Тарихий-замонавий роман

Жаҳонгир Муҳаммад: “ҚИЁМАТ КУНИ”

-8-

Эликот шаҳри, Мериланд штати

Ҳар кун мактублар келади. Изтироблар, аламлар, таклифлар, инсон манзаралари, кечмишлари ва мана бундай оддийгина хатлар…

“Яқинда Англиядан Ўзбекистонга қайтдим. Ватанда сокинлик ва “тинчлик”. Тўйлар ватаванг. “Рўза бошлангунча тўйни ўтказиб олай” мусобақаси.  Қирғизистон унутилган…Унутилган деганим нимаси? Билинган нарса унутилади. Бу ерда эса мен билганларни билишмайди ҳам. Ё дунё ёлғончи, ёки бу ердагилар?Чунки билиб ҳам билмайман дейиш бизнинг “қобилиятимизга” хос нарсада. Лекин кўпчилик ростдан ҳам билмайди. Ўшда нима бўлган? Айтсанг, ёқа ушлашади. Жалолобод деган сўзни эса бири билса, иккинчиси билмайди ҳам…Бу Папуа оролида эмас, Ўзбекистонда!

Ўш ёнди, ўзбеклар ёнди десам, “овозигни ўчир, нафасингни иссироқ қил”, дейди онам. Унда айб йўқ. Унга менинг гапларим ҳақиқатдан ҳам қўрқинчли.. Чунки ўзбек ОАВларида ҳеч нарса йўқ. “Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайди” дегани мана шу. Ҳукумат газеталарида  жаннатмакон сафсатадан бошқа нарсани топа олмайсиз.

Қолганлари…Кўнгил очар нашрлар. Номларига қаранг׃ “Даракчи”, “Ҳордиқ”, “Бекажон”, “Кўнгил кўчалари”, “Аёл қалби”, “Чимилдиқ”, “Чархпалак”… одамларни “ҳайда қўйингни боқаман”, “кетти-кетти… келди-келди” гаплар, юлдузчалар билан интервюлар,  красвордлар, севги хатлари билан “сеҳрлаб”  олган. ТВ эса сериаллар ороли…

Мана сизга мустақил ватанимизнинг матбуоти. Матбуот ҳаётнинг кўзгуси дейишади. Кўзгуда ана шундай ҳол. Билмадим, қачонга қадар чидай оламан, бу ерда! Ўшга кетайми? Қизил гап қилдим-а? Жон ширин… Шамс”.

Баъзи оромгоҳларда махсус кўзгўхона бўлади. Ўйин учун қўйилган. Ичкарига кирсангиз тўғрини эгри қилиб кўрсатадиган кўзгулар ўзингизни ўзингизга алвастидек  кўрсатади. Қўрқиб кетасиз. Шамс ҳам кўзгўга боқиб, қўрқиб кетган кўринади… Ғарб ва Шарқ  бир-бирига тескари-да!

Мана бу мактуб ҳам шу мазмунда׃

“Ўзбекистоннинг келажаги мавҳум. Ўзбекистонда ҳалиям ўша-ўша эски тос-эски ҳаммом. Ҳеч нарса ўзгарган эмас.

Диктатура борган сари кучайиб кетмоқда. Кўчайиб бўлган десам тўғрироқ айтган бўламан.  ОАВ устидан назорат ҳар доимгидан ҳам кучайтирилган. Ачинарлиси, одамлар диктатурага кўникиб қолди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ. Ҳамма ўз ташвиши билан банд.

Одамларда сиёсатга қизиқиш сўнган.

Ғарбдаги сайлов кампанияларини Интернет ва телевидениедан кузатиб бориб, ҳавас қиламан. Қанийди биздаям шунақа очиқ-ошкора баҳс-мунозаралар бўлса? Бу  орзу бўлиб қолди. Балки бир кун келиб биздаям шунақа сайловолди дебатлар, баҳс-мунозаралар бўп қолар?! Лекин қачон?

Ўзбекистондаги кўзбўямачиликлар, ҳар хил алдам-қалдамларни кўриб,  чет элларга чиқиб кетгим келади. Бу ерда олган билимларим камлик қилади. Дарслардан умуман кўнглим тўлмаган. Биронта домладан янгилик ололмаганман.

Бугун Интернетда Ўшдаги воқеалар ҳақида ўқиб қолдим. Мен ҳам уларга қўшилиб ёнаяпман.  Лекин на тутун чиқади, на аланга. Демак, ёнишни ҳам билмайман. Бу ердан кетгим келди. Лекин қаёққа? …Мурод”.

