Мушоҳада

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Мустақилликнинг тўрт шартидан бири тилдир

Тил бир миллатни оёққа тутиб турувчи устундир. Тил йиллар ва асрлар маҳсули. Миллат бор экан тил бор, тил бор экан миллат бор.

Тарихчиларнинг ва тилшуносларнинг тадқиқотларига кўра, турк тилининг излари сумерлар даврига бориб тақалади.

Мелоддан аввалги 1800-йиллардаги Сумер матнларида уч юздан зиёд туркча калима мавжудлиги илмий тадқиқотлар билан асосланган.

Чунончи, “Девони луғати Турк”да англатилишича, Искандарнинг Туркистон истилоси замонида, яъни Мелоддан аввал 330-йилларда Хўжанд атрофидагилар туркча гапирардилар.

Чин, яъни Хитой манбаларида ҳам эрамиздан аввалги йилларда туркча калималар учрасада, илк туркча ёзув Мўғилистонда топилган олти сатрлик Чойир битигидир. Камина аскарликнинг бир муддатини ана шу жойда ўтаган. Лекин гап бу ҳақда эмас. Гап тил ҳақида.

687-690 йиллар орасида ёзилган бу битик –Чойир битигини турк тилининг ибтидоси дейиш мумкин.

IХ асрга келиб турк ёзуви Ўрта Осиё ҳавзасида кенг ёйила бошлади. ХI асрда эса, Қашқар атрофи турк маданият чеврасига айланди. Буни 1069 йилда Боласоғунда ёзила бошланган”Қутадғу билик” асари ҳам исботлайди. Орадан кўп ўтмай қаламга олинган “Девони луғатит Турк” гарчи Боғдодда ёзилган бўлсада, Қашқар муҳитининг асаридир. Турклар мусулмон бўлганларидан кейин ҳам икки юз – уч юз йил давомида ҳам ўз ёзувларини сақлаб қолдилар.

1070 йилда Маҳмуд Қашқарий “Турк ёзуви уйғур ёзувидир”, деганди. Ўшанда Маҳмуд Қашқарий туркларнинг йигирма қавми борлигини қаламга олганди. Ғарбдан Шарққа қараб, қўйидаги тарзда ифода этганди:  Бачанак, Қипчоқ, Ўғиз, Емак, Бошқирд, Басмил, Қайи, Ябақу, Татар, Қирғиз, Чиғил, Тоси, Яғма, Уғроқ, Чориқ, Чомул, Уйғур ва ҳоказо.

ХII асрга келиб, Турк ёзув тилининг маркази Орол кўлининг Жанубидаги Хоразм ўлкасига кўчди. ХII – ХIV асрларда эса Турк тили Олтин Ўрдада ва Қримда ривожланди. Зотан Алишер Навоий “Гар бир қавм, гар юз, йўқса мингдир, муайян Турк улуси ҳуд менингдир,” деб ёзганди.

Хуллас, русларнинг ишғолига қадар Она тилимизнинг номи Турк тили эди. Руслар Турк тилини ҳам парчалаб, бир неча номларга айирдилар.

Лекин шуни айтиш керакки, ҳеч қачон тил ривожланишини бир идорадан туриб бошқариш мумкин эмас. СССР даврида Компартия алифбомизни ўзгартириши ва ҳар қанча мудоҳала этишига қарамай, тилимиз ғариблашиб қолмади ёки бугун шиддат билан янги атамалар киритилар экан, тилимиз дарров бойиб ҳам кетган эмас.

Агар яқин тарихимизга назар соладиган бўлсак, мустақил бўлиб ҳам тилга ташқаридан туриб босқи қилишни тўхтатмадик. Эсингиздадур, мустақилликнинг илк йилида районларни “ноҳия” деб аташ қарори олинди. Орадан икки йил ўтгач, “туман” дейиш қарори чиқди. Ўртада қанча маблағ сарф бўлгани бошқа масала. Аммо халқ “район” деб гапиради. Худди шу ҳол “министр” калимасида ҳам юз берди. Аввалига “нозир”, кейин “вазир” дейилди. Халқ эса  “министр” дейди.

Биз гўё русча калималардан қутулмоқ истадик. Лекин русчани билган, форсчани, форсчани билган арабчани билмасди. Акс ҳолда “самолёт”ни “тайёра”, “аэропорт”ни “тайёрагоҳ” деб ўзгартирмаган бўлардик.

Айни пайтда биз она тилимиз Турк тилини ҳам билмаймиз. Чунки Туркчада бу калималарнинг мантиқан тўғри ифодалари мавжуд. Зотан, биз ўзгартирган ва ўзгартираётган калималар русча ҳам эмас. Кўплари халқаро терминалогиянинг умумкалималарига айланган.

Ўзбек тили Турк тилининг бир бўғинидир. Бу кашфиёт эмас. Биз бугун ҳайкаллар қўйиб, бобомиз деб улуғлаётган буюкларимизнинг гапидир бу.

Демакки, Турк тилини билмоғимиз, тил тарихини, сўзлар этимологиясини билмоғимиз, қайсилари туркча ва қайсилари туркча эмаслигини тадқиқ этмоғимиз, Туркистон деганда ғурурланиб, Она тилимиз Турк тили деганда, оғринишдан қутулишимиз керак.

Бугунги шароитда турк тили, турк ёзувид айри-айри ҳолда ўрганилиши мумкин эмас, уни бутун тарихимизга боғлаб ўргансаккина, самарага эришамиз.

Юқорида таъкидлаганимиздек, тилимизнинг асоси Ўрхун обидаларидадир. Бизда бугун бу обидалардаги ёзувлар у ёқда турсин, обидалар ҳақида тасаввури бўлганлар оз.

Тилимизни бойитмоқ истарканмиз, йиллар давомида халқ онгига сингган сўзларнинг устига чизиқ тортиб, ўрнига форсча ёки арабча сўзни келтириш эмас, балки боболаримиз меърос қолдирган улуғ ва ўлмас тилимизни ўрганишдан бошламоқ керак.

Зотан, мустақилликнинг тўрт шартидан бири тилдир. Ўз тилига соҳиб бўлолмаган миллат, ўз Ватанига ҳам соҳиб бўлолмайди.

(“Озодлик радиоси,  1997 йил, Август).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM. Bookmark the permalink.