Ўзгармаган мавзулар

Бир каллалик илондан икки каллалик илон

САВОЛ: Мана Каримов икки палатали парламент тузмоқда ва бу Американикидан кейин дунёда иккинчи ўриндаги демократик муассаса бўлишини айтди. Демократияга бундай йўл очилиши Каримовнинг тарих олдидаги катта хизмати эмас-ми?( Юсуф).

ЖАВОБ: Саволингиз кинояга ҳам ўхшаб кетади. Ёки Каримовнинг сессия тугашига беш минут қолганда ўтказган матбуот конференциясида ўзини қандай тутганига қараб, унинг гапларига ишонган ҳам бўлишингиз мумкин.

Аслида бу ҳам Каримовнинг диктатура умрини узайтиришга қаратилган уринишларидан биридир.(Яна танқидми демасдан, илтимос охиригача ўқиб кўринг.-ЖМ).

Каримов диктатуранинг номини “демократия” деб қўйган ва бу билан “ҳаммани лақиллатиб юрибман” деб ўйласа ҳам керак.

Аввало, агар номи парламент бўладиган бўлса, у ҳолда президент бошқаруви ҳақида гап бўлмаслиги зарур. Қандай қилиб ҳам президент бошқаруви ва ҳамда парламент бўлиши мумкин?! Парламент бу парламентаризм тузумидаги бошқарув ҳамда қонун чиқарувчилик шаклидир. (Туркияда бўлгани каби.-ЖМ).

АҚШда эса президентлик бошқаруви (аслида бу ҳам ярим президентлик бошқарувидир-ЖМ) бўлгани учун ҳам икки палатали қонун чиқарувчи идорани Конгресс дейишади.

Мазкур бошқарув тури бу ерда яшаётганининг муҳим сабабларидан бири кучнинг асосий қисми штатларда ва бунга марказ аралаша олмайди.

Иккинчидан, халқ демократияни маҳкам ушлагани ва асосини мустаҳкам қурган. Шунга қарамасдан бу ерда ҳам баъзан тузумнинг жиддий муаммолари чиқиб туради.

Шарқда, жумладан Ўзбекистонда президент бошқаруви бу яккаҳокимлик, диктатура демакдир. Каримовдан кейин ҳам ким келишидан қатъий назар бундай тузумда у барибир диктатор бўлади. Чунки бутун бошқарув бир қўлда жамланган. Назорат йўқ. Бу асрлар давомида битта одамнинг қўл остида бўлиб келган халқни бундан кейин ҳам қул каби тутушнинг замонавий йўлидир.

Агар Каримов ўзбек халқининг келажагини, мамлакатнинг истиқболини ўйлаганда эди парламент бошқаруви учун асос яратган бўларди.

Парламент бошқарувида сайловда ютиб чиққан партия ёки партиялар ҳукуматни, бошқарувни қўлга оладилар ва уларнинг ишини назорат қилиб турадиган доимий мухолифат ҳам мавжуд бўлади.

Бундай тузумда президент парламент томонидан сайланади ва давлатнинг рамзий раҳбари ўлароқ қолади. Унинг қўлида куч бўлмайди.

Бизнинг қуллик қон-қонига сингиб кетган халқимизнинг сиёсий бошқарувга муносабатини тубдан шакллантириш учун ана шу босқичдан ўтишимиз керак. Бу айни пайтда биздаги маҳаллийчилик каби иллатларга ҳам барҳам беради.

Каримов эса жиловни президентнинг қўлида сақлаган ҳолда икки палатали “парламент” тузиб “демократия” томошасини кўрсатмоқчи. У бир каллалик илондан икки каллалик илон туғмоқчи. Бунга табиий йўл билан эришиб бўлмасли аниқ. Демак, сунъий йўл билан бу амалга ошиши мумкин.

Каримовнинг “парламент” деган касалхонаси икки палатали бўладими ёки йигирма палатали бўладими, фарқи йўқ, бу ердан фақат моргга (ўликхонага) йўл бўлади, ҳаётга эмас. Чунки бу ‘парламент” яна кучсиз, ожиз ва диктаторнинг имосига қараб туради.

Президент ҳамма ёқни ўзи белгилашига қарамасдан ҳатто баъзи сенаторларни ҳам ўзи тайинлаш (Катта мафиянинг кичик бир кўриниши бу-ЖМ) ҳуқуқини олмоқда. Бу эса Ўзбекистон шароити учун бугунгидан ҳам хавфли ҳолдир. Мана сизга Каримовнинг тарих олдидаги “хизмати”.

Жаҳонгир Муҳаммад.

3 Декабр, 2004 йил.
“Оқсарой сирлари”.
Jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.