Нурилла Остон

Бизникилар келишни ўйлайдилар, кетишни эса улар учун бошқалар ўйлайди

Ҳар бир халқнинг ўзига хос бўлган умумий тарздаги хислатлари бўлади. Масалан, гуржилар қадаҳ сўзини қотириб қўяди, французлар конякни боплайди, арманилар латифага уста бўлади, олмонлар вақтни қадрлайди, турклар пулни яхши кўради, туркманлар садоқатли бўлади. Ўрислар элликни отиб олса, “Ой мороз, мороз”ини бошлайди. Бошқа бир тоифа халқ бир-бирини ҳар куни алдаб турмаса-туролмайди.

Бухенвалд концлагерида ҳарбий асирларни етти тоифага бўлишган. Яшашдан умидини узиб, ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолган еттинчи тоифани “мусулманин” деб аташган. Бу тоифадаги асирлар тепки еса ҳам анграйиб қараб тураверар экан. Мусулмонларнинг хокисорлигига ҳатто фашист жаллодлари тан берган экан.

Бизнинг мусулмондай меҳнаткаш, мулозаматли халқ йўқ дунёда. Унинг яшаш тарзи дунё халқлари учун жумбоқ ёки ребусга ўхшайди. Бечора камбағал пул топиш учун мардикорликка ёлланиб туну-кун ишлайди, топган пулини кафтига туфлаб йиғади. Кейин топган-тутганини олиб келади-да, халққа данғиллама тўй қилиб беради-бир кунда ҳамма пулини совуриб, боз боягидай бармоғини шимиб ўтираверади.

Ўзбекнинг тўқиган ҳамма эртаклари “Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан”,-деб бошланади. Унинг бор ё йўқлигини, оч ё тўқлигини барибир аниқлаёлмайсиз. Оч бўлса ҳам меҳмонга мулозаматни боплайди. “Уйга киринг, ош тайёр!”-дейди. Аслида ўша пайтда уйида сичқонлар ноннинг урвоғини излаб, ҳасса таяниб турган бўлади.

Раҳбарларнинг менталитети ҳам шундай. “Бугун бор, эртага йўқ,-ўйлайди янги тайинланган бошлиқ.-Имкони борича газлаш керак!” Шунга яраша ҳар гал бошлиқ алмашганида янги бошлиққа ўз муносабатини билдирадиган уч-тўртта доимий лаганбардорлар бўлади.

-Ана энди вилоятимиз ўз эгасини топди,-дейди улардан бири.-Янги ҳокимни йўл созловчи сифатида биламиз. Энди йўлларимиз равон бўлади, ҳаётимиз фаровон бўлади. У киши фалон жойда ишлаганларида кўп йўлларни текислаб ташлаган эдилар…

Бошқалар бу пайтда сукут аломати ризолик, тарзида тиззасига салом бериб, тўртта одамнинг ҳамду саносига анграйиб ўтираверади. Уларнинг маъқуллаганини ёки норози бўлганини тушуниб бўлмайди. Ғайрати жўшиб кетган ҳоким равон йўллар қуради-ўз уйига қараб. Бири-биридан хушбичим фарангча бинолар қурдиради-ўзлаштириш учун. Ишламайди, лекин ишлаганга ўхшаб юраверади. Бевақт келган қазодай амалдан шармандаларча ҳайдалгач, янги раҳбар тайинланади. Бу гал битта одамга қўшилиб яна  ўша тўртта одам гапиради.

-Биз Фалончиевни яхши таниймиз. Оталари яхши одам эдилар, бирга ишлашганмиз. Униси ишончимизни оқламади-йўлларимиз ўйдим-чуқур бўлиб кетди. Энди вилоятимизга ижтимоий соҳанинг одами келди, халқимизнинг аҳволи яхши бўлади…

Ижтимоий соҳанинг одами ҳаммага зўр бериб китоб йиғдиради-шу билан кутубхоналарни тўлдириб, зиё тарқатмоқчи бўлади. Китоб йиға-йиға охирига етказолмай кетиб қолганини ўзи билмай қолади.

-Ана энди ҳокимга ёлчиймиз,-дейди кейинги сафар ўша одамлар навбатдаги сессияда.-Давлатимизнинг бош сиёсати иқтисод, иқтисодчи ҳаётнинг баланд-пастини билади. Олдинги бошлиқ китоб йиғдиравериб, ҳамманинг жонига тегиб кетган эди…

Иқтисодчи бошлиқ бюджетни ағдар-тўнтар қилиб ҳамма ишга пул топиб беради-у шунинг учун иқтисодчи-да! Қураверади, қураверади, охири нима қураётганини ўзи билмай қолади. Гулчи келиб ҳаммаёқни гулзор қилдириворади, қонунчи келиб адвокатлик фирмаларини кўпайтиради, агроном келиб ҳамма раисларни алмаштиради, олим келиб савод ўргатади…

Ҳар раҳбар алмашганида ўша тўртта одам бор маҳорати билан янги ҳокимни шундай мақтайдики , у беихтиёр ўзида йўқ хислатларни ҳис қилиб, елкасидан қанот ўсиб чиқа бошлаётганини сезади. Бир бало қилиб янги ҳокимнинг қанотларини ўстириб осмонга учиришади-да, кейин чўзма билан уриб туширишади…

Киришдан олдин чиқишни ўйла деган гап бор. Модомики бизда бир бор экан, бир йўқ экан, деган эртак мавжуд экан, ҳар бир одам мансабга келишидан олдин кетишини ҳисобга олиб қўйиши керак.

Лекин бу эшакнинг қулоғига танбур чертгандек гап. Чунки бизникилар келишни ўйлайдилар, кетишни эса улар учун бошқа одам ўйлайди.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s