Сатира

19-феврал хабарлари

Давлат Божхона Қумитаси 2012-йил мобайнида аниқланган қонунбузарликлардан давлат бюджетига 52 млрд сўм маблағ туширгани ҳақида илгари хабар берилган эди . Жорий йилда Божхона иш унумдорлигини яна ҳам ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси республика ичидаги вилоятлар орасидаги чегара худудларда ҳам Божхона постлари ташкил қилиш хақида қарор қабул қилган. Шундай иморатлардан биринчиси Қамчиқ девонида ишга тушганлиги хабар қилинади.

16-феврал куни бўлиб утган бинони тантанали очилиш маросимида Поп ва Охангарон туманлари фаоллари, мехнат фахрийлари, хокимлик ва Божхона хизмати рахбарлари иштирок этдилар. Давлат Божхона қумитаси раиси Зохид Дўсанов кириш сўзида янги постни очилиши давлатимиз рахбари томонидан божхоначиларга кўрсатилаётган катта эьтибор ва ғамҳўрликнинг ёрқин ифодаси эканлигини таькидлади. Эндиликда девон орқали ўтаётган хар бир республика фуқароси ёнида ортиқча бўлган ўзбек сўми ёки чет эл валютасини бемалол бизнинг ходимларимизга ташлаб кетиши мумкинлиги, юртдошларимизга, айниқса чет эллардан ишлаб келаётганларга яратилаётган янги қулайликлардан бири эканлигини урғулади.

Божхона хизмати фахрийси Сайдазим Орипов ўз табрик нутқида эндиликда касбдошларини мехнат самараси яна хам юқори кўтарилишига йиғилганларни ишонтирди. Биз ишлаган вақтларда, дейди нотиқ, Ўзбекистон божхоначилари саноқли манбалардан, яни Тошкент вилоятидаги Черняевка, Андижон вилоятидаги Қорасув хамда Тошкент аэропорти божхона постларидан унумли фойдаланар эдилар ва бу постларда ишлаш учун доим узоқ навбатда туриш ёки таниш-билишчилик керак бўлар эди. Бунақа вилоятлар орасидаги серқатнов йўлларида жойлашган божхона бинолари етти ухлаб тушимизга хам кирмаган. Божхоначиларга яратилган бундай шароитлар учун юртбошимизга катта рахмат айтмоқчиман, дейди сўзини якунида мехнат фахрийси.

Сўзга чиққан Охангарон тумани ҳокими Иброҳим Расулов янги жамоага ютуқлар тилаб, пост фаолияти оёққа туриб олгунга қадар ходимларни металлолом йиғишдан ва пахта теримидан озод қилишини билдирган. Янги тайинланган жамоа рахбари Алишер Хамрабоев илиқ тилаклар ва табриклар учун нотиқларга миннатдорчилик билдириб, йигилганларни постдан ўтиш учун ўрнатилган “ставкалар” билан таништирди: -Йўловчилар ташиш билан шуғуланадиган автоуловларга – 500 сўм хар бир йўловчидан;
-Юк ташиш билан шуғулланувчи автоуловларга -2 500 сўм хар бир автоуловдан;
-Хужжатсиз ташилган юк учун -50 АҚШ долларидан бошлаб;
-Тўйга кетаётган ёки тўйдан қайтаётган артистлар учун -5 000 сўм ҳар бир артистдан;
-Чет давлатлардан қайтаётганлар учун -5 000 сўм ёки 2 шиша рус ароғи;
-Кўмир ташиётган автоуловларга – 10 000 сўм хар машинадан;
-Юқоридагиларга тўғри келмайдиган бошқа холатларда -ўзаро келишув билан.

Маросим қатнашчилари Ўзбекистон Президенти номига юборилган табрик матнини бир оғиздан қабул қилдилар.

Жорий йилда яна 5та янги Божхона постлари бинолари ишга тушиши режалаштирилган, деб хабар беради Ўзбекистон Давлат Божхона қумитаси матбуот маркази.
Хабарларни кузатишда давом этамиз. 2013 йил 19-феврал. Тошкент шахри. М.Мансур.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.