Пулнора можароси
Лондонда дунёнинг 4та энг нуфузли “Жахон Мода хафталик”ларидан бири деб ҳисобланадиган “2013-бахор-ёз” мода коллекциялари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Жахон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, хафталикни очилиш маросими жанжал билан бошланиб, тўполон тадбир якунланишига қадар хали хам тўхтагани йўқ.
Бунга хафталикда таниқли дизайнер Гугуша хонимни ва у томонидан яратилган “Гули” брендини қатнашмаётганлиги сабаб бўлган.
Жанжални қисқа тафсилотлари қуйидагича. Ҳафталик очилиш маросимидан бир кун илгари тадбир ўтказилиши керак бўлган “Сомерсет-хауз” кўргазмалар саройига шахсан ташриф буюрган Британия қироллиги маликаси Кейт Миддлтон ташкилотчиларга “Менга энг аҳамиятли бўлган “Гули” кўргазмаларини кўрсатинг,” –деб илтимос қилган.
Британия мода кенгашини рахбари ва тадбирнинг энг катта ташкилотчиларидан бўлган сэр Пол Смит Малика-хонимни саволидан саросимага тушиб, “Биз Гугушага таклифнома жўнатган эдик, аммо мактубларимиз бежавоб қолди,” -деб ўзини оқлашга харакат қилган.
Улар орасида қуйидаги савол-жавоб(диалог) бўлиб ўтган:
Малика :
-Сиз менинг энг яқин дугонам ва энг буюк дизайнер Гугушани хафталикда қатнашишини таьминлай олмай, ўзингизни бундай тутуриқсиз жавобингиз билан Британия қироллиги обрўсига путр етказаётганингиздан хабардормисиз?
Пол Смит:
-Малика жаноблари, биз кўп харакат қилиб, Гугуша-хонимни хозирги кунлардаги манзилини топа олмадик. Бу масалада хатто Скотланд Ярдни хам ёрдамга чақирдик. Биздаги маьлумотлар кўра, хоним Гулнора Каримова номига берилган фуқаро паспорти билан 31-январ куни Бирлашган Араб Амирликларига ўзининг никоҳ тўйини ўтказиш учун кетган, сафар “Ўзбекистон хаво йўллари”га тегишли “Боинг-676 ” самолетида амалга оширилган. Тошкент аэропортида Гугуша-хоним ухлаб қолганлиги туфайли рейс 4 соатга кечиктирилган, бу нарса баьзи йўловчиларни эьтирозларига сабаб бўлган.
Гугуша-хоним қўриқчилари эьтирозчиларни баьзиларини самолетдан тушириб, бир-иккитасини эса яхшилаб дўппослаганларидан сўнг хамма тинчиб қолган. Шарджа шахрининг 7-юлдузли “Гаянэ-палас-Гаянэ” мехмонхонасининг ресторанида 2-3-феврал кунлари тўй тадбирлари бўлиб ўтган. Шундан сўнг Гугуша-хонимни ҳеч ким кўрмаган.
Малика:
-Гугуша тўйдан сўнг Авакян исмли дугонаси билан Арманистонга кетмадимикан? У ерга чартер рейси билан самолет жўнатмадингларми!
Пол Смит:
– Интерполни Арманистон бўйича мулозими Сержиянни бизга хабар қилишича, Гугуша у ерга борса, зудлик билан ҳибсга олинар экан.
Малика: – Тушунинг ахир! Бир нима қилмасак бўлмайди! Бутун дунёга шарманда бўламиз, мен қиролича жанобларига буни қандай тушунтираман?
Пол Смит:
Биз барча чораларни кўраябмиз. Гугуша-хоним бошқараётган Фонд-Форум ташкилотидан бизга хабар қилишича, мода ҳафталигида “Гули” брендини намойиш қилишни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси вакиллари амалга оширар экан. Фонд-Форум элчи жанобларига керакли кўрсатмаларни берибди.
Малика:
-Элчихонадагилар модада ҳеч нима тушунмаслигини билмайсизми? Уларнинг хаммаси КГБ аьзолари бўлса? КГБ дан дизайнер чиққанини эшитганмисиз? Буни устига элчихонадагилар нима ишни қойил қилгандилар экан, бу ишни эплай олсалар? Лекин Фонд-Форумдагилар Гугуша-хоним қаердалигини билишлари аниқ! Улар билан гаплашиш учун дипломатик каналларни ишга солиш керак!
Пол Смит:
– Ўзбекистон Ташқи ишлар Вазири А.Комиловни бизнинг Бош Вазир Ж. Кэмерон жанобларига берган маьлумотига қараганда, Фонд-Форум Ўзбекистонда ҳеч бир вазирликка бўйсинмаш эмиш! Нима қилишни хам билмай қолдим, мени кечиринг, айбдорман!
Малика: -Тушкунликка тушманг! Хали хам вақт бор! Гугуша-хонимни топмасак, “Мода ҳафталиги” савияси пасайиб кетади ва Британия обрўсига жиддий зарар келтирилиши мумкин! Британия обрўси эса биз учун муқаддас!
Олинган маьлумотларга қараганда, бу йилги кўргазмада “Гули” брендини қатнашмаслиги “Мода ҳафталиги”га жиддий зарар келтирган.
Гугуша-хонимни қидириб топиш бўйича харакатлари натижа бермагач, Британия Мода кенгаши раиси Пол Смит эгаллаб турган лавозимидан истеъфога чиққан. “Лондон мода ҳафталиги” қатнашувчилари ва томошабинлари сони кескин камайиб кетган.
Таниқли “Таймс” рўзномаси мода ҳафталиги ҳақидаги тайёрланган барча мақолаларни навбатдаги сонлардан олиб ташлаган. Гонконг биржасида фунт-стерлингни АҚШ доллари ва Еврога бўлган қийматининг пасайиши кузатилмоқда.
Хабарларни кузатишда давом этамиз. 2013-йил 20-феврал Тошкент шахри. М.Мансур.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Hajv, Uzbek |