Таҳлил

Kичик “ирмоқлар” ҳосил қилган катта “дарё”

Ўзбекистонда хорижий валюта курсининг назорат қилиб турилиши ҳукуматнинг оддий фуқароларни тунаш учун ўйлаб топган сиёсатидир. Бу сиёсат билан хукумат оддий фуқаролари қулликда ишлаб топадиган 8-10 миллиард доллар атрофидаги маблағга ҳақсиз шерикчилик қилишни йўлга қўйган. Бу маблағларнинг яримидан кўпроғи жўнатиш тизимлари орқали юборилаётган бўлса, қолган қисми мамлакатга қайтаётган мухожирлар томонидан нақд пул кўринишида олиб келинмоқда.

Миграциядаги ҳамюртларимизнинг қўшни давлатларда қулликда ишлаб топган маблағлари мамлакатда хорижий валютанинг асосий манбаи, ялпи миллий даромаднинг энг катта қисмидир. Пахта етиштириш ва газ экспортидан келадиган даромад билан солиштирсак унинг мамлакат иқтисодида тутган ўрни янада аён бўлади. Рус расмийлари тарқатган маълумотларга кўра мигрантлар 2011 йили Ўзбекистонга пул жўнатиш тизимлари орқали 4.5 миллиард доллар эркин айрибошланадиган валюта жўнатишган.

Йил давомида бир маротаба оилаларини зиёрат қиладиган мухожирлар сони камида 2-2.5 миллион киши бўлиб улар таҳминан яна шунча валютани ўзлари билан олиб келишади. Бу мухожирлар йилига киши бошига ўртача 2000 АҚШ долларидан, яъни ойига ўртача 166 АҚШ долларидан соф пул маблағи жамғарганларини билдиради. Баъзи маълумотлар мухожирлар ўртача ойлик иш хақларининг 500-600 АҚШ доллари эканини кўрсатсада, юқоридаги маълумотлардан ойлик ўртача 166 АҚШ доллари жамғариш учун ўзбек мухожирлари ўртача 300-350 АҚШ доллари маош олаётганларини хисоблаб олиш мумкин.

Тирикчилик илинжида аксарият холларда улар ғайри инсоний шароитларда турмуш кечиришга мажбурлиги ва мезбон давлат тартибни сақлаш органлари томонидан мунтазам камситилаётганлари масаласи бошқа мавзу. Аммо уларнинг йиллик киши бошига ўртача 2000 АҚШ доллар миқдорида пул жўнатаётганини ва Ўзбекистон иқтисодига бундан энг кам хисобда 8 миллиард АҚШ доллари кирим қилинаётганини иккиланмай айтиш мумкин. Адашмасам 2008 йилдан бошлабгина хукумат бу маблағни тўловлар балансида “ишчи кучи экспорти” сифатида қайд эта бошлади ва қўлга киритилаётгани иддао этилаётган жадал иқтисодий ўсишнинг негизини манашу ишчи кучи экспорти ташкил этади.

Бир йиллик пахта етиштиришдан олинадиган соф даромад бўлса 500 миллион АҚШ долларига тенг ва бу ишчи кучи экспортидан 15 – 20 баробаргача камдир. Табиий газ ишлаб чиқариш харажатлари ва экспорт миқдори ошкор қилинмасада ишлаб чиқариш ва истеъмол салъдоси Ўзбекистон йилига 15-20 миллиард метр куб газ сотишини кўрсатади. Буни энг паст нархда минг метр куб учун 260 АҚШ долларидан сотганда 3.9 – 5.2 миллиард доллар кирим қилади (бу миқдорнинг бир қисми ишлаб чиқариш харажатларини қоплашга сарфланади). Демак хукуматдан хеч қандай харажат талаб қилмайдиган ишчи кучи экспорти табиий газ сотишдан қилинган киримга тенг миқдорда ёки баъзи шартлар асосида ундан уч мартагача катта эркин айрибошланадиган валюта киримига сабаб бўлмоқда.

Шундай экан хукумат кенг кўламда ишсизлик яратиб фуқароларни чет элларга кетишга мажбур қилаётганининг асосий сабаби тўловлар балансида эркин айрибошланадиган валюта киримини ҳеч қандай харажатларсиз оширишдек халқпарвар бўлмаган (янада тўғрироғи оддий халқни эзишга қаратилган) сиёсатга муккасидан кетганидир. Бу сиёсат ҳеч қандай харажат талаб қилмаслик билан бирга қатор ижтимоий-иқтисодий фойдалар ҳам келтиради. Мазкур омиллар биргаликда ахолининг ишга яроқли қисмини миграцияга мажбурлашни хукумат учун катта даромад манбаига айлантиради.

Бу фойдали омилларнинг биринчси мамлакатда сони тўрт миллиондан ортиб қолган ишсизларни банд қилиш масаласининг автоматик тарзда ечилишидир. Иккинчидан ижтимоий тангликни ошириши мумкин бўлган ахолининг асосий қисми: 4-5 миллион негизини 18-35 ёшли эркаклар ташкил этувчи ахоли қатлами доимий яшаш учун мамлакатни тарк этишади. Учинчидан ахолининг қашшоқ саналган қисмининг хорижга ишлаш учун кетган оила бошлиқлари мазкур оилаларни жамиятнинг “ижтимоий пассив” вакилига айлантиради. Оила бошлиғи миграцияда бўлган оилалар турмуш муаммолари кўплигидан жамиятдаги сиёсий жараёнларга умуман аралашолмайдиган холга келиб қоладилар.

Ва нихоят энг муҳим омил бўлса юқорида келтирилганидек хукуматга ҳеч қандай харажат қилмасдан мамлакатга катта миқдорда эркин айрибошланадиган валюта келтириш имконини яратади.

Бу билан чекланиб қолмаган хукумат мамлакатга киритилган мазкур валютани турли йўллар билан ахолидан “тортиб олиш” амалиётини кенг қўллаб келмоқда. Бу сиёсатнинг мисоли бўлган мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси ва яқинда ўйлаб топилган “намунали уйлар” дастури хақида етарлича батафсиз ёзилган. Булар билан чекланиб қолмаслик учун хукумат ахолидан эркин айрибошланадиган валютани тортиб олишнинг янги йўлларини изламоқда.

Эркин айрибошланадиган валюта билан боғлиқ хукуматнинг яна бир даромад манбаи бу валюталарни айрибошлаш мумкин бўлган “қора бозорлар”дир. Мазкур қора бозорлар банкларда валюта операцияларини сунъий чеклаш йўли билан амалга оширилади. Эркин айрибошланадиган валюта олмоқчи бўлганлар мурожаат қилган банк шахобчаси талаб қилинган валюта йўқлигини билдиради. Шу ернинг ўзида ўзини бу банкга алоқаси йўқ қилиб кўрсатадиган, аслида банк ходимлари билан шерикликда ишлайдиган киши қора бозор курсида валюта таклиф қилади.

Ҳолбуки, мазкур валюта асосий холларда айрибошлаш шахобчаларига Марказий банк курсида сотиш учун ажратиб берилган валюта хисобланади. Қора бозордаги валютафурушлар бўлса амалдорларнинг оддий халқни талаш учун хизмат қиладиган бўғинидир.

Улар аслида СНБ ва банк раҳбарлари томонидан беркитилган, кўпчилик холларда СНБ ва банк ходимларига яқин қариндош бўлган кишилардир. Валютафурушлар Марказий Банк курси бўйича сотиш учун ажратилган валютани қора бозор курси бўйича сотиб ўртадаги тафовутдан бир хисса оладилар ва мазкур халқни чув тушириш йўли билан даромад кўриш тизимининг ажралмас қисми саналадилар. Бу хиссанинг қолган қисми банк раҳбариятидан тортиб Марказий банк раиси Муллажоновгача, СНБ ходимларидан тортиб Республика МХХ раиси Иноятовгача кичик ирмоқлар ҳосил қилган катта дарё сингари оқиб туради. Манашу жумламиз таҳлилнинг калит жумласидир! Гап шундаки мукаммал ишлаётган бу тизимда халқни талашга ўзини энг хақли хисоблайдиган ва “энг катта талон-тарожчи” мақомига интилаётган кимдир хақ ололмай қолаётганди.

Гап шундаки хорижга ташиб кетган маблағлари музлатилиб, баъзи жойларда мусодара қилиш таҳликаси остида қолган Гулнора охирги пайтда 100 сўм садақа олаётган тиланчини кўрса ҳам хасад қиладиган бўлиб қолган. Шунинг учун мамлакат ичкарисида янгидан-янги даромад манбааларини қўлга киритишга уринаётган Гулнора атрофидаги 2-3 калтафахм гумашталари билан бирга олиб борган таҳлиллари натижасида мамлакатда энг даромадбоп соха валютани ноқонуний айрибошлаш эканини тушуниб етишди. Энди улар бу тизимни ҳам ўз қўлларига олишга уринмоқдалар.

Улар ҳатто пул жўнатиш тизимлари орқали мамлакатга юборилаётган валютани ҳам давлат курси бўйича сўмда бериш ва эркин конвертацияланадиган валютани ўзлаштириш дастурини ишлаб чиқмоқдалар. Бунинг “халқни тунаш” сифатида талқин қилинмаслиги учун дастлаб қора бозорларни “зарарсизлантириб” – яъни қора бозор ва Марказий банк айрибошлаш курсларини сунъий йўл билан тенглаштириб олишмоқчи. Манашу хол таъминлангандагина улар қора бозорда ҳам банкда ҳам айни қийматга эга бўлганидан кейин пул жўнатмаларининг сўмда берилиши оддий халқ учун муаммо туғдирмайди деб хисоблашмоқда.

