сояларга «озуқа» бераётган кимсаларнинг олчоқ башаралари очилади. Давомли сояларнинг қадам, жағ, мушт, нафслари тийилади. Фарғона фожиасига ўхшаш фожиаларнинг олди олинади. Чунки, ўқувчи, талаба, эл-юрт оқ нимаю қора нималигини англаб боради.
Қачонки, миллат ўзлигини тушуниб етса, бир бутун бўлади. Бир бутун бўлса, қудратли бўлади; бу қудрат олдида эса ҳар қандай куч, алдов, найранг ожиз қолади.
Фарғона фожиасини ўғил-қизларимизга бошқача қилиб тушунтирдилар. Ўзбекнинг
бошкентидан (пойтахтидан) Фарғонага ёзувчилар юборилмади.
Нега?
Асл ҳақиқатнинг очилиб кетишидан қўрқишди…
Москвадан келган айрим репортёрлар, журналистлар эса ўзбекни бадном этиш учун асл ҳақиқатни яшириб, ёлғонни ямламай ютдилар.
Нега энди келиб-келиб ўзбек тили, дини, миллати бир — қон-қариндоши турк билан уришади? Қани бу ерда мантиқ? Дидоренко, Гайданов, Гдлян, Иванов, Бутурлин, Теплов, Анишчев, Огарок кабилар Фарғона фожиасининг сабабчиларидан бўлдилар, деган гаплар юрибди… Бу қанчалар тўғри — келажакда маълум бўлар. Лекин бу каби ишлар оқибатида, бир туғишган халқ, эндиликда ўзини, ўзлигини, тарихини унутган халқ бир-бирини сўйдилар, деган гап ҳам юрибди… Турк билан ўзбекнинг ишсизликдан, очликдан, қувғиндан, тенгсизликдан бўғзига келган нафрати шундай сўндирилмадими? Балки, бундай разилликни ҳали тарих кўрмагандир?

(ДАВОМИ БОР).


Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s