Ўзгармаган мавзулар

Ҳамма гап танганинг жирингида

САВОЛ: Собиқ муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тошкентга борган “Америка овози”нинг мухбири Лиза МcАдамсга берган интервьюсида (бугун “www.cентрасиа.ру”да русчасини ўқидим) инсон ҳуқуқлари борасида оз бўлсада аммо тубдан ўзгаришлар бўлмоқда деган. Бу ҳақиқатнинг юзига тупуриш эмасми? (Дилмурод, 12 Июл).

ЖАВОБ: Ривоят қилишларича, Амир Темур ҳузурига уламолар келганда у олтин солинган халтачасини қўлига олиб, тангаларни жиринглатиб қўяр экан. Шундан кейин уламолар уни мақтай бошлар эканлар. Аммо Амир уларга олтинларни бермас экан. Бир куни маслаҳатчиси Мирсаид Барака “Уламолар ранжиб қолмоқдалар” деган экан, Амир “Нега ранжийдилар, мен уларнинг ҳақларига хиёнат қилганим йўқ, ҳатто олдиндан бериб қўяяпман. Бўпти бундан кейин бироз кўпроқ жиринглатиб қўяман. Аслида улар хизматларига яраша олмоқдалар” деган экан.

Ўзбекистонда ҳам ҳар сайлов олдидан шундай ҳолни кузатасиз. Ота-боболаримиз бекордан-бекорга “Путур кетса, аввал шайхдан кетади” деган эмаслар. Шайхлар, муллалар, умуман уламолар ана шундай бўлганлари боис мусулмон дунёси 14 асрдан бери зулм, яккаҳокимлик, диктатура маскани бўлиб қолмоқда.

Аслида адолатни, ҳақни айтишгина эмас, қаттиқ туриб ҳимоя қилиши керак бўлган уламолар “танганинг товуши”ни эшитиб, икки юзламачилк қилиб келаётганларини кўпчилик билади.

Бу ҳаёт. Кимдир ўз эътиқодига қарши иш қилиб қўяди. Кимдир ўз айтганларига қарши чиқади. Яна кимдир айтгани бошқа, қилгани бошқа бўлади ва ҳоказо. Йиллардир “Озодлик” радиоси орқали инсон ҳуқуқлари борасида ваъз айтиб келган собиқ муфти бирданига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида тубдан ўзгаришлар бор деса, бу унинг виждонига ҳавола. Аммо унинг жавобини мазкур суҳбатнинг давомида Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти(Ҳюман Райтс Ватч)нинг вакил Аллисон Гилл бериб қўйган.

Ғарбдан бориб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари учун курашаётган бу аёл амнистия билан қамоқдан чиққанларни яна қамашаётганлари, бу бир айланадиган эшикни эслатишини, бу ёқдан қўйиб юбориб, у ёқдан қайта ушлаб келишларини баралла, далиллар билан айтиб турганда ўзимиздан чиққан уламо аксини иддао этса, ажабланадиган жойи йўқ. Боримиз шу!

Собиқ муфти ҳали отда бўлган пайтларида ҳам сайлов олдидан чиқиб, Каримовни “Аллоҳнинг ердаги сояси, унга овоз беринглар” деб чақириқда бўлганди. Кейинги сайловлар олдидан ҳам ана шундай илиқ гаплари билан оғизга тушди. Бу йил ҳам сайлов бор. Балки “тангаларни жиринглатиб” қўйишган бўлишса не ажаб?!

Фақат у киши эмас, бошқалар ҳам, жумладан ўзини “мухолифатнинг фалончисиман” деб юрганлар ҳам сайлов олдидан ҳукумат билан ҳамкорлик қилайлик, деб турганда собиқ муфтини айбламасак ҳам бўлади.

Жаҳонгир Муҳаммад.

2004 йил

“Оқсаарой сирлари”.  jahonnoma.com.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Savol-Javob. Bookmark the permalink.