Табиийки стретегик аҳамиятга эга ташкилотлар ҳам нақт пул муаммоси туфайли ойлик маошларини пластик карточкалар орқали кечиктириб тўлашга мажбур бўлаётган бу холда пул жўнатмаларини сўмда тўлаб беришнинг имкони бўлмайди. Чунки мамлакатда амалдаги энг йирик бўлган 1000 сўмлик купюрага бир яримта буханка беради. Автомобил олиш учун лозим бўладиган пул миқдори бўлса қопларда ўлчанади.

Аммо юқорида айтилган гурух амалга киритиш учун бир неча йил олдин тайёрлаб қўйилган 5000 ва 10000 сўмлик купюралар хорижий валютанинг сўмда берилиши масаласига ечим бўлиши мумкин деб хисоблашётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо бугун мамлакатда йирик миқдорда нақд пул айланмага киритилса инфляция 1998-2000 йиллар даражасидан ҳам ошиб йилига 100% ёки ундан ҳам баланд кўрсаткични ташкил этиши мумкин.

Чунки бозорларда таклиф қилинаётган товарлар миқдори ўзгаришсиз қолар экан ахоли қўлида нақд пул миқдорининг ортиши миллий валютани оддий тил билан айтганда “синдиради”. Пул жўнатмаларининг сўмда берилиши оқибатида ички бозорда эркин айрибошланадиган валюта миқдорининг кескин камайиб кетиши ва яна импортни чеклаш асосида ички бозордаги истеъмол моллари таклифининг қисқариши бўлса оловга сепилган ёғдек сўмнинг синишини янада тезлаштириб юборади.

Бу борада пул жўнатиш тизимлари жўнатилаётган валютани айни валютада етқазиб бериш мажбурияти олишгани ва долларда юборилган пулларни сўмда бериш уларнинг низомларига тўғри келмаслиги масаланинг яна бир томони. Бугун бу масаланинг истиқболлари хақида пул жўнатиш хизматлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Аммо бу холда ҳам Гулнора раҳнамолигида Россиядан Ўзбекистонга ўзлари учун манфаатли қоидалар асосида пул жўнатадиган муқобил тизим яратиш ечим сифатида кўрилмоқда. Чунки бу Гулнорага мамлакатдаги бойликларини хорижга ташишнинг энг оддий йўлини яратиб беради. Мухожирлардан Россияда доллар олиб уларнинг Ўзбекистондаги оила аъзоларига сўмда беришни режалаштирган бу муқобил тизим Гулноранинг наздида Ўзбекистонда йиғилган пулларини Гибралтар ва Швейцарияга қонуний ташишнинг энг осон йўлидир.

Аллақачон валюта муомиласини чеклаш сиёсати мухожирларни маблағларини орачилар орқали нақд пул кўринишида бериб юборишларини рағбатлантирмоқда. Инсон бор жойда хато ва муаммо бор деганларидек яқин ўртада пулни етқазиб беришни зиммасига олган орачилар билан мухожирлар ўртасида низолар ҳам кесин ортиб кетишини таҳмин қилиш мумкин. Қолаверса рус, қозоқ ва энг асосийси ўзбек божхоначи ва чегарачиларнинг катта миқдорда нақд пул ташиётганлардан ўз ҳиссаларини олишлари ҳам яна халқнинг гарданига тушади. Йўлларда қайтадан рекет ва талончиликнинг ошиши қурбонлари ҳам яна халқ бўлади.

Оллоҳ берганига қаноат қилмасдан халқнинг мисқоллаб топганига янада кўпроқ хақсиз шерик бўлишга уринаётган Каримовлар оиласи ва уларнинг истакларини ижобат қилиш учунгина фаолият юритадиган хукумат юргизаётган сиёсати туфайли мамлакат умум инқироз томон дадил одимламоқда. Яқингача СНБ ходимларининг муҳим даромад манбааларидан бири бўлган валюта қора бозори бугун ёпилиб тўлалигича Каримовлар хонадонига хизмат қиладиган кўринишга келтирилмода. Банк мутасаддилари аксарият холларда СНБ ходимларининг яқинларидан тайинланадиган Ўзбекистонда бугун СНБ ходимларига банк мутасаддиларини қамаш ва уларга нисбатан чора кўриш вазифаси топширилди.

Табиийки бу СНБ ходимларининг ҳам режимга нисбатан садоқатига катта таъсир кўрсатмай қолмайди. Яқинларини ўз қўллари билан жавобгарликка тортаётган СНБчилар яқин орада ўзларига ҳам навбат келишини англаб етишмоқда. Бу жиноятчи режим рақобатчи ва ҳамтовоқларга тоқат қилмайди. Унинг оддий шиори “Халқни фақат давлат талаши мумкин”. Давлат бўлса Каримовлар оиласи манфаатларинигина илгари суриш учун шакллантирилган. Афсуски бугунги валюта сиёсатидан чиқарадиган бошқа хулосамиз йўқ.

Ўктам Худоёров, Тошкент.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.