Бу хат ҳам саволлар ороли׃

“Ҳозирги вақтда интернетда сиёсий, информацион штурм-ҳужум олиб борилмоқда.

Асосий темалар:

1.Ўш области Қирғизистондан алоҳида бўлиб ажралиб чиқиши керак. Чунки у ерда аҳолининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этади.

2.Ўшлик ўзбеклар қуролланиб қирғизларга қарши партизан урушини бошлашлари керак.

3.Ҳали ҳам кеч эмас! Ўзбекистон армиясини Ўшга юбориб у ердаги қирғизларни ҳайдаб, Ўшни “озод” қилиши керак…

Бу каби чақириқларни номсиз, ёки номи аввал чиққан – Каримов тарафдорлари  такрорланмоқда.

Сизга саволларим: Бунақа сепаратизм қартасига ўйнаш Ўзбекистоннинг ўзига ҳам келажакда жуда катта проблемалар келтирмайдими?

Бунақа сепаратизм, партизанлик қилиб жангга кириш, ўч олиш каби чақириқлар Бишкекда ўтирган айрим ирқчи қиргиз сиёсатчилари қўлига дастак бермайдими? Бу каби чақириқлар ва мақолалар Ўшдаги ўзбеклар аҳволини янада ёмон аҳволга қўймаятими? Ахир улар ҳам ўшлик ўзбекларга, ҳам Ватанимиз Ўзбекистонга жуда катта зарар етказишаётганлигини ўзлари ҳам кўриб, тушуниб турибдиларку?

Ҳурмат билан Комил”

Кейинги хат эса қисқа׃

“Ака бу қирғизлар фашист! Сиз уларни оқлашга уринманг! Улар жалллллоооод! Қонхўўўўўр! Бу йиртқич ҳайвонларни ер юзидан йўқотиш ҳақидаги гапимдан сиз ҳам қўрқиб кетаяпсизми? Уларни авлод-аждоди билан қириб битириш лозим. Мард бўлсангиз мана шу гапимни китобингизга киритинг-чи! Исмсиз”.

Бундай ҳолга жавоб анча ва анча олдин айтилганди. Лекин ҳар ким бошқани эмас, ўзини ҳақ деб билади.

“Қутайба аскарлари Ўрта Осиёни босиб олганди, қон тўкилмаган хонадон қолмаганди, халқнинг динини ўзгартириш учун ҳар бир уйда биттадан арабни қилич билан қўйишганди ва улар  ёш гўдак қизларни зўрлагандилар, бесоқолбозликни ёйгандилар”, дея Исломни айбласалар нима деган бўлар эдингиз?

“Амир Темур Туркияни ишғол қилган эди, мамлакатни қонга бўяганди”, дея бугун турклар Ўзбекистонни қораласалар ёки ўзбекларни ҳақоратласалар, фашист десалар қандай жавоб қилардингиз?

“Хоразмшоҳнинг қатлиоми, қирғини учун унинг авлодларидан ўч олайлик”, деб чиққан кимсани аҳмоқ деб атардингиз, тўғрими?

“Шайбонийхон Бобурийларни қонга белаганди, энди биз унинг зотини йўқотайлик”  деб дод солинса, нақадар мудҳиш бўларди?

“Бобур Ҳиндистонни босиб олганди, дея ҳиндлар ўзбекларни “қотиллар” деб эълон қилишса”, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз?

“Месхет туркларини ўзбеклар қувиб чиқардилар”, деб айтишганда нега жаҳлимиз чиқади?

Чунки ташҳис нотўғри…”

Шу пайт Саиджон телефон қилиб қолмаса, яна анча гапни айтиб юборган бўлардим? Саиджон ҳам хуноб׃

-Ўшанда Алишернинг гапига кириб, бу ёқларга келмаганимда ҳозир балки мен ҳам отилган бўлармидим? Балки шундай бўлгани яхшимиди? Оилам қаерда билмасам, уларга нима бўлди, билмасам, кечаси ухлай олмасам, кундузи ҳам тинчим йўқ. Бунинг ўлган одамдан нима фарқи бор? Балки Алишер уларнинг ҳаммасидан қутулиб кетди? Номи ҳам тарихда қолди… Мени эса ўзим ҳам танимай қолаяпман.

Саиджоннинг бу гаплари яна ёдимга Алишерни солди. У жувонмарг бўлди. Жуда ёш кетди.

…Алишерни отишганда бу хабарни эшитиб юрагим титраб кетди. Уни 2000-йилдан бери биламан. Уни у ҳали олийгоҳда ўқиганида топганман. У пайтда унинг қўл телефонлари ҳам, офиси ҳам, хизмат учун минадиган машинаси ҳам, ўлгандан кейингина уни улуғлайдиганлар ҳам йўқ эди.

