Нуқтаи назар

Ризо Обид: Марказий Осиёда уруш ёки инқилоблар бўладими?

Марказий Осиё Республикаларида айрим сиёсатчилар эҳтимол қилаётган уруш ёки инқилоблар юзага келиши мумкинми?  Сиёсий таҳлилчилар тахмин қилаётганидек араб мамлакатларидаги каби  инқилобий ҳаракатлар учқуни фуқаролик уруши алангасини ёқиб юбориши мумкинми?

Бугун бу саволлар ўша минтақада яшаётганлар ва ўша гўшаларда туғилиб ўсиб, маълум сабабларга кўра  узоқда юрганлар кўнглидан ўтаётгани  ва унинг жавобини турлича тахмин қилаётганлари  туфайли юракларини ҳадик чулғагани бор гап.

Мен эса  сўзимнинг бошидаёқ,  кам эҳтимолий сабаблар туфайли қисқа муддатли ҳарбий зиддият келиб чиқиши мумкин, лекин у ҳам узоқ вақт давом этмайди, деган жавобни  айтишим мумкин.

Энди шу кунларда муаммо бўлиб турган Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудларида  юзага келган зиддиятлар бўйича  четдан назар ташлаган бир киши сифатида озроқ фикр юритмоқчиман.

Мен сиёсий таҳлилчи ёки башоратчи эмасман, аммо ўзбекларда “кўз бўлмаса пешона” , деган гап бор. Яъни минтақадаги ҳукумат раҳбарлари, оддий одамлар руҳиятига назар ташлар экансиз, уларнинг ҳеч қайсиси урушни истаётгани кузатилмайди. Аммо очиғини тан олиб айтиш керакки, бугунги кичик низолар уруш оловига айлансаю, амалдаги ҳукумат кетиб баҳонада биз тахтга ўтириб олсак, дея хомхаёл сураётганлар ҳам йўқ эмас. Шундай хомхаёл сураётганларнинг ўзлари ўша ўзлари ўйлаган ҳолат юзага келса ўша оловда биринчи навбатда ўзлари жизғанак бўладилар. Буни улар ўйлаш тугул етти ухлаб тушларига ҳам кирмаётганини сездириб туришибди.

Лекин ундай ҳолатни келтириб чиқаришга уриниш эса олов билан ўйнашиш билан баробарлигини яна бир бор эслатиб қўйиш инсонийлик  бурчимиздир.

Энди, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ўша бугун зиддиятлар қайнаб турган нуқталарида уруш олови алангаламаслигини нималарга асосланиб айтганимга айрим ўзимнинг тахминий хулосаларимни келтиришим мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистон учун реал хавф туғдириши эҳтимоли айтилаётган  Қирғизистон- Тожикистон ва  Россиядан ҳарбий қувватга таянишлари эҳтимол. Чунки улар Коллектив хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти – КХШТга аъзо. Россиянинг ҳарбий кучлари Қирғизистонда ҳам , Тожикистонда ҳам ерлашган. Ўзбекистон эса КХШТни яқинда тарк этган.

Лекин НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий кучлари олиб чиқиб кетилар экан, Ўзбекистон катта ҳарбий техника ва қурол заҳирасидан ташқари, кўп йиллар давомида Афғонистонда ҳарбий тажриба орттирган АҚШ ва бошқа Европа мамлакатлари армияси мутахассислари интеллектига ҳам эга бўлади. Бу Ўзбекистон ҳарбий қудратини ошириши шубҳасиз. Буюк Британия ҳам  Афғонистондан ҳарбий техникани мамлакатга қайтариб олиб келишдан кўра Ўзбекистонга арзон гаровга бўлсада ташлаб кетишдан манфаатдорлигини яширмаяпти.

Ҳамманинг кўз ўнгида кейинги пайтларда Россия ҳукумати юқори лавозимли раҳбарлари Қирғизистон ва Тожикистон, Қозоғистонга қанчалик серқатнов бўлиб қолишган бўлса, АҚШ ва Европа Иттифоқининг нуфузли  давлат раҳбарлари ва ҳарбий қўмондонларининг бир оёғи  Ўзбекистондан аримай қолди.

Гапнинг индаллосини айтганда дунёнинг энг қудратли мамлакатлари бўлган АҚШ ва Россия икки томонда туриб уруш бошлашлари оқибатлари на у томонга, на бу томонга наф келтирмайди. Фақат ҳозирги  ҳарбий мускулларни кўр-кўрона кўз-кўзлаш учун ҳаракат, “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” каби таассурот уйғотади.

Энди кўп манбалардан интернетга сизиб чиқаётган маълумотларга назар ташласак,  уларда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон армияларининг ўзларининг ҳарбий қудратлари нималарга қодир эканини тахмин қилинса бўлади. Мана қуйидаги рақамларга эътибор беринг.

Масалан, бугунги  кунда 65 минг нуфузли Ўзбекистон армиясининг бюджети 1 миллиард 442 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу қўшни Тожикистоннинг 16 минг нуфузли армияси бюджетидан 20 баравар кўп демакдир. 20 минг нуфузли Қирғизистон армияси бюджетидан эса 45 марта кўпдир. Лекин Қозоғистон билан солиштирганда ҳарбийлар нуфузи деярли тенг бўлсада, аммо ҳарбий техникалар сони жиҳатидан Ўзбекистонники озлиги яққол сезилади.

Қозоғистонда –  2210 БТР ва 980 та танк, 278 та вертолет ва ҳаво ҳужуми учқичлари бор.
Туркманистонда –   1941 БТР ва 680 танк ва 112 вертолет  ҳамда жанговар учқич.
Ўзбекистонда –  700 БТР, 340 танк,  135 та ҳаво ҳужуми учун учқичи ва 500 та замбараги ( пушкаси ) бор.
Тожикистон –   46 БТР, 37 танк, 3 вертолет ва 1 ҳарбий самолётга эга.

Эътибор берадиган яна бир жиҳати Ўзбекистоннинг ҳарбий бюджети бу мамлакатлар ичида энг юқоридир. Масалан, 2010 йили ҳарбий бюджет ялпи ички маҳсулот ( ВВП )нинг 3,5 % ни ташкил этган бўлса , Қозоғистонда бу кўрсаткич 1,2 % га тенг.

Россия Қирғизистонга ҳарбий кўмак учун ажратган 1,5 миллиард АҚШ доллар маблағини ҳаммасини шу мақсадга йўналтирганда ҳам Ўзбекистон  армияси уларга нисбатан анча қудратли салоҳиятга эгалигича қолаверади.

Худо кўрсатмасин ҳарбий амалиётлар бошланиб кетгудай бўлса, четдан КХШТга аъзо давлатлар фавқулодда ҳолатларда ҳарбий ёрдам бериш шартномасига кўра аралашмаса Ўзбекистон Қирғизистон армиясини кулини кўкка совуриб қўйиши ҳеч гап эмас.

Лекин юқорида айтганимиздай бундай уруш ҳолатидан нада Россия, нада АҚШ  манфаат кўрмайди, аксинча ҳам иқтисодий, ҳам .минтақадаги потенциал ҳукмронлик мавқеларини йўқотишлари  мумкин холос.

Каримов эса 2015 йил сайловигача барқарорликни ушлаб туриш учун АҚШ ҳарбий омилидан фойдаланиб,  минтақада оқсоқолликни қўлга олишга уриниб борваеради , аммо бу  амалга ошмайдиган орзу.

Лекин сайловдан кейин Каримов ўз ўрнига келадиган вориси-  Президентга қандай кўрсатма беради ва ворис  нечоғли унинг кўрсатмасига амал қилади ўшанда ҳамма минтақавий муаммо ва чигалликлар барҳам топади ёки…Ёки ўша кунгача омон бўлсак яна гаплашамиз.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.