МАМАДАЛИ МАҲМУДОВ (Эврил Турон)

ЎЗЛИГИНГНИ УНУТМА, ЭЛИМ!

Энг қийини — ўзингни англай олишингдир. ФАЛЕС
Болаларнинг маънавий дунёсида бирёқламалик устун. Ҳатто уларнинг ота-оналарининг фикрлари ҳам бирёқламароқ. Чунки улар ўз юрти, ўз миллатининг тарихини деярли билмайдилар, билсалар ҳам, юзаки биладилар. Бунга ким сабабчи? Ўзини тан олмай, ўзгани мақтовчилар. Ўзини улуғлаб, ўзгани ерга урувчилар. Юз йилдан бери ўзбекнинг ўтмиши деярли қора рангларда кўрсатиб келинмоқда: «Ўтмишда ўзбек халқи саводсиз эди»! «Ўтмишда ўзбек халқи хор-зор эди»! «Ўтмишда ўзбек халқи қул эди»!…
Хуллас, ўтмишда, ўзбек бирон ёруғ кун кўрмаган. Ўтмишда ўзбекдан бирон улуғ зот чиқмаган. Ўзбекнинг осмони қуёшсиз, ойсиз, юлдузсиз бўлган…
Гапнинг қисқаси, ўзбек тарихи қора, деб алдаб келинган ва оқибатда ўзбек: «Ростдан ҳам ўтмишимиз қора», деган хулосага келиб қолган. Бу фикр эса: «Улуғ оға», деган тушунчани туғдирган. Чиндан ҳам, ҳар бир халқ қатори рус ҳам ўзига хос, улуғ. Бироқ бу улуғлик ўзга миллатларни ерга уриш ҳисобига бўлса, руснинг ўзига татийдими? Йўқ. Чунки, ўзга миллатни таҳқир этган миллат ўзини ҳам таҳқирлайди. Continue reading