Ўшанда у 18-19 ёшли оддий талаба эди ва айтилган вақтда олийгоҳ қоровулининг телефонига етиб келарди. У билан қарийб беш йил ҳамкорлик қилдик. Ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам ураверадиган бу йигитни доим хатарли йўллардан сақлашга уриндим. Бир куни у Бишкекдан телефон қилиб қолди׃

-Рашид Дўстимнинг укаси Қодир элчи бўлиб келибди. Ҳозир у билан учрашдим Ундан “Туркиядан олган 12 миллион долларни нима қилдингиз?” деб сўрасам, жаҳли чиқиб кетди, оз қолсин ёқамдан олди. Агар бу ҳақда бирор жойда гапирсам, калламни сапчадек узишини айтди. У уй адресимни ёзиб олди ва суратимни олдиртириб, ёнидаги ёрдамчисига бериб қўйди. У диктофонимни ҳам тортиб олди…

Шундан кейин мен Қодирга сим қоқиб, бу саволга Туркиядаги “Радикал” газетасида чиққан мақола сабаб бўлганини айтиб, уларнинг орасини тузатдим. У Қодир билан суҳбатлашиб радиога берди ва диктофонини ҳам қайтиб олди. Шу билан улар ошна бўлиб қолдилар.

-Бўлган воқеа ҳақида гапирганда эҳтиёт бўлинг,-деб огоҳлатириб қўйдим уни. -Чунки эшитишимга кўра, ўшандаёқ Афғон жангарилари Бишкек ва Ўшда эркин ҳаракат қилиб юришганди. Қодир ва Рашид Дўстимлар эса аллақачон Каримовнинг номенклатурасига ўтган ва ҳар бир ҳаракатларини Тошкент билан баслаҳат қилишарди, деган гаплар чиққанди.

Алишер туғма қобилиятли журналист эмас, балки туғма қобилиятли ташкилотчи эди. Мен ана шу иккаласини қўшишга уринардим. У шов-шувли нарсалар ёза олмаган бўлса ҳам шов-шувли ишлар қилиб юрди. Ўз ёшига нисбатан кўп иш қилди. Мақсудийлар ва Фарҳод Иноғомбоевнинг Гулнора ҳақидаги гапларини мендан сўраб олиб, рус тилига таржима қилиб, тарқатиб юргани шулардан биттаси, холос.

У шов-шув бўладиган, ярқ этиб эсда қоладиган нарса ёзишни жуда истарди. Доим шунинг орқасидан қувди. Жувонмарг бўлмаганда балки бу орзусига ҳам етарди.

Менга ёзган бир хатида “Ака сизнинг ёзганларингизга ошиқман, айниқса ривоятларингиз мени ларзага солади. “Мингқўл” ҳам даҳшат!” деганди. Шу гапи юрагимда қолган.

Мингқўл…

Гоби саҳросининг Чойр деган жойида бир одам туғилибди. У ерда саҳро кийиклари ҳам яшар экан. У одам бу кийикларни ҳам, ўзини ҳам “Архар” дер экан. Киядиган кийим нималигини билмагани учун баданига архарнинг ёғини суриб, ейдиган нарса бўлмаганидан архарнинг сутини ичиб,  гўштини еб юраркан. Бир куни саҳрода қаршисидан яна бир одам чиқибди ва ундан исмини сўрабди.

-Архар!-дебди у.

Ҳалиги одам қиёфасидаги Азроил экан ва Архарнинг жонини олиш учун келган экан. У буни айтгандан кейин Архар׃

-Сени юборган Худо мени нега яратди? Тағин мана шу иккитагина қўл билан! У менга мингта қўл берганда эди мен ҳозиргача истаганимга узаниб, истаганим қадар яшаган бўлардим. Ҳозир сени ишинг номардлик. Мард бўлсанг менга мингта  қўл бер! Вужудимдаги бунча нарсанинг нима кераги бор? Менинг истаган ҳар бир нарсага узанадиган қўллларим бўлсин. Истагимга етайин, кейин жонимни олсанг ҳам майли,-дебди.

-Ахир шу иккита қўл ҳам кўп нарсага қодир эди…

-Бу қўл фақат Архарга узанди. Бошқа нарсаларга узанадиган қўлларим йўқ эди.

Шунда Азроил׃

-Бўпти… Бу истак масаласи… Сен тиладинг! Энди сен бирор жойинг қўлга айланишини истасанг,  дарҳол вожиб бўлади,-деб қайтиб кетибди.

Шундан кейин Архар нимани истаб қўл узатса, бирор жойи қўлга айланиб ўша нарсани олаверибди. Қисқа вақтда унинг бошидан оёғигача танасининг ҳамма аъзолари қўлга айланибди.

Шунда у саҳрода овчига дуч келибди.

-Илгари мен ҳам сенга ўхшаган одам эдим. Энди Мингқўлман! Ўзим сўраб олдим буни,-дея бўлган воқеани айтиб, ундан қўлларидан бир-иккитасини кесиб ташлашни сўрабди.

-Нега  ахир?

-Ҳеч бўлмаса бошим бўлсин, кўзим бўлсин, оёғим бўлсин! Бунча қўллар билан яшаш азоб экан.

Архар тинмай ялиниб-ёлворганидан кейин овчи унинг битта қўлини кесишга рози бўлибди. Қилич ярақлаб Архарнинг бир қўлини узган экан,  унинг ўзи ҳам тўп этиб ерга қулаб, ўлиб қолибди ва бир зумда одам қиёфасига қайтибди. Овчи қарасаки унинг боши танасидан узилган. Шунда у билмай Архарнинг қўлга айланган бошини узиб қўйганини тушиниб, уввос солиб ўзини айблабди, азоб чекиб, Худодан “Менинг ҳам жонимни ол!” деб сўрабди. Шу пайт қаршисида Азроил пайдо бўлиб׃

-Айб сенда эмас, сен унинг тилагини бажардинг. У истаган нарсасига етиш учун Минқўлга айланди. У мендан сўради, мен тилагини адо этдим,-дебди.

-Қачон сўраганди?

-Беш дақиқа олдин…

-Лекин нега унинг жонини менинг қўлим билан олдинг?

-Чунки сен беш дақиқа олдин бир кийикни ота олмаганинг учун мана шу қўлларингдан нафрат қилган эдинг! Мана муродингга етдинг.

-Мен кийикни отолмаганим учун нафрат қилгандим. Лекин бу одам-ку!

-У одам эмас, у Архар!

Азроил шундай деб кўздан ғойиб бўларкан, унинг товуши овчининг қулоғига урилаверибди׃

– Ар-..хар! Ар-..хар! Ар-..хар! Ар…! Ар…! Хар! Хар!”

Бу ривоят ўзига жуда ёққанини айтган Алишер 2004 йил охирида кутилмаганда мен билан алоқани узиб қўйди, “орадан Архар ўтди”. Энди унинг “Азроил акахонлари” кўпайиб қолганди ва улар уни хатардан ҳимоя қилиш эмас, балки хатарга итармоқда эканлари ҳақида эшитардим. Вафотидан кейин унинг бир хати эълон қилинди. У ҳаммасидан чарчагани, қаерларгадир кетиб қолгиси борлигини ёзганди.

Мен Алишердан ҳеч қачон хафа бўлмаганман. Чунки у ҳам бошқа шогирдларим каби мен ҳақимда бўҳтонлар битиб, нонкўрлик қилиши учун майдон бор эди, аммо бундай қилмади.  Тангри ундан рози бўлсин! Лекин унга шаҳидлик унвонини ҳам бера олмайман. Бу Тангрининг ваколатига киради. Тангри ўзи билгувчидир!

Алишер ўшанда отилмаганда бугун отиларди. Чунки…

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

10 июн куни Ўшда бошланган қирғин оқибатида энг жиддий зарар кўрган ҳудудларда¸ асосан этник ўзбеклар яшайди.

БМТга кўра, зўравонликлар оқибатида Ўшнинг ўзбек маҳаллаларидаги 72 фоиз уй-жой вайрон қилиниб, 19 фоизига жиддий талафот етган.

Миллий можародан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам 75 минг одам ҳамон уйсиз. 37 минг 500 киши эса уйларига қайтиб боришдан қўрқиб, қариндошларининг уйларида бошпана топган.

Расмий рақамларга кўра, зўравонликлар оқибатида 335 одам нобуд бўлган, бироқ инсон талофотлари ҳақидаги сўнгги рақамлар ошкор этилгудек бўлса, бу рақамдан бир неча марта юқори бўлади.

Мактаблар вайрон қилиниши ва мактаб биноларига одамлар жойлаштирилиши оқибатида уч мингга яқин бола ўқиш жойисиз қолмоқда.

Биргина Ўш марказий касалхонасида зўрлаш оқибатида 17 кишининг нобуд бўлганини қайд этилган. Бу рақам 400 нафарга етиши мумкин.

(ДАВОМИ БОР).

%d bloggers like this: